September 23, 2020

Фан, тарих, ислом, мулоҳаза

#Фан

#Тарих

#Ислом

#Мулоҳаза

Ислом олимлари деганда ислом динини етук ва пухта ўрганган дин уламосини тушунишимиз керак. Улар хадисшунос ёки фиқҳшунос каби айнан ислом дини ва исломий тузумга тегишли соҳа вакиллари бўлиши мумкин. Улар ҳадис ва қуръонга қараб қандай яшаш, қандай кун кечириш, қандай ибодат қилиш, қандай кийинишдан тортиб қандай байрам нишонлашгача бўлган маиший турмуш тарзини, бундан ташқари давлатни қандай бошқариш, уруш ҳолатида қандай йўл тутиш, қандай ҳолатда юриш қилиш, ҳўжалик ва бозор муносабатини қандай қуриш, савдо, қарз масалалари, суд ишлари, нафақа, солиқ, маош тўлаш қоидалари, қандай қурбонлик қилиш, қандай таом ейиш, қандай ҳукм чиқариш каби ижтимоий-сиёсий қонун қоидаларни ишлаб чиқишади. Қисқа қилиб айтганда ШАРИАТ бу турмушнинг майда икир-чикирларидан тортиб энг катта сиёсий масалаларгача ўз кўрсатмаларини бериб ўтган қонун-қоидалар мажмуи. Шариат шахс ва жамият муносабатларини белгиласа, Тавҳид мана шу Ислом динининг қоидалари асоси ҳисобланади. Бундай қоидаларнинг қадимдан бугунги кунгача бир неча юзлаб версиялари ишлаб чиқилган бўлиб, Ислом шундай қоидаларидан бири холос. Бундай қоидаларга амал қилиш, бўйсуниш учун аввало бу қоидаларга одамлар ишонишлари керак. Энг қадимда бундай қоидаларни ибтидоий инсонлар ишлаб чиқишган. Аммо улар вафот этиб кетишгач жамоаларда улар айтиб ўтмаган янги муаммолар юзага келган. Бу муаммони ечай деса уни ечадиган оламлар эса вафот этиб кетишган. Кейин жамоларда тартибсизликлар юзага келган. Ана ўша вазиятда бу муаммони ҳал қилиш учун аждодлар руҳлари билан "гаплаша оладиган" шаманлар катта саҳнага чиққан. Улар муаммонинг ечимини гўёки ўлиб кетган қоидашунос аждодларидан "сўраб" билиб олишган. Шу тарзда муаммоларга ечим топилган. Кейинчалик шаманлар мурожаат қилиб сўраладиган, ёки аниқроқ қилиб айтганда шаманларга муаммоларни қандай ечишни, қандай яшашни ўргатадиган "аждодлар руҳлари" ХУДОЛАРга айланишган.(шунинг учун қадимги политеистик динларда одамлар худоларнинг болалари дейилган, шунинг учун иккита қабила сулҳ тузса уларнинг Худолари, яъни аждодлари бир-бирига "уйлантириб" қўйилган. Хаттоки Тавротда ҳам сизлар Эгангизнинг фарзандларисиз (Қонунлар 14:1) дейилган, Инжилда эса Исо худони осмондаги отам деган. (Бундай аждодлар ва шаманлар ҳалигача мавжуд). Хуллас, шунинг учун агар кимдир янги қоида таклиф қилса бунга осмондан худолар юборган бўлиши шарт эди. Йўқса ҳеч ким бу қоидаларни тан олмасди ҳам, амал ҳам қилмасди. Исломга қайтадиган бўлсак, Муҳаммад олиб келган қоидалар Мусо олиб келган қоидалардан деярли фарқ қилмайди. У турли расво амаллар қиладиган, номлари жудаям кўп бўлган, хар бир ишга, хар бир табиат ходисаси учун алоҳида масъул бўлган юзлаб худоларга сиғинадиган, ўқиш ёзишни билмайдиган, табиат ходисаларини тушунмайдиган жоҳил, оми халқ ичида, аммо зиёли хонадонда дунёга келди ва катта бўлди. Унинг узоқ амакиваччаси Варақа ибн Навфал сургундаги насронийлардан таълим олган, ва ўз навбатида Муҳаммадга ҳам таъсир ўтказган. Муҳаммад савдо ишлари билан Сурия, яхудия ва бошқа жойларда бўлиб келган ва у ерлардаги яккахудолик билан танишган. Ўз юртидаги жоҳиллик, номлари эсда қолмайдиган даражада кўп бўлгани учун қийинчилик туғдирадиган худолар ва ўзи четда кўрган нисбатан анча осон ва маданиятли бўлган яккахудоликни солиштириб кўради ва тарқоқ араб қабилаларини бирлаштиришни, уларни ҳам чет элдагилар каби маданиятли қилишни хоҳлаб қолади. Бу йўлда ўзи кўрган ва ўрганган яхудий ва насроний динларидан фойдаланади. Марказлашган ва бирлашган давлат тузишда эски динлардан фойдаланади, аммо муаммолар пайдо бўлади. Биринчи навбатда одамлар эски бут ва худоларидан воз кечиши керак ва ягона худога сиғинишлари керак. Бунда ягона худо сифатида арабларнинг энг олий худоси бўлмиш Аллоҳни танлаб олади. Аммо унинг қизлари ҳам бор эди. (Улардан воз кечиш йўлларини кейинги постларда баён қилинади.)

Хуллас араблар учун Муҳаммад янги қоидаларни жорий қилишда аввал яхудий ва насроний кишилардан фойдаланади. У таврот ва инжилда янги пайғамбар келиши ҳақида башорат борлигига ва ўша пайғамбар ўзи эканлигига уларни ишонтиради. Араблар ҳам ўта содда ва жоҳил бўлгани учун ҳар қандай аргументига жавоб бера олмай уларни қабул қилиб кетаверишарди. Ҳар қандай нарсани ақли етмагани учун мўжиза сифатида қабул қилаверишарди. (Ваҳоланки юнонлар, ҳиндлар сурёнийлар учун муҳаммад келтирган аргументлар аввалдан маълум бўлгани учун кулгили туюлган бўларди). Муҳаммад тўла тўкис таврот ва инжилнинг ўзинигина қонун қилиб қўя олмасди. Шунинг учун арабларни ва форсийларни ишонтиришда уларнинг динидан баъзи ритуалларни қабул қилган: каъбани тавоф қилиш, 5 вақт намоз ўқиш, рўза тутиш... Хаттоки Лот, Уззо ва Манатларни ҳам қабул қилиб юборган ва кейинчалик воз кечган.

Мана, ислом аслида ижтимоий-сиёсий эҳтиёж сабаб вужудга келган эски қоидаларнинг янгича кўриниши эканлигини қисқачагина кўриб чиқдик. Энди тўғридан тўғри Ислом олимларига қайтамиз. Ислом олимлари юқорида кўриб чиққанимиз шаманлардан ҳеч қандай фарқи йўқ. Улар эски қоидалар асосида эски даврда мавжуд бўлмаган янги муаммоларга янги ечим сифатида янги қоидалар ишлаб чиқувчи шаманлардир. Ва уларнинг илм-фанга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Эҳтимол улар "илм-фанга тўсқинлик қилмайдиган", "фанга тўсқинлик қиладиган нарсаларни бекор қиладиган" қоидаларни ИШЛАБ ЧИҚИШЛАРИ, қуръон ва хадисларни замонавий илм-фанга мослаб ТАФСИРЛАШ ВА ШАРҲЛАШЛАРИ мумкин, аммо улар тўғридан тўғри илм-фанда ҳеч қандай янгилик яратмайдилар ҳам, ҳисса ҳам қўшмайдилар. Эҳтимол улар илм-фанда янгилик яритишлари мумкин, аммо бунинг исломга ҳеч қандай алоқаси бўлмайди. Чунки қуръон ва ҳадисга қараб ҳеч ким машина, кема, дастур, ўсимликнинг янги нави, ҳайвоннинг янги тури, адабиётдаги янги жанр, шеъриятдаги янги вазнни яратолмайди, коинотдаги янги галактика, янги сайёра, янги юлдуз, қушларнинг янги тури, табиатнинг янги ҳодисаси, сайёрадаги оролни кашф этолмайди. Буларнинг барчаси илм-фан ва буларнинг барчасини кузатиш, лабораторияда соатлаб меҳнат қилиш, экспедицияда ойлаб умр ўтказиш, тинимсиз изланиш орқалигина олиш мумкин. Албатта буларнинг барчасига маблағ ва шароит яратиш керак. Сиз айтишингиз мумкин, ислом шу маблағ ва шароитни яратиб беради деб. Аммо ўйлаб кўринг, боланинг илмли бўлишига асосий ҳиссадор деб аталишга ким кўпроқ ҳақли: болага шароит қилиб берган ота-онами ёки боланинг устозими? Аниқроқ қилиб айтганда болага ким илм-фанни ўргатди: боланинг отасими ёки устози? Математик олимни ким олим қилди дея олиш мумкин: санашни ўргатган бошланғич ўқитувчисими ёки институтдаги профессор домласими? Шундай қилиб сиз Ислом олимлари деб атайдиган олимларни илм фан одами деб атайсизми ёки ҳалиям ислом олимлари дебми? Сиз фаҳрланиб атайдиган ўтмишдаги ислом олимлари қуръон ва ҳадисларни ўқиб олим бўлишганми ёки араб тилига ўгирилган юнон ва ҳинд олимларининг китоблариними? Бизку исломнинг илм-фанга яратиб берган шароитларини тан оламиз, аммо сиз ўтмишда жуда кўплаб мусулмон халқи ва уламолари ўша олимларини кофир деб эълон қилиб, тошбўрон, қатл ва сургун қилишганини тан оласизми? Албатта улар исломдан қочиб исломга боришган дерсиз, аммо бу дунёда олимларга шароит яратиб бериш фақат исломда бор демассиз? Оддий бир инсон танасини расм қилиб чизишнинг ўзини ҳам таъқиқланганини тан оларсиз? Дин нафақат шароит яратиб бериши, балки тўсиқ ҳам қўйиши мумкин: Бруно ер юмалоқ дегани учун эмас, динни тан олмагани учун еретик дейилган ва ўтда ёқилган, Ибн Сино Аллоҳга куфр келтиргани учун кофир дейилган ва қочиб юрган. Илм-фан эса диндан фарқли ўлароқ чексиз ва тўсиқлар қўймайди. Айтиш жоиз бўлса у худодан ҳам чексизроқ. Ҳеч ким бирор олимни дини христиан бўлгани учун христиан олими ёки яхудий бўлгани учун яхудий олими демайди. Сиз ҳам ислом олими дейишни бас қилинг. Илтимос, бу ҳақда чуқур ўйлаб кўринг.

@anti_ateis