Tarix
February 20, 2021

Tуркларнинг мусулмонлаштирилиши

(O'qish uchun 10-15 daqiqa)

© Умар Малик

Туркларнинг мусулмонликни қабул қилишлари ҳақида нималарни биламиз?

Бу борада ўзимиз билган баъзи маълумотларни айтиб ўтмоқчимиз. Чунки, Туркларнинг мусулмон бўлишлари ҳақида на мактабларда, на тарих китобларида етарли маълумот берилмайди. Бериладиган маълумотлардан эса Туркларнинг оммавий мусулмон бўлганликларига ишора этилади. Аслида бу ҳақиқат эмас. Ҳақиқатнинг фош бўлишини эса истамайдилар.

Қаранг Диёнат (бошқармаси) бу хусусда нима дейди:

“Туркларнинг ислом динига кириши, Турк миллатининг тарихида жуда катта ўзгариш ясади, мусулмонлик учун яхши имкониятлар пайдо бўлди. Турклар ислом динини ҳеч қандай зўрликсиз, ўз истаклари билан қабул қилишган эди. Бунинг сабаблари қуйидагилардир:

1. Ислом дини ва ислом маданиятининг устунлиги.

2. Ислом келмасдан олдин Туркларнинг олдинги диний эътиқодларини исломий эътиқодга яқин эканлиги ва ислом олиб келган юксак принципларни Турк миллати руҳига ва маънавиятига уйғун келганлиги”.

“”Ҳеч қандай зўрликсиз” ифодаси катта ёлғондир. Буни қуйидаги ҳужжатларни охиригача ўқисангиз ўзингиз иқрор бўласиз.

Турк, Турон борасида сиёсат юргизганларнинг бу борада олиб борган ҳақиқий изланишлари эътиборга сазавордир. Турк ўлароқ Турклар тарихда дуч келган энг катта даҳшат ва ваҳшийликларни сўзлаб бериш жуда оғирдир.

Қуйидаги маълумотларга Табарий ва Закариё Китобчи каби ислом тарихчилари ва ёзувчилари асарлари асосида тартиб берилди.

Исломни Туркларга зўрлик билан қабул эттирилиши 670 йилдан бошланиб 740 йилларга қадар давом этиши тарихи мактабларда ўқитилмагани сабаблари ҳақида бу қисқа ҳикоялар ёрдамида билиб олишимиз мумкин. Шундай қилиб, 70 йиллик бу тарихга назар ташласак…

Мусулмон Арабларнинг Туркларга илк босқини

Жайҳун ва Сайхун дарёлари орасидаги ўлка Ипак йўли устида жойлашган. Турк бекликлари бу ўлкадаги Бухоро, Самарқанд, Бешкент, Бойкент каби шаҳарларда ўтроқ яшар, бу ерда улар тижорат юритишар, деҳқончилик қилишар, пахтадан ясалган маҳсулотларни сотар ва яхши фойда кўрар эдилар. Улар ўз маҳсулотларини сара олтин ва маъданларга айирбошлашарди.

Ўз гўзаллиги билан номи бой шаҳар маъносини берувчи Самарқанд бойликларини у замонларда номи тилларда достон бўлганлиги ҳақида сўзлайдилар. Бу бойликлар Талончи Арабларнинг иштаҳасини қитиқласада, улар Турклардан чўчишар, ўртада чегара каби узанган Сайҳун дарёсини кечиб ўтмоққа ўзларида жасорат топа олишмасди. Чунки, бундан олдин Халифа Усмон замонида, Муҳаммад бин Жарир қўли остидаги араблар исломни ёймоқ баҳонасида 2700 кишилик қўшин билан Фарғонага қадар келгач Турклар томонидан қириб йўқ қилинган эди. Ундан кейин Муовия тарафидан Жайҳун дараёси бўйидаги Хуросонни тамоман ишғол этилиши ортидан у ўлкада илк марта араблаштириш ва исломлаштириш амаллари бошланиб кетди.

Бухоронинг таланиши

Хуросонни ўзлари томонидан батамом ишғол этилишидан қувватланган араблар, 673 йилда Муовиянинг Хуросондаги дастлабки волийси бўлган Убайдуллоҳ ибни Зиёд бошчилигида бу сафар 24 000 кишилар қўшин билан Жайҳун дарёсини кечиб ўтиб Қубач Хотун бошқараётган Бухорони қуршаб олади. Қубач Хотун бошқа Турк бекликларидан ёрдам сўрасада, бу ёрдам унгача етиб келмайди. Араблар аҳолиси шаҳардан чиқиб кетган Бухорони ишғол этолмасаларда талон -тарож қиладилар. Шундан сўнг Муовиянинг Хуросондаги иккинчи волийси, Халифа Усмоннинг ўғли Сайид ҳам Бухорога бостириб киришга ҳозирланади. Турк бекликларидан ёрдам келмаслигини англаб етган Қубач Хотун Саййид билан шартнома тузиш мажбуриятида қолади. Бу шартномага кўра, Қубач Хотун Саййиддан бошқа Турк бекликларига қарши урушда қатнашмаслик учун кафолот хати олади ва бу кафолотга гаров сифатида Бухородаги Турк асилзодаларини унга қўшиб беради. (Гаровга берилганлар сони тарихчиларга кўра 50 тадан 80 тагачадир-таржимон).

Бу шартномадан роҳатланган Саййид ўз бойликлари билан танилган Самарқандга қараб от солади. Самарқандни бошдан оёқ талон -тарож қилади ва қўлга олинган минглаб Турк ёшларини қул бозорларида сотмоқ учун Хуросонга олиб кетади. Саййид бироз вақт ўтгач Қубач Хотундан гаров сифатида олган 80 нафар асилзодалар томонидан қилич билан чопиб ўлдирилади. (Саййидни ўлдирганларидан кейин қочиб кетган Турклар дашту биёбонларда адашиб очиликдан ўлганликлари ҳақида ривоят қилинади).

Саййиддан кейин Салим бин Зиёд Хуросон волийси бўлди. Хуросон ўша пайтда Муовиянинг ўғли Язид қўл остида эди. Зиёд ҳам 680 йилда Туркларни исломлаштирмоқ ва шаҳарларини талаш учун бостириб киради. Бу сафар унинг қўшинлари Турклар тарафидан қўршаб олиниб, уларни қуроллари тортиб олинади. Шундан сўнг араблар янада кучли қўшин билан қайтадан бостириб киришади ва Туркларни талон – тарож этадилар. Бу талондан ҳар бир араб 2400 дирҳамдан пул олади. (Бир қулнинг нархи ўша пайтда 300дан 500 дирҳамгача бўлганлиги ҳисобга олинса, бу сафар олинган ўлжалар одам бошига 7 ёки 8 қулга тўғри келади).

Ҳажжож ва Рутбил

Исломни ёйилиши илк марта 685 йилда Абдумалик томонидан бошланган эди. Абдумалик исломлаштиришда ислом тарихида қон тўкувчи золим номини олган Ҳажжожни ўзига ёрдамчи қилиб олиш билан бошлади. Абдумалик унгача кўчманчи халқлар тилини араблаштирганди. Хирож жорий қилинмасдан олдин баъзи ҳақлари қабул қилинмаган ғайридинларга солиқ солинди. Бу орада Ҳажжожни Ироқ бош волийлигига раҳбар этиб тайинади. Ҳажжожни Ироққа бош волий этиб тайинлагандан кейин у Турк ерларига дастлабки босқинчиликларини бошлади. Ҳажжож дастлаб Убайдуллоҳ ибн Бакрини Сижистонга, Муҳаллиб ибн Абу Суфрани Хуросонга волий қилиб юборди.

У пайтларда Сижистоннинг Турк ҳукмдори Рутбил эди, у арабларга солиқ тўлаб келарди. Ҳажжож бу билан қаноат қилмайди, Убайдуллоҳни Рутбилнинг ҳузурига юбориб, уни тўла таслим бўлишини истайди. Рутбил олдинига бу таклифни қабул қилишни хоҳламади. Шу сабабли Убайдуллоҳ Рутбилга қарши урушга чиқади. Рутбил 18 фарсаҳ орқага чекиниб Убайдуллоҳ ва унинг қўшинларини қуршаб олади. Убайдуллоҳ Рутбилдан қутулмоқ учун 700.000 дирҳам таклиф этади, бироқ Рутбил қабул қилмай, араб қўшинларини тору мор этади. Бундан қаттиқ ғазабланган Ҳажжож 40.000 кишилик катта қўшин тўплаб, Абдураҳмон ибн Эъзоз аскарларини Рутбилга қарши юборди. Рутбилни енголмаслигини англаган Эъзоз, бу сафар у билан келишув йўлига ўтади.

Бу воқеаларни эшитган Ҳажжож беҳад ғазабга келади, Эъзозни қўллаш учун кўмак юборсада, Эъзоз қўшинлари пороканда бўлади ва қолган – қутган аскарлар Басрага қараб чекинади. Эъзознинг қўшини енгилади ва унинг ўзи Рутбилдан паноҳ истаб унинг ҳузурига боради. Ҳажжож Эъзозни ўзига топшириши учун Рутбилга таҳдид этади. Бермаган тақдирда катта қўшин билан бостириб боражагини ва бутун Турк шаҳарларини хароб қилажагини, агар берса ундан 7 йил ҳеч қандай солиқ олмаслигини айтади. Турк шаҳарларини қайтадан уруш ичида қолишини истамаган Рутбил 7 йил солиқдан озод этилишини кўзлаб Ҳажжожнинг бу таклифини қабул қилади, Эъзоз ва яқинларини Ҳажжожга топшириб юборади. Рутбил бу ишни бекор қилганини кейинчалик тушуниб етганди.

Ҳажжож Рутбил Эъзозни топширганидан сўнг дарҳол янгидан қўшин тузиб 699 йилда Муҳаллиб бин Абу Суфён аскарларини Турк шаҳарларига йўллайди. Араблар Хўжандни, Кеш, Суғд ва Насафни қўлга киритсаларда Турклар қаршилик қилмайдилар. Хуросон волийлигига Муҳаллибнинг ўғли Язид келади. Язид ибн Муҳаллиб ҳам Турк шаҳарларини талайди. Язеднинг жангчилари Хоразмда қўлга олинган Туркларнинг бўйинларига тамға босиб қул бозорларида сотадилар. Бу орада араблар Турк юртларини истило этиб, шаҳарларни таласаларда бирор устунликка эга булмайдилар, қайтанга улар кетгани замон Турклар қайтадан ҳокимиятни қўла олаверадилар.

Қутайба ибн Муслим

705 йилда Абумалик ўлдирилиши сабабли халифаликка унинг ўрнига Валид ўтирди… У Турк тарихини яхши биладиган Қутайба ибн Муслимни Хуросонга волий этиб сайлайди. У замонга қадар омади кулиб боқмаган араблар Валид замонида Турк юртларида доимий ғалабаларни қўлга кирита бошлайдилар.

Туркларни қиличлар ёрдамида мусулмонлаштирила бошланиши Қутайба замонида бўлди. У волий этиб сайланишидан бошлаб Турк ерларини бутунлай ишғол қилиб, исломлаштирмоқ учун кучли бир қўшин туза бошлади. Марвда барча аскарларини тўплаб, “Аллоҳ динимизни азиз бўлмоғи учун сизга бу тупроқни (Туркистонни-тарж) ҳалол қилди”, дея уларга хитоб этди. “Ёлғиз Аллоҳнинг дини қоим бўлганга қадар улар билан курашинг” ёда “дин тамоман Аллоҳники бўлгунга қадар улар билан курашинг” оятларини жангчиларига эслатиб, Араб қўшинини Турклар томонга даъват қилди.

Қутайба дастлаб Бойкентни қуршаб олди…Бошқа бекликлардан Турк жангчилари Бойкент аҳолисига ёрдамга келдилар. Уруш икки ой давом этди. Қутайба тўла ғалаба қозона олмагач Туркларни хирож тўлаб туриш шартномаси тузишга даъват қила бошлади. Шаҳар қуршовдан озод қилинди, аммо шаҳарга кирган араблар шартномага амал қилмай шаҳарни бир қисмини эгаллаб олдилар. Шаҳарни ажратиб олишар экан, у ерга бир гарнизон аскарни жойлаштирдилар. Бошларига нима тушиши мумкинлигини англаб етган Турклар оёққа тура бошладилар ва келгиндиларга қарши қуролланган мужоҳидлар бирлигини ташкил қилдилар. Шаҳарда талотўм бошланади. Шундан сўнг Бойкентга қайтиб келган Қутайба қуролланган кимса бўлсин ҳаммасини қиличдан ўтказишга буйруқ берди. Аёлларни ва болаларни асир олди ва шаҳарни бошдан оёқ ғарот қилди.

Табарийнинг ҳикоя қилишича, Қутайба қўлга киритган бойликларининг ҳадди – ҳисоби бўлмаган. Табарий, Қутайба бутун Хуросонни ишғол этганда ҳам у бу қадар кўп бойликларга эга бўлмаганини айтади. Шаҳарни ишғол қилгач, ўша пайтда Хуросондан Марвга келтирилган араб оилаларини олиб келиб Бойкентга жойлаштирадилар. Қўриқлаш қисмлари ташкил этилади. Волийликдан солиқ йиғувчига қадар араблардан тайинланади. Туркларнинг Буддавий ва Оташпарастлик динига ишонувчиларнинг барча рамзий ҳайкаллари йўқ қилинади. Қаршилик қилганлар ўлдирилади, олтини борларнинг бор бойликлари араблар томонидан ҳалол дея тортиб олинади. Улар Аҳфол сурасида ёзилгани каби, арабларга Аллоҳнинг бу берганлари ҳалол деб билишар эди. Ундан сўнг асир олинган аёллар ва болалар ўз хўжаларига ёки ота-оналарига қайтадан сотилди. Мусулмонлар Бойкентлик Туркларнинг нималари бўлса тортиб олдилар, шаҳарни қайта қуриш ишлари яна Туркларга қолди.

Бундан кейин тамоман ишғол этилиб мусулмонлаштириш навбати Бухорога келганди…

Бухорони такрор ишғол этилиши ва илк Турк қатлиоми

Қутайба Марвда катта тайёргарлик кўрарди… Ўша пайтда Бухоро ва Вардона бекликлари ўртасида зиддиятлар бор эди. Мусулмонларга қарши мужодала этмоқ учун бу зиддиятларга дарҳол барҳам берилади ва Вардон Худот Қутайбага қарши бирлашган Туркларга бош бўлади. Қутайба олдин Нумускент ва Ромитонни эгаллаб олади ва қолган жойларни осонлик билан истило этади. Турклар Вардона учун кураш олиб боришади. Вардона жанги бой берилади, Турклар Бухорога қараб чекинадилар. Қутайба ҳам урушдан чарчаб Марвга қараб йўл олади. Ҳажжож буни омадсизлик дея қабул қилади ва Бухорони тамомила фатҳ этмоқни Қутайбага амр этади.

Қутайба катта тайёргарлик билан бир мунча вақт ўтиб такрор Бухорога ҳужум қилди. Турклар чекиндилар ва Қутайбага омад кулиб боқди. У шаҳарни қамал қила бошлайди. Қутайба ҳар бир Турк боши учун аскарларига 100 дирҳамдан пул ваъда қилади. Пул ҳирси билан ғайрат отига минган араблар шаҳарни истило этадилар. Қаршилик кўрсатган барча Турклар қиличдан ўтказилиб, қатлиом қилинади. Араблар Турк аёлларига тажовуз қилдилар, аёлларни ўзларига хотин ва жория қилмоқ ёки қул бозорида сотмоқ учун ўзаро бўлишиб олдилар. Минглаб эркакларни қул қилиб сотмоқ учун саралаб олдилар. Арабларга қарши курашган кишилар қатл этилади. Бошқа бекликларда қаршиликлар бўлсада, Бухоро маликаси Хотуннинг ўғли Тўғ Сад қўғирчоқ ҳукмдор этиб тайинланади.

Туғ Сад тарихи хоин бир раҳбар ўлароқ кечади. Кейинчалик у мусулмонликни қабул қилиб, ўғли исмини раҳнамоси Қутайба номи билан аташини эълон қилади. Бундан илҳомланиб ўз мавқеини мустаҳкамлаб олган Қутайба ерли аҳолини исломлаштиришни бошлайди. Бухоро халқи ташқаридан мусулмон бўлгандек кўринсаларда бу динни қабул этишни истамасдилар.

Қутайба Туркларни аслида мусулмон бўлмаганликларини, уйларида ислом қоидаларини тадбиқ этмаганликларини англаб, яна бир тадбир ўйлаб топади. Бу тадбирга кўра, Турклар уйларидан арабларга жой берадилар ва шу шаклда улар назорат остига олинадилар. Ислом қоидларига амал қилмаганлар эса оғир жазоларга маҳкум этилади. (Бугун баъзи ислом тарихчилари бу келтирилган қоидалар исломни Турклар тарафидан қабул этилишига яхши фойда берганини очиқ ифода этмоқдалар).

Қутайбанинг бу зўравонлиги натижасида халқ ичида норозиликлар пайдо бўлган. Одамлар яширин қуроллана бошлашади. Бунинг оқибатида араблар масжидларга қуролсиз келмайдиган бўлдилар. Қутайба босқинчиликни кучайтирди, қасоскорлар раҳбарларини якка ҳолда тутиб ўлдиртира бошлади. Бу орада халқ бошига янги ўлпон-солиқлар солинди. Ерли халқ Халифа хазинасига 200.000 дирҳам, Хуросон волийси Ҳажжожга эса 100 00 дирҳам тўлашга мажбур эди.

Бундан ташқари Араб аскарлари отларига ем бериш, шаҳарга келтириб жойлаштирилган араб оилаларини ўтин билан таъминлаш ва уларга ажратилган ерларда ишлашга ҳам мажбур эдилар. Аёллар ва қизлар арабларга қул қилиндилар. Бухоро Турклари бу йилларда дунёдаги энг кам сонли миллатлар каби азоб ва истиробда яшар эдилар. Қутайба келтириб Турк ерларига жойлаштирган араблар Туркларни уй-жойларини тортиб олишар, ерларига эга чиқишар, уларнинг ўзларини шу ерларда ишлатишарди.

“Якка – ягона ислом дини қарор топгунича курашинг” деган оят араблар Туркларнинг устидан фойда кўрадиган бир муҳитни яратди. Аллоҳ дини дейилган ислом, Анзоб сураси, 50 оятда келганидек, урушда мавҳ этилган Турклар қизларини асирга олинишлари ва арабларга қул этилишини ҳалол қилади. Жума намози ҳам зўрлик билан ташкил этилади. Турклар босқинчиларга рағбат кўрсатмас эдилар. Шу сабабли Қутайба намозга келганларга 2 дирҳамдан пул бериш ваъдаси билан исломни ёйиш учун курашади. Бу тадбир яхши натижа бера бошлади. Қашшоқ ва бечора халқ ичидан пул учун масжидга келадиганлар кўпая бошлайди.

1. Буюк қатлиом (Толеқон қатлиоми)

Бухорода бўлган воқеалар бошқа Турк бекликларини қаттиқ хавотирга сола бошлади. Улар айни воқеалар ўз бошларига келишидан қўрқиб қолишган эди. Турк малики Найзек Тархон ўз шаҳрини сақлаб қолиш учун Қутайба билан келишиш мажбуриятида қолди. Бу келишувга кўра Тархон товон тўлайди ва бетараф қолди. Унинг бетараф қолиши ва Туркларнинг бирлашмагани араблар ишларини қулайлаштирди ва улар Турк бекликларини истило қилиб, бойликларини талон – тарож эта бошладилар. Биринчи бўлиб Қубач Хотун бошқа бекликлардан ёрдам етиб келгунча енгилди, унга ёрдам берганлар ҳам айни ҳолатга тушдилар.

Ўша пайтда Туркларнинг аниқ бир мақсад йўлида бирлаша олмагани, уларни араблар томонидан истило этилишларини осонлаштирди. Найзек Тархон кейинчалик Қутайба билан тузган келишуви хато бўлганини ва бу келишувнинг ўзига бирор фойдаси бўлмаганини англаб, бу ҳақда бошқа Турк бекликларига билдиришни ўйларди. Тоҳаристондаги барча Турк бекликларига мактуб ёзиб, уларни бирлашишга чорлади. Дастлабки ижобий жавоб Толеқон (Бу шаҳар Бухоро яқинида хароб қилинган Бойкент шаҳри бўлса керак – тарж) малики Шеҳракдан келди.

Тархоннинг режаларидан хабар топган Қутайба Балх шаҳрида яхши тайёргарлик кўриб, баҳорда катта қўшин билан Толеқон шаҳрига қараб юради. У пайтга қадар уруш ҳозирлигини кўрмаган Толеқон шаҳри малики Шеҳрак Қутайба келишидан анча олдин шаҳарни тарк этган эди. Шаҳарга жангсиз кириб келган Қутайбанинг одамлари яроғ ушлашга қодир бўлган барча эркакларнинг ҳаммасини қиличдан ўтказишди. Бу қатлиом ўша пайтгача бўлган қатлиомларнинг энг каттасидир.

Қутайба бу қатлиомни бошқа бекликлар ўрнак олсинлар учун қилган эди. Қутайба аскарлари маҳаллий халқ вакилларини ўлдирганларича ўлдирдилар, тирик қолганларни эса Толеқон йўли бўйлаб қад ростлаган дарахтларга осдилар. Бу йўлнинг 4 фарсаҳ (24 км) масофалик қисми Туркларнинг дарахтларга осилган жасадларига тўлган эди. Толеқон қатлиоми арабларнинг ўша пайтгача қилган энг катта қатлиоми ўлароқ тарихга кирди. Халқ мусулмон арабларга қарши курашмаган бўлсада, Қутайба аскарлари 40. 000 га яқин кишини қиличдан ўтказган эди.

Бу воқеалар ислом тарихи саҳифаларидан жой олган. Қутайба Толеқон қатлиомидан сўнг Суманга юриш қилади, бу ерда ҳам эркакларнинг кўп қисмини ўлдиртиради, аёллар ва қизларни қул қилиб олади. Қутайба Кеш ва Насаф шаҳарларида ҳам айни ишларни давом эттиради. Эркаклар ўлдирилади, Турк аёллари ва қизлари арабларга қул қилинади.

Шундан сўнг араблар Фарёбга йўл оладилар, бу шаҳарни ҳам таслим бўлишини исташади. Фарёб халқи бошларига нима тушишини билганлари ҳолда таслим бўлиш шартини қабул қилмайдилар. Шу сабаб бўлиб ўтган жангда аксар эркаклар ўлдирилади. Бутун шаҳар ёқиб юборилади. Араблар бу шаҳарни “ёқиб юборилган” деган маънода Муҳтарака дейдилар.

Қутайба Фарёбдан сўнг Тархон чекинган қалъа – Баргузни қуршаб олади. Икки ой давом этган қамалга қарамай қалъа забт этилмайди. Бу орада қиш яқинлашиб қолган эди. Қутайбанинг қишда жанг қилишга мадори етмасди, қалъа ичидаги Туркларнинг ҳам озиқ-овқатлари тугаб бўлган эди. Ҳар икки томон урушни ўзлари учун фойдасиз эканлигини тушунишарди. Қутайба охирида бир ҳийла ишлатади. Тархонни ёнига Муҳаммад бин Салим исмли одамини киритади. Муҳаммад ибни Салим Тархонга агар таслим бўлса унга ҳеч қандай зарар етмаслиги ҳақида хушхабар етказади. Қалъа ичидаги одамларнинг очликдан ўлмаслиги учун Тархоннинг Қутайба таклифини қабул қилмасликдан бошқа иложи йўқ эди.

Қутайба таклифи Турклар томонидан қабул қилинади. Улар қуролларини ташлаб қалъадан чиқа бошлайдилар. Тархон қалъадан чиқар -чиқмас қўлга олиниб, атрофида ҳандақлар қазилган чодирда занжирбанд этилади. Қутайба Тархонни тезда ўлдирмайди. Ҳажжожга хабар юбориб нима қилиш кераклигини сўрайди. Ҳажжож Тархон ҳақида, “У мусулмонлар душманидир, тирик қўймасдан ўлдир” дея буйруқ беради. Шундай сўнг Қутайба Тархоннинг икки ўғлини Тархон ва тўпланган халқнинг кўзи ўнгида ўлдиради. Уларни орқасидан 700 га яқин Турк жангчиларини яна Тархон ва халқнинг кўзи ўнгида бошини танасидан жудо қилдиради. Тархонни эса Қутайбанинг ўзи ўлдиради. Барча кесилган бошлар Ҳажжожга юборилади.

Қутайба Қуръондаги оятлар ҳукмини бажарган эди. “Эй, мўминлар. ёнларингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар ва улар сизлардаги куч-қувватни кўрсинлар! Билингларки, албатта Оллоҳ тақводорлар билан биргадир”. (Тавба сураси, 123.оят).

Тархон ўлдирилгандан сўнг, Қутайба Орол денгизи яқинидаги Хоразм музофотига юришни бошлади. Хоразмдаги Жайхун ва Ҳазорасп бекликлари ўртасида тахт учун кураш кетаётган эди. Қутайба Жайхун малики билан ҳамкорлик келишуви тузади. Бундан олдин Ҳаворизат ва уни атрофидагиларни ўлдиртиради. Бу орада Жамҳуд маликини енгиб, 4000га яқин кишини асирга олади. Асир олинганларнинг ҳаммаси Қутайбанинг буйруғи билан ўлдирилади.

Бу воқеалар Зиё Китобчининг “Ислом тарихи ва Турклар” отли китобида айнан келтирилган:

Ат-Табарийнинг бутун тафсилотлар билан ёзишига кўра, бир марта Абдураҳмон бин Муслим, Қутайба ҳузурига 4000 асир билан келади. Қутайба Абдураҳмоннинг бу қадар кўп Турк асирлари билан келганини кўриб, тахтини ташқарига чиқариб катта майдонда ўрнатишларини буюради.

Ўз тахтида мағрур ўтирган Қутайба Турк асирларининг минг донасини ўнг томонда, мингтасини чап томонда, минг донасини орқа томонга ва яна мингини қаршисида тизилиб туришларини айтади ва араб аскарларига Туркларни бирма – бир калласини узишга амр этади. Жоҳил, шафқатсиз ва инсофсиз араб қўшинлари атрофида бир онда Туркларнинг калласи, қўл ва таналари билан қоришган қон кўли ҳосил бўлади. Шу зайлда ўлдирилган Туркларнинг ҳадди – ҳисоби йўқ. Бу каби ваҳшатдан ғурурланган бир араб шоири Қааҳ ал Ашқари шундай хитоб қилган эди:

“Қазо ва қайғу онларида қурқувдан бир -бирига суринган заволли Туркларни ўлдирган кечаларимизни ҳали кўп хотирлаймиз…

Ҳеч кимса қиличдан омон қолмади. Отаси кимлигини билмайдиган ёшда болалар етим қолди”.

Хоразмда оёққа турган халқ Қутайба билан келишгани учун Чайгунни ўлдиради. Бунинг аламида Қутайба бутун Хоразмни ёқиб, халқини қиличдан ўтказди. Хоразмлик таниқли Турк олими Беруний Хоразм маданиятини йўқ қилинишини воқеасини қуйидагича баён этганди: “Қутайба ҳамма соҳада илғор Хоразмликларнинг ёзма адабиётини, анъаналарини, зиёлиларини ва жамики олимларни йўқ қилди. Деярли барча нарса зулматга кўмилди. Ислом Хоразмликлар ичида ёйилар экан, уларнинг тарихи йўқотилди”.

Хоразмни бўйсундирганидан сўнг Қутайба Самарқанд сари йўл олади. Самарқанд малики Гурак ҳузурига келган мусулмонларга қарши бошқа Турк бекликларидан ёрдам кутарди.

Тошкент ва Фарғонадан ёрдам учун одам юборилади, бироқ якка -якка кеган жангчилар йўлда Қутайбанинг ҳийласига учиб йўқ қилинди. Самарқанд қуршаб олинди. Араблар манжанақ олови билан ҳужумга ўтдилар. Ўз кучсизлигини англаган Гурек Қутайба билан келишув йўлига ўтишга мажбур бўлади. Бу келишувга кўра:

1. Самарқанд арабларга ҳар йили 2.200.000 олтин бериши керак.

2. 30.000 Турк ёшларини асир сифатида тортиқ этиши лозим.

3. Шаҳарда масжид қуради.

4. Шаҳарда қўлига қурол ушлаган одам қолмаслиги керак.

5. Ибодатхона ва бутлардаги барча жавоҳирлар Қутайбага тортиқ этилиши шарт.

Бундан ташқари Қутайба олтиндан ясаган бутларни эритиб олади ва Марвга қайтади. Қайтар экан дўсти Абдураҳмон бин Муслимни Самарқандда волий ўлароқ қолдиради.

Қутайбанинг Марвга кетишидан кейин, Турклар араб босқинчиларига қарши курашиш бирлигини ташкил этишади. Ҳар замонда Жайҳун дарёсини кечиб ўтиб арабларга ҳужум уюштиришар ва уларга жиддий талафот етказишарди…. Ҳажжож Қутайбага Тошкент ва Фарғонани ишғол қилиш бўйича кўрсатмалар беради. Қутайба Тошкентга қадар фақат ғалаба қозонади.

Бу орада Ҳажжож вафот этди. Халифа Валид Қутайбага туркларга қарши урушни давом эттиришини айтади. Қутайба бу сафар тўғри Қашқарга йўл олади. Қашқарга ҳужум бошлаган пайтда Халифа Валид ҳам вафот этади. Ўрнига Сулаймон ибни Абдумалик халифа бўлади. Янги халифа билан Қутайбанинг муносабатлари жуда ёмон эди. Қашқар сафари давом этар экан яқин одамлари унга қарши исён кўтаришади. 716 йилнинг кузида 11 жангчи иштирокида Қутайба боши танасидан жудо қилиниб ўлдирилади. Чунки, Қутайба жангчилари халифага қарши туришни истамас эдилар.

2. Буюк қатлиом … (Журжон қатлиоми)

Қутайба ва Ҳажжожнинг ўлимидан сўнг ҳам арабларнинг Туркларни мусулмонлаштирмоқ ва Турк шаҳарларини талаш сиёсатлари давом этди. Олдинлари араблардаги Турклардан қўрқув туйғуси ўртадан кўтарилган эди. Араблар Қутайбадан кейин ҳам Турк шаҳарларини талашда давом этдилар. Қутайба ўлган 716 йилда, Язид ибни Муҳталиб Хуросонга волий этиб тайинланади. У дастлаб Доғистонни ишғол этади. Доғистон малики Салтекин Язидга қарши узоқ вақт жанг қилади. Охир оқибатда енгилади. Шаҳар ғарот қилинади, 14000 киши ўлдирилади. Араблар Доғистондан кейин Журжонга қараб юришади.

Журжон малики 300.000 дирҳам эвазига жангсиз таслим бўлади. Язид Журжонда бир қисм аскарларини қолдириб, Табаристонга йўл олади. Табаристон малики Исфеҳбад Дайлам маликидан 10000 кишилик ёрдам олиб урушга киришади. Истеҳбад аскарлари билан жанг давом этар экан, Журжон халқи ҳам оёққа туради, Асад ибни Абдуллоҳ қўли остидаги аскарлар ўлдирилади. Бу хабарни эшитган Язид орқага қайтади. Журжон Турклари қонидан тегирмон айлантириб ун қилажаги ҳақида Аллоҳга ваъда беради. Аскарларини тўплаб Журжон томонга юради. Журжон беги шаҳардан қочиб Журжон қалъасига беркиниб олган эди.

7 ой давом этган қамалдан сўнг қалъа забт этилди. Журжон беги ўлдирилди. Қалъадаги аскарлар асир олинди. Араблар шундан сўнг Журжон шаҳрига киришади. Шаҳар аҳолиси Қутайба замонида бўлгани каби қатлиом қилинди. Туркларни ўлдириб, 4 фарсаҳ қадар чўзилган йўл бўйидаги дарахтларга осадилар. Аллоҳга берган ваъдасини бажармоқ учун Язид асир олинган минглаб Туркларни Эндериз водийсидаги дарё қирғоғига олиб келади. Ҳеч қандай ҳимоясиз Турклар бирин – кетин ўлдирилади. Ўлдирилган Турклар қонлари дарёга оқизилади.

Дарё сувларига қўшилиб оққан қонлар сув тегирмонларини ҳаракатга келтиради, Язид бу тегирмонларда буғдойни ун қилиб, улардан нон ёптириб ейди ва шу билан Аллоҳга берган ваъдасини бажаради. Қатлиомдан тирик қолган қиз ва аёллардан бешдан бир қисми қул сифатида халифага юборилгандан сўнг, қолганлари аксарлар томонидан бўлишиб олинади.

Ровийлар Журжон қатлиомида Талқон қатлиомида бўлгани каби 40.000 Турк ўлдирилгани ҳақида ҳикоя қиладилар.

717 йилдан кейинги воқеалар арабларнинг ички урушлари билан кечди.

Араблар босқини бошланган кезларда Кибаж Хотун бошқа Турк бекликларидан ёрдам сўраган бўлсада, унга етарли даражада ёрдам берилмаганди. Унга ёрдам бермаганларнинг ўзлари кейинчалик ёрдамга муҳтож бўлиб қолишди. Бу воқеалар ўша замонда Турклар ўртасида бирлик, бирдамлик бўлмаганини кўрсатади.

717 йилда Умар ибни Абдулазиз халифа бўлади. Икки йилдан сўнг у касал бўлиб қолгач, ўрнига Язид ибни Абдумалик келди.

Қутайба ўлимидан сўнг Турк тупроқларига келган саҳобалар муваффақиятга эрига олишмади. У пайтларда исломни ёйиш ишлари қийинлашганди. Иккинчи Халифа – Умар ибни Абдулазиз араблар эгаллаган ерларда исломни ёйиш учун куну тун ҳаракатда бўлди. У ўз қўл остидагиларга “Бундан кейин Турк бекликларидаги бизга қарашли бўлган музофотларда бор кучингизни исломни ёйишга сафарбар этинг”, дея буйруқ беради. Халифа Умар мусулмон бўлган хақларга жузъя солиғи солинмаслигини эълон қилган бўлсада, араблар ҳисобига яхши фойда тушиб туриши учун Турклар мусулмонликда самимий бўлмаганликлари баҳонасида бу қарор бекор қилинди. Бу орада Хуросонга Жарроҳ ибни Абдуллоҳ ўрнига волий ўлароқ Абдураҳмон ибни Нуайм тайинланади.

Ҳоқон Сулунинг Кўктурт беклари бошига келиши

Турклар арабларнинг истилосига қарши курашни Хитойдан ёрдам эвазига кучайтирмоқчи эдилар. Ўша пайтгача араблар билан ҳамкорлик қилиб келган Туғзода ҳам 718 йилда Хитой императоридан кўмак сўраган эди. Хитой эса Туркларга ёрдам бермади. Тургиз ҳоқони Сулу, жанубий Кўк турклар сардори бўлгач, 720 йилда Суғддаги турклар исёнини дастакламоқ учун улар билан иттифоқ тузган эди. Сулунинг Кур-Сул бошлиқ отряди Жайхун дарёсидан кечиб ўтиб, Суғдга келди ва бу ердаги бошқа туркларни бирлаштириб Самарқандга қараб юради.

Араб волийси Саид ибни Ҳорис Туркларга бас кела олмай Самарқандга чекинади. Шундан сўнг Турклар Самарқандни қуршаб олдилар. Бу орада Саид ибни Ҳорис ўрнига 721 йилда Саид ибни Ҳораси тайинланади. 722 йилда Ҳисам Халифа бўлади, у Саид ибни Ҳорасини вазифасидан олиб ўрнига Муслим ибни Саидни тайинлайди. Муслим дастлаб ишни Афшинга солиқ солишдан бошлайди. Жайхундан кечиб ўтиб бутун экинлар ва дарахтларни ёқиб вайрон қилади. Тургиз ҳоқони Сулу Муслим томонга қараб ўз қўшинини бошлади. Сулунинг ўзи томонга келаётганини билган Муслим тараддудга тушиб қолганди. Унинг қўшини Жайҳун дарёси бўйида бошқа бир Турк иттифоқчилари ҳужумига дучор бўлади. Бир ёндан Сулу иттифоқчилари яқинлашиб келаётганини билган Муслим жангда енгилишини англаб Жайҳундан кечиб Самарқандга чекинади. Муслимнинг мағлубиятидан сўнг у вазифасидан бўшатилиб ўрнига Язед ибни Абдуллоҳ тайинланади. Язед биринчи бўлиб Хўтан шаҳрини қўлга киритишга интилади. Бу орада Тургиз ҳоқони Муслимни қувиб юборганидан дадиллашган халқ арабларга қарши бош кўтаради. 726 йилда Тургиз ҳоқони Сули шижоат билан Язед томонга юради. Улар Ҳиттолда учрашишади. Язед Сули қўшинларидан мағлубиятга учрайди. Мағлубият ортидан Язед ҳам вазифасидан кетиб ўрнига Язед ибни Абдуллоҳ келади.

Оддий халқ босқинчиларга қарши курашсада муваффақият қозона олмасди . Бир қисм халқ мусулмон бўлганликларини айтиб исёнчиларга кўмак беришни истамас, улар Тургислардан ёрдам сўрашади.Тургис ҳоқони Сули 728 йилда Бухорони забт этади. Бу орада Ерзрум тупроғига Жунайд ибни Абдураҳмон келади. Араблар Самарқандга чекинадилар. Сулу ҳоқон ва Кул Сул отрядидаги Тургиз кучлари 729 йилда 58 кун давомида арабларнинг Кемерже қалъани қуршаб оладилар. Очликдан ўлиш даражасига келган араблар Кемержедан чиқиб таслим бўлишади. Тузилган шартномага кўра таслим бўлган араблар Добуссияга жойлаштирилади. Шундан сўнг Сулу ҳоқон Самарқандни қуршаб олади. Самарқанд қўшинлари раҳбари Савра ибни Ҳур Жунайд ибни Абдураҳмондан ёрдам сўрайди. Жунайд ёрдамга келгач Савра ва Сулу ҳоқон Самарқанд яқинида жанг олиб боришади. Араблар жангда ютқазади. Самарқанддаги араблар қўшинлари тор – мор этилади. Халифа Ҳисам Куфа ва Басрадан 200 000 кишилик қудратли қўшини Жунайд ибн Абдураҳмонга юборади. Сулу ҳоқон 732 йилда Бухорони тарк этиб чекинади. 734 йилда Жунайд ибни Абдураҳмон вафот этади, ўрнига Азим ибни Абдуллоҳ келади. Бир йилдан сўнг унинг ўрнига Ҳолид ибни Абдуллоҳ ўтирди.

Сулу ҳоқоннинг ўлими ва Жузжон бегининг хоинлиги

Сулу ҳоқон 737 йилда Холид томонга қўшин тортиб борди. Араблар катта талофот кўриб Жайхун томонга чекиндилар. Турклар Жайҳун дарёсини кечиб ўтиб, Арабларни Балхга қадар чекинишга мажбур қилдилар. Бу пайтда Жузжон ҳокимини арабларга қўшилиши Сулу ҳоқоннинг енгилишига сабаб бўлади. Агар Жузжон ҳокими араблар билан тил бириктирмаганда эди Сулу ҳоқоннинг қўшини босқинчи арабларни Турк тупроқларидан қувиб чиқарган бўларди. Сулу ҳоқон ўз юртига қайтиб кетганидан сўнг, бир замонлар арабларга қарши у билан баравар кураш олиб борган Кур Сул тарафидан шахсий зиддиятлар сабаб ўлдирилади.

Бу воқеалар Хитой томонидан ташкиллаштирилган ва тарихга Хитойнинг турк бекликларини бир бирига зидлаштириш сиёсати ўлароқ кўринади. Сулу ҳоқоннинг ўлимини араблар қувонч билан кутиб олишади. Хуросон волийси ҳоқоннинг ўлдирилгани шукронаси учун қўл остидагиларга рўза тутишни буюради. Бу хабар халифа Ҳисамга етказилганда, халифа бу хабарни тўғрилигини аниқламоқ учун ўз одамларини юборади. Сулу ҳоқон ўлдирилганидан сўнг Турклар яна бир марта тўпландилар. Арабларнинг Турк ўлкаларини тўласинча босиб олмоқ орзулари ўша онда сўнади.

Ўша замон деҳқонлар ва бошқа ер эгалари арабларга катта тўловлар тўлаб келишар эди. Мусулмонликни қабул қилган кишиларга катта молиявий имтиёзлар берилади. Жузя ўлароқ олинган тўловлар миқдори камайтирилиб, жуда ҳам юмшоқ сиёсат юритила бошланган. Ўша пайтда туркларни зўрлаб мусулмонлаштирилишига, араб қўшинлари қўмондони Қутайбани ва Сулу ҳоқонга қарши бориб ўзини арабларга сотган Журжон бегининг катта хизматлари бордур. Кур Сул ҳам Тургиз ҳоқони Сулини шахсий адовати сабаб ўлдириши ортидан ўзи истар -истамас арабларнинг юрагига ваҳима солиб келган кишини йўқотди ва мусулмонликни Турк ўлкаларига осонлик билан ёйилишига сабабчи бўлди.

Кул Сулнинг ўлими ва Турк қўшинларининг инқирози

Уммавийларнинг сўнгги волийси, Наср ибн Саййор волий этиб тайинланиши ҳамоно шимолий Туркистонда араб қўшинларини тўплай бошлади. Наср араб ҳокимиятини қулай шаклда тез ёйилиши учун кучли қўшин тўплаб уларни Турк ерларига сафарбар қилди. 739 йилда араблар Самарқандда тамоман ўрнашиб олдилар. Улар Сайхун дарёсини кечиб ўтишга ҳаракат қилсалар, Кур Сул қўшинлари таркибидаги Турк аскарлари ҳужумига учрардилар. Араблар сон жиҳатдан Кур Сул қўшинларидан кўп бўлишларига қарамасдан дарёнинг нариги томонига ўтиш учун ўзларида жасорат топа олишмасди. Араблар кутилмаганда Туркларга ҳужумга ўтишга қарор қилишади. Арабларга ҳужум қилишни режалаган ва шу мақсадда дарё қирғоғида кезиб юрган Кур Сул кутилмаган бу жангда ўлдирилади. Наср Кур Сулнинг жасадини Турклар кўра оладиган жойда – Сайхун дарёсининг бўйига осдириб қўяди. Бу манзара Турклар ичида кутилганидек ваҳима уйғотади ва Турк қўшини сон жиҳатдан устун бўлган арабларга таслим бўлди. Тошкент ва Фарғонада ҳам шундай ҳол юз берди.

Наср бундан кейин араб ҳокимиятини янада ёйиш ҳаракатида бўлди. Ўз юртини ташлаб кетган Туркларни ортга қайтишлари эвазига солиқлардан озод этди. Халқ ичидан мусулмон бўлганларга баъзи иқтисодий ва ижтимоий имтиёзлар берилди, уларни мусулмон бўлганлиги тарғиб қилинди. Исломни билишлари учун баъзан қўрқитиб, баъзан тарғиб қилиб, турли тадбирлар олинди. Амалга оширилган бу тадбирлар аста- секин бўлсада натижа бера бошлайди.Турк ерларидаги охирги Умавий араб волийси Наср ибн Саййор Туркларга исломни қабул эттиришга бошлади.

Бизни жунбушга келтирган тарих шу ерга қадар чўзилган эди. Бундан бир неча йил кейин Уммавий Хонадонининг ҳукмронлиги тугайди ва Аббосийларнинг даври бошланади. 749 йилда Аббосийлар Уммавий Хонадонига босим ўтказа бошлайдилар. Араб ерларида бошланган ички кураш Уммавийларнинг бошқа мамлакатлардаги салоҳиятининг сусайиб кетишига олиб келди. Аббосийлар замонида мусулмонлаштирилган халқлар ичида ўзаро жипслашган, арабларнинг урф -одатларини эгаллаган янгидан янги қавмлар Исломга ўта бошлади. Уммавийлардан кейин исломни универсал бир дин бўлиши ва уни бошқа юртларга ёйилишига ҳаракат қилинди. Шу боис олдинлари араблар дини ўлароқ қурилган бу дин, кейинроқ универсал бир дин ўлароқ ривожланди.

Бу орада араблар ўртасидаги зиддиятлар янада авж олади. Ўзаро урушларда озод этилган қуллар ҳам муҳим ўрин тутишди. Бу курашлар ичида бўлган араб раҳбарлари қулларини ўзлари томонида туриб курашишга даъват этдилар. Али тарафдорлари ва Пайғамбарнинг амакиваччаси Аббос тарафдорлари ўзларини Уммавийлар томонидан ҳийла ва зўрлик билан тортиб олинган ҳокимиятнинг асл эгаларидек тутишар, шу билан бирга ўз мафкураларини ёйишга ҳаракат қилишар эди. Эзилган меҳнаткаш кишилар нафақат исломга, балки Уммавий халифаларга итоат этишга ўзларини бурчли деб ҳисоблай бошладилар.

Мусулмон араблар Туркларни фатҳ этишлари сабаби

Турклар шу тариқа мусулмон бўлдилар, мусулмон арабларнинг Туркларга ҳужуми, туркларни ислом динига киритиш зўравонлик, қилич кучи билан амалга оширилган эди. Лекин негадир узоқ вақт бу ҳақда гапириш мумкин бўлмади.

Туркларни зўрлик билан мусулмон бўлганликлари ҳақида Закариё Китобчининг “Янги Ислом таълими ва Турклар” номли китобида батафсил келтирилади. Қуйидаги фикрлар ушбу китобдан олинган.

Араб бирлашмаларини Янгича Ҳаёт бошлаши

a-) Аскарларни қудратга келтирган сабаб

Арабларни Ўрта Осиёни истило қилиши қисқа вақтда аскарларни қудратга келтириш сабабли амалга ошган эди. Кейинги даврларда, уларни дастлабки вақтларга қараганда ижтимоий-иқтисодий аҳволлари яхши бўлганлиги ҳам муҳим рол ўйнади. Олдинлари бадавий ўлароқ саҳроларда яшаган, камбағал ва қашшоқлик ичида жуда ачинарли ҳаёт кечирган араблар исломнинг илк даврларида аскарларга берилган катта маош ва ўлжалар ҳисобига қисқа замонда катта бойликларга эга бўлганликларини тушуниб етган эдилар. Мужоҳид ғозийларнинг бундан кейинги турмушлари ва ҳаёт даражалари тезда ўзгариб кетди ва жангда иштирок этган кишилар жуда яхши, тўкин ҳаёт кечира бошладилар. Араб бадавийларининг ўша вақтдаги турмуши бугун Анадолининг ички қисмларидан ижтимоий -иқтисодий аҳволини яхшилаш учун Олмонияга йўл олган Турк деҳқонларининг турмушига ва уларнинг ижтимоий ҳаётида юзага келган ўзгаришларга ўхшаб кетади. Шу сабабли араб қабилалари гуруҳ-гуруҳ бўлиб урушда қатнашиш учун Ҳазрат Умар даврида Мадинага кела бошлаганлар. Кейинроқ уларга бадавий араб оилалари ҳам қўшилди ва шу сабабли араб қўшинлари ичида ўша даврдан бошлаб жуда катта мусулмон араб эмиграцияси, Л.Жайтанийнинг айтишича, тарихда илк бор Соми ирқининг кўчиши бошланди.

Тарихда биринчи марта кузатилган Соми араблари кўчиши, Уммавийлар даврида шиддат билан давом этди. Нафақат Эронда, балки Туркистоннинг Бухоро, Бойкент, Самарқанд каби катта шаҳарларида кўплаб араб оилалари ўрнашиб олдилар. Айниқса, Бухорода муҳожир араб оилалари шу қадар мустаҳкам жойлашиб олдики, Қутайба ибн Муслим ерлашган араблар сони ва ўринларига кўра бу улкан Турк шаҳрини ўз колониясига айлантириб олишга ҳаракат қилди ва бунга эришди ҳам. Адади 25-50 мингга етган араб оилалари бир тарафдан Эрон ва Туркистоннинг катта шаҳарларини араблар нуфузи кўплиги жиҳатдан ишғол қилинишига, бошқа тарафдан араб ҳокимиятини бу ўлкаларда янада мустаҳкамланишига ва ислом динини қарор топиши ва ёйилишига ёрдам бердилар.

b-) Абгор ҳаёт тарзи

Мусулмон арабларни ўзга ўлкаларни, жумладан Туркистонни фатҳ этишларининг бошқа сабабларидан бири уларни жуда абгор аҳволда яшаганликларидир. Ал Масудий тафсир қилган ва фотиҳлик ҳаракатлари кенг қамровли холис тадқиқ қилинган Белазурининг “Футуҳи Булдан” номли бебаҳо китобида араблар ночорлик ва қашшоқлик ичида ҳаёт кечирганликлари сабаб бошқа ўлкаларни босиб олишга мажбур бўлганликлари ва бу ўлкаларда жуда яхши жойлашиб олганликлари ҳақида батафсил ҳикоя қилинади.

Табарий ривоятлари

Қуйидаги маълумотлар Табарий ривоятларидан олинган.

“Тарихи Табарий” /3 жилд /(343-саҳифа)

“Ким бир Турк бошини узиб келса унга юз дирҳам бераман”. Бу гапдан кейин мусулмонлар Турклар бошини кесиб келтириб 100 дирҳам ола бошладилар. Турклар таъқиб қилиниб ҳисобсиз қирилди, араблар сон – саноқсиз мол ва ўлжа олиб яна Марвга қайтиб кетишди.

Ёз келганча Қутайба Хуросон шаҳарларига номалар юбориб аскар тўплади. Сўнгра Талқонга қараб йўл олди. Шеҳрик Талқон малики эди. Найзек билан иттифоқдош эди. У Қутайбанинг келаётганини эшитгач қочиб қолди. Қутайба Талқонга кирган вақтда аҳолини қиличдан ўтказишга буйруқ беради. Қанча одамни ўлдирсалар ўлдирдилар. Қутайба аскарлари ҳисобсиз одамларни қатл этдилар.

Ривоят қилишларича, 4 фарсаҳ йўлнинг икки тарафидаги ёнғоқлар ва толларга одамлар осилган эди. У ердан ҳам кетди. Марволарудга келиб ўрнашди. У ернинг ҳукмдори қочиб кетди. Қутайба уни икки ўғлини қўлга олганида шаҳардаги қолган беклар итоат этиб уни истиқболига чиқдилар.(34 -саҳифа).

Қутайба деди: -Агар мени умримдан фақат уч сўзни сўзлаш учун вақт қолганда шундай дердим: (Уқтулуҳу уқтулуҳу уқтулуҳи) (Ҳаммасини ўлдиринг. Ҳаммасини ўлдиринг. Ҳаммасини ўлдиринг).

Шундан сўнг Найзакнинг ва икки қариндошининг ўғиллари, Сўл ва Ўсмонни ўлдирди. Яна ўзига қарши чиққанларнинг ҳаммасини ўлдирди. 700 одам эди. Уларни бошларини кесиб Ҳажжожга юбордилар. (347 саҳифа)

Қутайба туянинг асбоби демакдир. (351 саҳифа).

Ўлжаларни бешдан бир қисмини Ҳажжожга юбориб, Самарқандни фатҳини якунлади. Ҳажжож бу хабарни эшитиб қувонди. Қутайба яна Марвга қайтиб келди. Қариндоши Абдуллоҳни Самарқандга амир этиб тайинлади. Аскарларини бир қисмини унга биркитириб, етарли даражада қурол бериб, Абдуллоҳга деди: Кофирлардан ҳеч кимни Самарқандга киришига йўқ қўйма, келса қўлига бир парча балқич бер ва у балчиқдан юзига муҳр ур. (353 саҳифа).

Қутайбанинг Хоразм шаҳрига келиш воқеаси

Хоразм маликининг исми Чайган эди. Уни Хаваризод номли қариндоши бор эди. У Чайганни ўзига буйсундурган ва барча ишларини ўз қўлига олган эди . У Чайган бир гўзал жорияни қўлга киритганини эшитди ва дарҳол бир чиройли ва нафис гилам юбориб жорияни олдириб келди. Яна бирор кишини гўзал қизи ва нарсаси борлигини эшитса дарҳол олдириб келарди. Ҳеч кимса унга қаршилик қила олмас эди. Чайганга ундан шикоят қилсалар, мен унга дакки бериб қўяман, дерди. Чайган ҳам унинг қўлига қарам эди. Иш шу зайлда давом этавергач Чайганнинг тоқати қолмади. Халқ номидан Қутайбага одам юборди. Хоразм шаҳарларидан уч шаҳарни калитларини ҳам қўшиб берди.

Ва Қутайбага деди: Хоразмга келиб қариндошимни ўлдирсанг нима истасанг бераман. Лекин бу хабарни ҳеч кимсага билдирма.

Бу хабар Қутайбага етиб келгач уруш вақти эди. Қутайба қавмига Сегат жангига кетаверинглар дея буйруқ қилди. Чайганнинг одамларини эса қайтариб юборди. Хаваризодга Қутайба Сегатга урушга кетди дея хабар беришди. У ҳам бағоят қувонди. Қавмига: “энди жанг бўлмайди, Қутайба Сегатга кетди. У энди Хоразмга келмайди” деди. У шу пайтда Қутайба бостириб келаётганини билмасди.Мадинатул Фил Хоразмнинг катта ва гўзал шаҳридир. Жами Хоразм ўлкаси уч шаҳардир. Ундан каттаси йўқдир. Қутайба бу ерга кириб келди. Хоразм халқи Қутайбани кўриб қурқувдан қалтирарди. Қутайба тўғри Чайганнинг ёнига келди. Хаворизодга “нега қараб турибсан, Қутайба мақсадига эришди, ҳамма жойни босиб олди” дея хабар беришди. Хаваризод бу иш бошида Чайган турганини тушуниб етганди. У Чайганни ўлдиришга аҳд қилди. Лекин бунга фурсат ва имконият бўлмади. У ўз сипоҳийлари билан от суриб Мадинатул Филга келди.Чайган уч шаҳарни Қутайбага тортиқ қилиб, ўзи уни ёнига келганди. Хаваризод ҳам шошилиб етиб келди. Ниҳоят у ҳам Қутайбага одам юбориб омонлик тилади.

Қутайба деди: Омонликни қариндошингдан тила, агар у омонлик берса мендан ҳам омонлик топасан. Хаваризод деди: Энди билдимки, мен ўлишим лозимдир. Сира мен қариндошимга бўйин эгмайман, бу эса ўлмоқ деганидир. Балки ўлмоқ хурсанд бўлмоқликдан яхшидир. У шундай деб жангга киришиб кетди. Бир соат урушиб охири қўлга олинди. Уни Қутайба ҳузурига олиб келдилар. Қутайба деди: Бизни яхши кўрасанми?

Хаваризод деди: Эй, Амир, мени маломат қилма, мен қилични шунинг учун чиқардимки, сен билан менинг орамда бир ҳукм зоҳир бўлмиш. Энди навбат сенга келди, мени нима қилсак ихтиёринг. Унга жавобан Қутайба буюрди: Уни ташқарига чиқариб бўйнини узинглар.

Чайган деди: Эй амир, ҳануз кўнглим шифо топмади. Қутайба деди: Яна нима истарсан?

Чайган деди: Истарманки, у билан келган кишиларни ҳаммасини ўлдиргин!

Қутайба деди: Унда сен уларни ёнимга тўпла, мен ўлдираман. Чайган уларни ҳаммасини тутиб келтирди. Қутайба уларни кўпини ўлдириб мол дунёсини олди. Чайган агар бу истаклари бажарилса, минг бош асир ва бир неча минг кумуш бераман, деб ваъда берган эди. Шундай сўнг Қутайба Мадинатул Филга кириб у нарсаларни Чайгандан олди.

Чайган Қутайбадан ёрдам сўради. Ўша пайтларда Жамҳуд малики ҳамиша Чайган билан жанг қилар ва уни ранжитар эди. Қутайба Абдураҳмонни унга ёрдамчи ўлароқ қолдирди. Абдураҳмон бориб уруш очди ва у маликни ўлдирди. Чайган у ерларни мавҳ этиб тўрт минг асир олди. Қутайба буюрди: Ҳаммасини ўлдиринг. (349-350 саҳифалар).

-Шош аскарлари бизга қарши уруш очиш ниятида экан, энди бориб уларни йўлида фалон ерда пистирмада туринг. Улар пайдо бўлиши билан ҳузурларига чиқинг. Уларни фатҳ этингиз, деди Қутайба. Муслиҳ бин Муслимни уларга раҳбар этиб тайинлади. Муслим келиб 700 одамни уч қисмга бўлди. Бир бўлагини йўлнинг ўнг томонига, иккинчисини чап томонга жойлаштирди. Ўзи эса бир қисм аскарлар билан йўлни ўртасида турди. Кеч тушиши билан Шош аскарлари чиқиб келдилар. Улар йўл ўртасидаги одамлар билан урушга киришиб кетдилар. Икки томондаги ғозийлар эса ҳамла қилиб кофирларни тору мор этдилар. Ғозийларда Шубе исмли бир баҳодир бор эди. У Шош гуруҳи ичига қараб юрди. Уларни ўртасида маликзодалари бор эди. Унга етишган Шубе маликни қулоғидан пастига қараб қилич солди. Шундай зарб билан урдики маликни боши копток каби ҳавога учди. Шош аскарлари бу ҳайбатдан қўрқиб қоча бошладилар. Мусулмонлар орқаларидан тушиб уларни кўпини қириб ташладилар. Жонини омон сақлаган одам жуда оз эди. Уларнинг аксарияти маликзодалар эди. Зийнатли ва қуролланган кишилар эди. Уларни бошларини, қуроларини ва барча нарсаларини олдилар ва қувонч билан Қутайбани олдига қайтиб келдилар. Эртаси куни Қутайба уларни яна жангга отланишга буйруқ берди.

Гаврек Қутайбага одам юбориб деди: Бу жангларни арабларнинг кучи билан қилаяпман деб ўйлама, ажамдан мени қардошларим сенга ёрдам бериб жанг қилишмоқда. Яхшиси барча арабларни йўлла, бизни нималарга қодир эканлигимизни кўргайсан, деди. Қутайба бу сўзларни эшитиб ғазабга келди ва маслаҳатчиларини ҳузурига чорлади. Мусулмонлар маслаҳатлашиб кофирларни устига юриш қилишга бошладилар. Улар манжанақлар қуриб бирма-бир ота бошладилар. Мусулмонлар манжанақ тушиб очилган жойдан ҳужумга ўтган пайтларида кофирлардан бир баҳодир йигит чиқиб у ерда турди ва яқин келган кимсани ўлдира бошлади. Мусулмонларда яхши камондозлар бор эди. Қутайба уларни чақириб деди: Сиздан ким у одамни ўқ билан ўлдирса мен унга минг дирҳам пул бераман. Камондозлардан бири илгари юриб ўқ билан у шахсни кўзига урди, ўқ кўзига кириб бўнидан чиқиб кетди. Камондоз дарҳол ортга қайтди. Қутайбанинг ёнига келиб минг дирҳамни олди. (351-352 саҳифалар).

70 йил давом этган Турк-араб урушининг энг муҳим нуқталари ва хулосалар:

1- 100.000 атрофидаги Турк қатл этилди.

2- 50.000 атрофидаги Турк ёшлари қул ва чўри қилинди.

3- Шаҳарлар ёқиб юборилди ва ўлжа дея халқнинг мол- мулки талон-тарож этилди.

4- Барча бойликлар, тарихий асарлар йўқотилди, ёқиб юборилди, поймол қилинди.

5- Дунёнинг энг буюк қатлиомларидан бири бўлган “Талқон қатлиомида” 40.000 Tурк ўлдирилиб таналари 24 км.лик йўл узра дарахтларга осиб қўйилди. ( Тарихда бу каби воқеалар жуда кам учрайди.)

6- Айни шаклда “Журжон қатлиоми”да эсир олинган 40.000 Турк дарё бўйида боши танасидан жудо қилиниб, дарё суви қип-қизил тус олди, жасадлар яна дарахтларга осиб ташланди.

7- “Таслим бўлсангиз жонингиз омон қолади” деган ваъдага вафо қилинмади, “Шариатда вафо йўқ” дея эркак ва аёллар қиличдан ўтказилди.

8- Араблар ўз тарихларида бу каби катта босқинчилик ва талон-тарождан сўнг жуда кўп бойликларни қўлга киритдилар.

9- Турклар бу қадар даҳшат ва ваҳшийликларни Хитойликлардан ҳам кўрмаган эдилар.

10-Узоқ тарихдаги бу воқеаларга “ислом манфаати” учун дея баҳо берилиб, баҳс этилмоқдадир.

Турк сиёсатчилари бу масалага эътибор қаратишмаяпти. Араблар эса мазкур тарихни яшириб келмоқдалар.

Турк тилидан Юсуф Расул уйғунлаштирган.