February 16, 2019

Мажбурий лотерея

Кеча, шанба куни маҳалламиздаги катта кўчага чиқсам маҳалла идораси олдида беш-ўн чоғлик одам кўринди. Қизиқсам бироздан кейин банк ходимлари турли нафақаларни тарқатишга келар экан. Маҳалла фаолларидан бўлган бир ўқитувчи навбат ёзиб рўйхат қилаяпти. Шунда мен ҳам отам билан онамни исм-шарифларини навбатга ёздирдим-у ўзимни ишим билан кетдим.

Соат 2 ларда онам "Болам кел пенсияни бирга олайлик, отанг уйда йўқ. Икки кишини пенсиясини оламан деб адашиб кетмай" деб қўнғироқ қилиб қолдилар. Келиб онамни билан маҳалла идорасига ўтдик. Борсак тумонат одам. Навбатимиз ўтиб кетибди, аммо навбатга ёздириб кетганим туфайли бизни навбатсиз ўтказиб юборишди. Биздан олдин уч-тўрт киши нафақа олди. Иккитаси пенсия олди. Иккита одам ногиронлик нафақасини олди. Банк ходимларини кузатиб турибман. Ҳар бир нафақа олувчига икки донадан лотереяни нафақага қўшиб бераяпти ва уларнинг нафақасидан унинг ҳар донасига 2 минг сўмдан олиб қолаяпти. Маҳалла идорасига киришимизда онамни "лотерея берса олманг, у-бу нарса деса ўзим гаплашаман" деб огоҳлантириб қўйган эдим. Онамни навбатлари келганда банк ходимининг биттаси паспорт маълумотларни қандайдир журналига кўчирди, суммаларни ёзди, қўл қўйдирди. Иккинчиси эса бошқаларга қилгандек пулни ичидан 4 минг сўмни олиб қолиб иккита лотереяни пулга қўшиб узатди.

Мен "воқеалар ривожи нима бўларкин?" деб онамнинг ёнларида индамай турибман. "Болам менга лотереянг керакмас, менга берма" дедилар онам. Ёзиб турган бола индамаяпти. Аммо ёнидаги бола "хола лотерея олиш мажбурий" деди. Шунда онам "болам мен икки кишини пенсиясини олаяпман, майли икки дона берақол, аммо тўртта лотерея олмайман" дедилар. Шунда ўша боя "лотерея олиш мажбурий" деган бола "хола ҳар битта нафақа пулига иккитадан лотерея берамиз, икки кишининг нафақасини олсангиз демак тўртта лотерея оласиз" деб жавоб берди. Шунда олдинроққа, банк ходимларининг рўпарасига чиқдим-у чўнтагимдан телефонимни чиқардим ва ўша болага қараб "Нима деяпсан, яна бир қайтар-чи? Лотерея олиш қайерда мажбурий экан? Ҳозир сен ўзингни ва сенга ана шу лотереяни "мажбурий сотасан" деган каттангни фамилиясини айтасан ёки хозир шу ўтиришингда лотереянг билан суратга тушириб кейин сенлар билан бошқа жойда гаплашаман" дедим. Шунда ёзиб ўтирган боланинг ранги оқарди ва "ака, лотерея олиш мажбурий эмас" деди. Шунда мен "шошма, ҳозир ёнингдаги шеригинг "ҳар бир нафақа олувчига иккитадан лотерея олиш мажбурий" деб айтди, шу гапини мен эшитдим, ёнида ўтириб сен эшитмадингми?" дедим. У индамай қолди. Шу пайт ёнидаги "лотерея олиш мажбурий деган бола онамнинг қўлларидаги пулга шоша-пиша 24 минг сўм пулни қўшди-да "беринг, беринг лотереяни" деб лотереяни қайтариб олди. Отамнинг ҳам пенсияларини олганимиздан кейин мен ўша банк ходимларининг башарасини кўргим келмай уларнинг олдидан ташқарига чиқиб онамни кутиб қолдим. Ортимдан чиққан онам "болам шулар билан талашиб бекор қилдинг. Ҳозир сен чиққанингдан кейин ўша сен гапирган бола маҳалла посбонига "мана шунақа тўполон қиладиганларнинг исм-шарифини бизга ёзиб берасиз" деб айтди" деб қолдилар. "Йўғее, шунақа дедими? Бирпас шошмай туринг уларга исм-шарифимни ўзим айтиб келаман" деб ортга бурилганимдан онам "қўй болам тўполон қилма, яна келишади булар, ана ўшанда гапирасан" деб қўлимдан тортиб ушлаб қолдилар. Мен онам билан чиқиб кетдим.

Банк ходимлари эса менга ўхшаган ҳаққини талаб қилган битта-яримтага "Лотерея олиш мажбурий эмас" деб лотерея бермагани билан қолган нафақахўрлар ўша лотереяни индамай олиб кетишаяпти. "Лотерея олиш мажбурий эмас" дегани билан ўша банк ходимлари биронта нафақахўрдан "мана, пул-буюм лотереямиз бор, хоҳласангиз олинг, хоҳламасангиз мажбурий эмас" деб ҳеч кимга айтаётгани йўқ. Аксинча, онамга ўхшаб "менга лотерея берма" деганларга ҳам "иккитадан лотерея олиш ҳар бир нафақахўрга мажбурий" деб ўтирибди.

Менга энг ёмон таъсир қилгани ўша банк ходими ўз ҳаққини талаб қилган ва қилаётган одамларга таҳдид қилиб, халқнинг орасида ошкора ва қўрқмасдан махалла посбонига қарата "бизга мана шунақа тўполон қиладиган одамларнинг исм-шарифини ёзиб берасиз" деганидир. У бу билан "бошқалар кўриб қўйсин, биз билан баҳслашаётганлар билан бошқача гаплашамиз" деган маънода бизнинг баҳсимизга томошабин бўлиб кўриб ўтирган одамларнинг руҳини синдирмоқчими? У ўзича "шунақа десам бошқалар баҳслашмай, индамай лотереяни олиб кетаверади" деб ўйладими?

Энди лотереяга келсак, қандайдир банклар ўз лотереяларини анчадан бери чиқаради. Биз тарафларда олдин ҳам онда-сонда нафақаларга қўшиб берарди. Лекин музофотимизда мана шу лотереядан кимдир, нимадир ютибди деб эшитмаганман. Майли шу лотереядан кимдир нимадир ютган-у мен эшитмаган бўлиб ҳам чиқай. Аммо бу ўша лотереяни нафақаларга қўшиб мажбурий қилиб ёки одамларга лотереяни сотиб олиш мажбурий эмаслигини айтилмасдан тарқатилишига асос бўла олмайди. Энг ёмони, майли мен қайерларгадир шикоят қилай, ўша банк ходими ишдан бўшатилсин ҳам дейлик, аммо бу билан нима ўзгаради? У ходимни ўрнига бошқаси келади. Ёки ўша лотерея бизнинг маҳалламизда мажбурий тарқатилмаса бошқа маҳаллаларда, бошқа ҳудудларда мажбурий тарқатилаверилади. Шундай экан муаммонинг ечими шу-ки ҳукуматимиз банкларга қандайдир лотереяларни чиқариб нафақахўрларга бундай йўллар билан тарқатишни батамом тақиқлаши керак, вассалом.

Мен кечадан бери менга тахдид қилган банк ходимига қарши қандай чора кўриш хақида ўйладим. Агар у ортимдан ўша таҳдидли гапини гапирмаганида юқоридаги гаплар ёзилмаслиги ва мен ёпиғлик бу қозонни очмаслигим ҳам мумкин эди. Аммо унинг таҳдидли гапидан кейин мен индамай кета олмас эдим. Шу учун кечадан бери қайерга, қандай тарзда шикоят қилишни ўйлаяпман. Аввалига Халқ банкининг туман бўлими бошлиғи ҳузурига бориш ва бўлган воқеани айтиб бериб ўша ходимга қандайдир чора кўрдиришни хам ўйладим. Иккинчи режам эса туманимиз марказида очилган Халқ қабулхонасига мурожат қилиб банк ходимининг менга нисбатан айтган ўша таҳдидли гапи учун жавобгар қилиш бўлди. Учинчи режа эса воқеаларни қандай содир бўлган бўлса ўшандай ҳолда ёзиб электрон ОАВ лари орқали бошқалар билан баҳам кўриш ва бу орқали шунга ўхшаш воқеалар мамлакатимизнинг бошқа худудларида ҳам бўладими ёки йўқми буни билиш бўлди. Албатта, ушбу ёзганларим интернет сайтларда чиқадиган бўлса Халқ Банкининг бош идораси, вилоят бошқармаси, туман бўлими раҳбарлари нимадир деб воқеани бутунлай инкор қилишлари ҳам мумкин. Аммо, нима бўлганда ҳам энди ўзгариш пайти келди. Энди эскичасига ишлаб бўлмайди. Бу ёзганларим балки эффект берар балки бермас, аммо барибир "Халқ банк"и раҳбарлари янгича ишлаш тизимига ўтишлари керак. Зеро давр шуни талаб қилмоқда. Акс ҳолда бундай эътирозларни ҳали кўплаб эшитадилар ва охири ҳар қандай ҳолатда хам ўзгаришга мажбур бўладилар.

P.S. Бу пост икки йил олдин ёзилган эди. Ўшанда кимларнидир илтимоси билан бу қораламани ҳеч қайси сайтга бермадим. Аммо, архивда турган эди. Ўшандан бироз ўтиб бизга лотереяни мажбурлаб беришни ҳам тўхтатишган эди. Боя жиззахлик канал аъзосининг "бизда ҳалиям лотереяни мажбурий беришаяпти" деб ёзганидан кейин шу постни каналда эълон қилишга қарор қилдим. Сизга эса маслаҳатим, ҳақсизликни кўрсангиз бефарқ бўлманг.

Ғайрат Йўлдош