Бир жуфт калиш
Бир жуфт калиш
78 08:20 02.05.2020
Рамазон яхши-да. Ёшу қарининг қалбига илоҳий нурлар ёғилиб, иймон сайқалланади.
Қутлуғ кунларнинг бири эди. Шаҳар марказидаги дорихона олдида ўн уч ёшлар чамасидаги йигитчага кўзим тушди. Қоқ пешин. Тик қуёш нурларидан бир кўзини қисиб, ориққина жуссасига футболчиларнинг кийими ёпишиб қолган бола сояга ўтмайди. Мен-ку зарурат туфайли кўчага чиқдим. У-чи?
У икки қадам наридаги масжид томон бесаранжом қараб қўярди. Қўлида нимадир солинган оғиргина халтаси ҳам бор. Дорихонадан чиқиб ишим битган бўлса-да, кузатишда давом этдим. Буни пайқаб қолган йигитча чопиб олдимга келди.
—Холажон,— деди уялибгина ерга тикилиб, — Сиздан бир нарсани илтимос қилсам бўладими?
Танимаса ҳам кўзларимга қараб жавдираб турган болага "майли" дейишим билан қўлидаги халтага ишора қилди:
-Илтимос, мана шу халтадаги калишларни масжидга бериб чиқайлик.
—Нега? Кимники улар?
Болакай ерга қаради
—Ҳеч кимники. Яп-янги. Ўзим сотиб олдим. Намозхонларга керак бўлиб қолар... Бобом оғир касал. Саломатликларида ҳар куни шу масжидда намоз ўқирди...
—Энди чиқа олмайдими?
Бола оғир хўрсиниб, бош чайқади.
—Худо билади... Тунов куни менга болаликларида рўй берган бир воқеани айтиб бердилар. Эшитасизми?
—Эшитаман.
—Бобомнинг болалиги жуда оғир даврларга тўғри келиб, кўп қатори ўта ночор кун кечиришган. Урушдан кейинги йиллар бўлгани сабабли қорниларини амаллаб туйдиришаркану, увада кийимларда юраверишар экан. Баҳор, ёз, куз амаллаб ўтар, фақат қаҳратон қиш ойларида совуқ жон-жонларидан ўтиб кетган экан.
Бир йили Рамазон қиш бошига тўғри келибди. Оч-нахор болалар"одамлар туршак, қоқилар билан дўппимизни яримлатиб беришадику " деб мактабдан чиқибоқ Рамазон қўшиғини бошлаб маҳаллаларни айланишар экан. Баъзилар ниманидир илинар, баъзилар эса уйда ҳеч нарса йўқлигини билдирмаслик учун эшикни очмасликни афзал билишар экан.
Ўшандай кунларнинг бирида бобом ҳов анави сойга тушиб кетибди. Ўзини-ку амаллаб ўртоқлари сувдан чиқариб олишган, аммо бир пой эски брезент ботинкаси оқиб кетибди. У роса йиғлабди. Ахир оёғида бўлмаса кўчага чиқа олмас, мактабга бора олмас экан-да. Икки кун ташқарига чиқмабди. Бироқ тезда зерикибди. У вақтлар китоблар уйга берилмас, дарсликлар саноқли бўлгани боис мактабнинг ўзидагина фойдаланиш мумкин экан. Учинчи куни бир пой батинка билан бўлса-да, мактабга бормоқчи бўлибди. Иккинчи оёғини тўшакдан ортган қора пахта ва эски астарлик билан яхшилаб ўраб, онасининг кўзини шамғалат қилиб, қочиб кетибди.
Одамлар дуч келиб қолса дарров ўтириб, увадали оёғини яширармиш-да, ботикасининг боғичини ечиб қайта боғлармиш. Шу тариқа масжидгача ўтириб, туриб аранг етиб келибди. “Мактабгача ҳали узоқ, ичкарига кириб бир оз исиниб оламан” деб эшикни очибди. Қараса, пойгакда намозхонларнинг калишлари турганмиш. Бечора бобом азбарои қийналиб кетганидан ёмон ишга қўл урибди. У ёғ-бу ёққа аланглабдию, бир жуфт эскигина, орқаси йиртиқ калишни олиб, қочиб қолибди. Мактабга калишни дарҳол оёғига илиб, синфхонага кирибди.
У замонларда болалар қирқ бешинчи ўлчамдаги этикда келсаям биров эътибор бермас экан. Ҳамма опа-ака, хола-тоға,ота-онанинг эски-тускисида келаверар экан. Шу сабаб бобомнинг оёғида шалоплаб турган қуйма калишга биров қараб ҳам қўймабди. Ота-онасига "Калишни шаҳарга кетиб қолган Содиқ муаллим берди" деб атиги бир ҳафтагина кийиб юрибди. Аммо ҳалоллик билан кун кечираётган оила фарзанди эмасми, оёғидаги таги юпқалашиб, тешилиб кетган эски калиш бир ботмон тошдай оғирилик қилармиш. Ахийри виждони ғолиб чиқиб, мактабдан қайтишда масжид эшиги олдида калишини ўғирлатган одамнинг дараги чиқиб қолармикин деб пойлайдиган бўпти. “Кимнинг калиши йўқолган?“ деб такрор-такрор уялмай сўрармишу, намозхонлардан садо чиқмасмиш. Қор гупиллатиб ёғар, бироқ оёқ кийимсиз қолган одамни ўйлаб совуқ таъсир қилмай кун қорайгунга қадар қолиб кетар экан...
Бир куни қаттиқ изғирин турибди. Масжидни супуриб сидириб, атрофдаги қорларни кураб турадиган Қодир тоға кичкина даричадан бошини чиқариб уни чақириб, олма чой билан сийлабди.
Калиш ўғриси эса пушаймонлик билан бўлган воқеаларни айтиб берибди. Қодир ота "Ҳа, яхши иш қилмабсан, аммо ҳеч ким калишини ўғирлатдим демади, болам. Қолаверса, бирорта намозхоннинг нарсаси йўқолса, энг аввал мени хабардор қилишади. Сен уйингга боравер... Ҳа айтганча, фақат яхши ўқигин, болам. Бирорта ҳам сабоқни қолдирма! Катта одам бўлиб, халққа нафинг тегсин! Калишни эса кийиб туравер, эгаси топилса, ўзим хабар бераман" деб қулоғигача қизариб ўтирган айбдорни жўнатиб юборибди.
Шундан сўнг бобом масжидга бормай, "калиш эгаси топилса, Қодир ота хабарини берар" дея ўқишини давом эттирибди. Қиш чилласи ўтиб, ҳамал амаллаб қолганида эрталаб кўчага чиқиб кетган дадаси пешинда масжид қоровули Қодир ота қазо қилганлиги ҳақидаги хабар билан келибди.
- Тавба, - деб, хўрсинармиш отаси - Қодир ота туппа-тузук одам, охирги пайтлар айниб қолган эди. Касал бўлишига ўзи сабабчи. Айтишларича, қора совуқда ҳам, қалин қорда ҳам азонда яланг оёғига увада, латта-путталарни ўраб, масжид атрофларида қор курарди... Узоқдан кузатган одамлар қуёндек сакраб йўлакларни тозалаётган қоровулни кўп кузатишган. Биров-ку ўзидан орттириб беролмайди. Ялагоёғлик сабабини сўрашса: "Ана калишим, ботинкам, этигим ҳам бор. Қизиб кетаётганимдан ечиб ташладим" деб ғалати иржайиб ишини қилавераркан. Ўзим ҳам унга бир неча бор танбиҳ бергандим. Қулоқ солмадилар-да..
Бечоранинг оёқларини совуқ олиб, қорасон танасига ёйилиб ўлибди. Оёғи кўмирдек қорайиб кетибди раҳматлининг...
Отасининг гапларидан бобом ҳушидан айрилай дебди. Наҳотки?! Наҳотки ўғирланган мана шу калишлар эгаси уни олма чой билан сийлаб уйига қайтариб юборган ўша Кодир ота бўлса?! Нега у бирон марта уни уришмади. "Ўғри!" деб ёқасидан олиб сазойи қилмади? Бечора шунинг учун кундузи хужрасидан чиқмай ўтирар эканда. Бобом қаттиқ пушаймон бўлибди. Аммо энди жуда кеч эди...
Бобом бирорта ҳам сабоқни қолдирмай, мактабни аъло баҳоларга битирибди. Институтда ҳам ўқиган. Қодир бобога берган ваъдасини бажариб катта одам бўлиб эл-юртга нафи тегди. Қаерда бўлмасин, ҳар йили Рамазонда қоровул чолнинг мозорини зиёрат қилиб, масжид остонасига ҳеч кимга билдирмай 15-20 жуфт калиш қўйиб кетар эканлар. Аммо гуноҳи ҳақида бировга айта олмаган.
Ҳозир аҳволлари жудаям оғир. Уч-тўрт кун илгари бир оз ўзларига келиб, шу воқеаларни менга айтиб бердилар. Қачонлардир қилган ўша ишига ҳамон виждони азобда. Бу йилги Рамазонда ҳам масжидга қанчалик боришни хоҳлаётганликларини кўзларига қараб билдим ва нима қилишим кераклигини тушундим. Қўшни акаларга қўшилиб машина ювдим. Уч кунлик иш хақимга эса манави калишларни сотиб олдим... Зора бобом тузалиб, яна оёққа туриб кетса... Холажон, илтимос, йўқ деманг. Бирга кириб, бобом ҳақида кимгадир гапириб, шу калишларни бериб чиқайлик.
Унга йўқ дея олмадим. Масжид саришталигига жавобгар одамни топиб, йигитчанинг ҳикоясидан яна бир карра мутаассир бўлдим. Қодир отанинг ҳақига дуо қилдик. Биттагина қилмиши учун бир умр азобланган инсонга эса шафоатлар сўраб, Аллоҳга муножот айладик.
Муаззам Иброҳимова