Ифторлик фазилатлари

Ифторликнинг фазилати


Рўзадор учун икки хурсандчилик бор бўлиб, биринчиси рўзасини очган пайтда бўлса, иккинчиси эса, Роббисига йўлиққан пайтда бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло шундай деди: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза мустасно. Чунки, у Мен учундир ва унинг мукофотини ўзим бераман”.
Рўза қалқондир. Бирортангиз рўза тутган куни фаҳш сўз айтмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадор одамман”, десин. Муҳаммаднинг жони унинг қўлида бўлган зотга қасамки, албатта рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан яхшироқдир. Рўзадорни хурсанд қиладиган икки хурсандчилик бор: ифтор қилганида хурсанд бўлади ва Роббига йўлиққанида рўза тутганига хурсанд бўлади”, дедилар. Бухорий ривоят қилган.
Рўзадорнинг биринчи хурсандчилиги шу дунёда ифторлик пайтида бўлади. Бу хурсандчиликнинг боиси бир нечта бўлиб, улар қуйидагилар:
1. Зиммасидаги шу кундаги рўзанинг фарзини адо қилгани сабабидан.
2. Шу фарзни адо қилишга Аллоҳ таоло унга куч қувват ва тавфиқ бергани сабабидан.
3. Шу куннинг рўзасини тўлиқ адо қилганидан кўплаб савобларга эга бўлгани сабабидан.
4. Кун бўйи бўлган очлик ва чанқоқликдан кейин Аллоҳ таоло унга таомланишни насиб қилгани сабабидан.
5. Ифтор пайтда дуолар ижобат бўлиши сабабидан.
Иккинчи хурсандчилик охиратда бўлиб, Роббисига йўлиққан пайтда рўза тутгани сабабидан савоблари кўпайгани учун бўлади.

Ифторликнинг суннат амаллар
Бу ўринда банданинг бу дунёда хурсанд бўлишига сабаб бўладиган ифторлик ва ундаги суннат амаллар ҳақида сўз юритамиз.
Бунга ушбу ҳадислар далил бўлади:
Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон сизлардан бирингиз оғзини очса, хурмо билан ифтор қилсин. Чунки, у баракадир. Агар (хурмони) топа олмаса, сув билан ифтор қилсин. Зеро, у покловчидир”, дедилар. Аҳмад, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ва Доримий ривоят қилишган. Термизийдан бошқаси, “Чунки, у баракадир”, лафзини зикр қилишмаган.
Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳ: “Ошқозонда таом бўлмаса, хурмо таом бўлади. Агар ошқозонда таомнинг қолдиқлари қолган бўлса, уни чиқариб, ошқозонни тозалайди”, деб айтган.
Ибн Малак роҳматуллоҳи алайҳ: “Хурмо ширин ва озуқадир. Нафс эса, рўза пайтида очлик билан чарчаб, толиқади. Шореъ томонидан бу чарчоқни ширин ва озуқа бўлган хурмо билан кетказишга тавсия қилиняпти”, деган.
Шунингдек, табиблар томонидан, хурмо кўзни равшан қилиши, ҳам айтилган.
Кейингиси сувдир. Сув ҳам Аллоҳ таолонинг бизга берилган неъмати бўлиб, у ҳаёт манбаи ва покловчидир. Бу ҳақида Ибн Малак роҳматуллоҳи алайҳ: “Сув нафсдаги чанчоқни кетказади”, деб айтган. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғзиларини ҳўл хурмолар билан очардилар. Агар ҳўл хурмолар бўлмаса, қуруқ хурмолар билан (оғиз очардилар). Агар қуруқ хурмолар ҳам бўлмаса, бир неча қултум сув ичардилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Ифторлик пайтида қилинган дуолар ижобат бўлади. Шунга кўра, Набий алайҳиссалом ифтор пайтида дуо қилганлар. Бу ҳақида ҳадиси шарифларда шундай дейилган:
Муъоз ибн Зуҳро роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ифтор қилсалар: “Аллоҳумма лака сумту ва ала ризқика афторту” (Эй, Аллоҳ! Сен учун рўза тутдим ва Сенинг ризқинг билан ифтор қилдим), дер эдилар”. Абу Довуд мурсал ҳолда ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуникига келдилар. У нон ва ёғ олиб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам едилар, сўнгра: “Афтора индакумус соимун ва акала тоъамакумул аброр ва соллат алайкумул малаика” (Рўзадорлар ҳузурингизда ифторлик қилдилар ва таомларингни яхшилар едилар ва фаришталар сизларга салавот айтдилар)”, дедилар. Абу Довуд ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда Набий алайҳиссалом ифторлик учун таом ҳозирлаган киши ҳаққига дуо қиляптилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Абул Ҳайсам ибн ат-Тайҳон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун таом тайёрланди. Сўнгра, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у зотнинг саҳобаларини чақирди. Улар таомдан фориғ бўлишгач (тановул қилиб бўлишгач), у зот: “Биродарингизни тақдирланглар”, дедилар.
Улар: “Эй, Расулуллоҳ! Уни тақдирлаш қандай бўлади?”-дейишди.
У зот: “Агар кишининг уйига кирилса ва таоми ейилса ва шароби ичилса, у учун дуо қиладилар, мана шу уни тақдирлашдир”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Демак, бизлар фуқороларнинг уйига , ифторлик қилиб, холидан хабар олиб келган саховатлик мўмин биродарларимизи ҳаққига дуо қилиши керак бўлар экан.
Аллохим сахават кўрсатиб ,молларининг закоти ,ушрлари ,фитр садақа ва саховатлари билан халқимизи корига яраётган ,химматлик инсонларни молиявий ибодатларини қабул қил. Химматларини зиёда қил, мол дунёсига барокат бер.Охиратда ўзингни саховатлик дўстларинг қаторида тургизгин .Омин.

Абу Бакр Сиддиқ жоме масжиди имом хатиби Абдуманноп Усмонов