April 28, 2020

Шайх ҳазратлари билан боғлиқ қизиқарли воқеалар


Қўшалоқ қувонч

Шайх ҳазратлари 1952 йил 15 апрелда Андижон вилояти Асака тумани Ниёзботир қишлоғида туғилган. Отаси Муҳаммад Юсуф домла чўпон бўлишига қарамай, илмга муҳаббати кучли эди. Фарзанд қувончи қўшалоқ келиб, домла Бухородаги “Мир Араб” мадрасасига талабаликка қабул қилинди. Энди унинг олдида илм олиш машаққати билан бирга фарзанд тарбияси ҳам турарди. Ёзги таътилга келган пайтларида мардикорлик қилиб, бир йилга етгулик сармоя тўплар ва оиласига қолдириб кетарди. У доимо турмуш ўртоғига чақалоққа таҳоратли ҳолда кўкрак тутишни тайинлар эди. Қанчалар машаққатли бўлмасин, илмни пухта ўрганди. Фарзандларига ҳам гўзал тарбия ва илм берди. https://postda.uz/uzc/news/uzbnews/8403

Қуръон мусобақаси

Муҳаммад Амин домла акаси билан боғлиқ қизиқарли воқеани шундай хотирлайди:

— Бир куни дадам: “Ким бир пора Қуръон ёдласа, мукофот бор”, деб эълон қилдилар. Мен астойдил ҳаракат қила бошладим. Лекин акам бир ҳафтага қолмай, бир порани ўқиб бериб, мукофотни олдилар. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўша мукофот “Югидон” деган радио эди. Кейинчалик билсам, акам бир порани дадамнинг эълонларига қадар ёд олиб бўлган эканлар.

Шайх ҳазратлари доимо “Муҳаммад Содиқни Муҳаммад Содиқ қилган Муҳаммад Юсуф домла бўлади”, дея кўп такрорлар эди.

Кутубхона мудирининг эътирофи

Ливияда ўқиб юрган кезлари одатда олти ойда бир марта таътилга келар эдилар. Бир сафар келганларида “260 та китоб ўқидим”, дедилар. Бу бир кеча кундузда бир яримта китоб ўқидим, дегани эди. Мен ўшанда, “Акамиз ҳам лофчи бўлиб қолибдилар-да”, деб ўйлагандим. Кейинчалик Ливияда яшаганимизда бу гапнинг лоф эмаслиги аниқ бўлди. Кутубхона мудири бўлиб ишлаган Тоҳир Ноус шундай деган эди: “Муҳаммад Содиққа китоб ташиб чарчаганман. У кишига асосан Совет иттифоқига олиб кириш тақиқланган китобларни берардим”.

 

Шундай аканг бор экан...

Бир куни Ливияда катта бир анжуманда нутқ сўзладилар. Мажлисни олиб бораётган киши “Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Ўзбекистон” деб эълон қилди. У киши минбарга чиқиб, қоғозга қарамасдан, 20 дақиқалар чамаси араб тилида гапирдилар. Буни эшитган турк дўстларимиз ҳайрон бўлиб, каминадан: “Бу ким?” деб сўраб қолишди. Сўнг “Шундай аканг бор экан, нимага айтмагансан”, деб мени сўроққа тутишди. “Сизлар сўрамагансизлар, мен ҳам айтмаганман”, деб ҳазиллашдим. Уларнинг илтимосига кўра анжумандан сўнг бир соатча суҳбат уюштириб бердим. Шундан кейин улар “Бизнинг туркийлардан ҳам шундай олимлар бор экан”, деб фахрланиб, гапириб юришди