Куёв - ёвми?"
"Куёв - ёвми?"
Тадбиркорман. Ёшим 50 га яқинлашиб қолди. Фарзандларим камоли учун елиб-югурамиз...
Кунларнинг бирида машинамда кетаётганимда беҳосдан бир йигитни туртиб юбордим. Тормозни босишга улгурдим, аммо барибир темир - жонга оғриқ беради.
Машинамдан тушдим. Кайфиятим бузилди. Ўтган ҳафта бир талабани туртиб юборган эдим, контрактини тўлашга шантаж қилганди. Бу ҳам бир талаба бўлса керак деб ўйладим.
Машинамга разм солдим. Устага олиб борса, тузатса бўлади, ҳаражати кўп эмас.
Нарироқда йигит ерда қўли билан судралганча юришга ҳаракат қиларди.
- Тузукмисан?
- Ҳа, узур, кўрмай қолдим.
- Шифохонага олиб бораман, кетдик.
- Йўқ, шошилябман, кетаверинг, давоим йўқ.
- Жинни эмасмисан мабодо? Юр, ҳеч бўлмаса уйинггача олиб бораман.
- Машинангизда олиб борасизми?
- Йўқ, "опичлаб оламан"! Албатта машинамда олиб бораманда!
- Унда илтимос, мени анави масжидгача олиб боринг, кеч қолаябман.
- Калланг жойдами? Бир ўлимдан қолдинг, қанақа масжид яна?
- Жумага кеч қолмай деб шошилган эдим, сизни кўрмай қолдим. Илтимос, олиб боринг!
*
Уни машинамга ўтқаздим. Оёғи бироз лат ебди. Аммо оғриққа жим сабр қиларди.
Бир бекат наридаги масжидга келдик. Одам тумонат. У раҳмат деганча машинадан тушди. Оқсоқланиб кета бошлади. Бироз виждоним қийналди. Ортидан бориб, қўлидан ушлаб, юра бошладим. Таҳоратхонага кирдик. У ичкарига кириб кетди.
Мен ортга қайтмоқчи ҳам эдим, бир инсон "Биродар, келинг, мана таҳоратхона бўш" деди. Уялиб кетдим. Нима қилишни билмай кирдим. Ичкарида таҳорат олиш қоидаси илинган қоғозга қараб таҳорат олдим.
Одам кўп, бировни биров билан иши йўқ.
*
Азон янгради. Умримда бундай гўзал куйни эшитмаган эдим. Қулоқларим остида янграса, ичимда нимадир ўпирилар эди.
"Мен ҳам намоз ўқисам бўладими?" деб сўраганимда инсонлар "Шу ёшда ҳам намоз ўқишни билмайсизми?" деб жеркишса керак деб ўйлаган эдим. Ундай бўлмади. Одамлар қувонч билан ёнларидан жой ажратдилар. Бир инсонни тавсиясига кўра олдимдаги инсон нима қилса мен ҳам такрорлайдиган бўлдим.
*
Умримда илк бор масжидга киришим эди.
Намоз бошланди. Шунақанги роҳатланардимки, танамдаги бу ҳисни аввал туймаганим боис ўзимдан ҳайрон бўлардим. Ичимда нимадир порлагандай бўларди.
*
Ортимизда бир инсон кўзида ёш билан намоз ўқир, мен эса нега шунча йил бирон марта сажда қилмаганимдан, нега бу инсончалик ихлос билан намозда турмаганимдан уялардим.
Намоз тугаши билан ортимга ўгирилдим. Бу ўша - мен туртиб юборган йигит эди.
Шу бола мени ҳидоятимга сабабчи бўлди. Нимадир бўлди, билмайман, шу болага ғойибдан меҳрим тушди.
*
Намоздан сўнг уни масжид дарвозаси олдида кутиб олдим. Мажбурлаб шифохонага олиб бордим. Керакли дориларни олдим. Йигитни уйига ташлаб, ўзим ишимга равона бўлдим.
*
Шу кундан бошлаб ҳаётим ўзгарди. Масжиддаги ҳаловатни истай бошладим. Уйда ўзим намоз ўқий бошладим.
*
Дўконга бориб бир гала диний адабиётлар олиб келдим. Динимни ўрганишни бошладим.
Бу орада мендаги ўзгаришлар оиламга ҳам таъсир қилди. Фарзандларим уйдаги китобларни ўқиб, Исломга қизиқа бошлашди.
*
Қизим "Ота ҳижобга кираман!" деганида олам қадар севиндим.
Бироздан сўнг "Ота, бир дона ҳам узун кўйлагим йўқ экан. Бари калта экан" деб маҳзун бўлганида ичим зил кетди. Шунча йил қизимни иффатига ҳам аҳамият ҳам бермаган эканман. Бўғзимга нимадир тиқилди.
Қизим билан дўконга келдик. У истаган либосларни олдим. Қизим дўкондан аврати ёпиқ ҳолда чиқди. Умримда бу қадар кўчада мағрур юрмаган эдим.
Умрим бизнес билан ўткан экан.
Ҳозирда оилам намозхон. Оиламизда барака бор.
*
Қизим ва аёлим авратини пана қилгач қизимга совчиларнинг қатори узилиб қолди. Танишларимнинг бари дунёвий, иймонсизлар бўлгани учунми, келганлар қизимни ҳижобда эканидан таажжубланарди. Ўзим ҳам иймонсиз оилага қиз беришни истамадим. Мен каби умри жоҳилликда ўтсинми?
*
Кунлардан бир куни совчилар келди. Диндор оиладан сўраб келишибди. Қувондим! Аллоҳга ҳамд айтдим.
Совчилар келаси сафар куёвни олиб келадиган бўлишди. Ўзим савол-жавоб қилганим маъқулда!
*
Совчилар келди.
Не кўз билан кўрайки, куёвбола менинг қаҳрамоним, ҳидоятим сабабчиси - мен машинада туртиб юборган ва мени масжидга етаклаган йигит эди!
Кўзим ёшланай деди. Қувончдан бўлса керак.
Бир-биримизни танидик!
*
Қизим ҳозирда бахтли турмуш кечирмоқда, алҳамдулиллаҳ!
Куёвим, куёвим эмас- ўғлим қизимга Қуръон ўқишни ўргатаябди.
Ўғилларим ҳам поччасини жуда ҳурмат қилади.
Ахир у бизнинг ҳидоятимиз имоми-да!
*
Ҳамкасбларим баъзида ўксиниб, "Куёв - ёв эканда!" деб қўяди.
Мен эса кулимсираб қўяман.
Куёв - ёв эмас, у оила ғурури!
(Аноним)
*
Қисқартирилган ҳолда оққа кўчирилди.
Nurmuhammad Abdurаkhmanov сахифасидан