САҲОБАЛАР ҲАЁТИДАН ЛАВҲАЛАР УМАЙР ИБН ВАҲБ
САҲОБАЛАР ҲАЁТИДАН ЛАВҲАЛАР
УМАЙР ИБН ВАҲБ
Умайр ибн Ваҳб Жумаҳий Бадр жангидан эсон-омон қайтиб келди, лекин ўғли Ваҳб мусулмонларнинг қўлига асир тушиб қолди.
У ўзининг илгарги қилмишлари учун мусулмонлар ўғлини азоблашларидан, Расулуллоҳ алайҳиссалом билан саҳобаларига етказган азиятлари учун фарзандини қийноқ-қистовга солишларидан қўрқарди.
Бир куни Умайр Каъбадаги бутларни тавоф фиишга бориб масжид ёнида ўтирган Сафвон ибн Умайяга кўзи тушди. Унга яқинлашиб:
— Анъим сабаҳан (“Тонгинг неъматли бўлсин”, жоҳилият давридаги кўришув), эй қурайш улуғи, — деб саломлашган бўлди.
— Анъим сабаҳан, Абу Ваҳб, — алик олди Сафвон. — Бери кел, бир оз суҳбатлашайлик. Гапни гапга уласанг, вақт ҳам тез ўтади.
Улар ёнма-ён ўтириб Бадр жангини, қурайшликларга етган улкан мусибатни эслашди. Муҳаммад алайҳиссалом ва саҳобаларнинг қўлидаги асирларни номма-ном санашди ва мусулмонларнинг қиличлари остида жон бериб, Қалиб қудуғига дафн этилган қурайш улуғларини қайғу билан ёдга олишди.
Сафвон ибн У майя чуқур хўрсиниб:
— Худо ҳаққи, уларсиз ҳаёт ҳаёт эмас, — деди.
— Тўғри айтасан, — тасдиқлади Умайр. Бир оз сукут қилиб давом этди: — Каъбанинг Роббисига қасамки, агар тўланмаган қарзларим бўлмаганда ва мендан кейин бола-чақамни қаровсиз қолиб кетишидан қўрқмаганимда эди, ҳозироқ бориб Муҳаммадни ўлдирардим. Унинг масаласини ҳал қилиб, ҳамма ёмонликларига чек қуйган бўлардим. — Сўнг овозини пастлатиб қўшиб қуйди: — Ўғлим Ваҳб мусулмонлар қўлида асир бўлиб ётибди, шунинг учун мен Ясрибга борсам, бировда шубҳа уйғотмайман.
* * *
Сафвон ибн Умайя Умайр ибн Ваҳбнинг бу гапидан кейин, қулай фурсатни бой бермаслик учун дарҳол ўзининг ёрдамини таклиф этди:
— Эй Умайр, қарзингни мен ўз зиммамга оламан, қанча бўлса ҳам тўлайман. Бола-чақангни эса ўз фарзандларим қаторига қўшиб қуяман. Молу давлатим зиёда, уларнинг кам-кўстларига етиб ортади.
Умайр деди:
— Майли, бўлмаса, гап ўртада қолсин. Бу сирни икковимиздан бошқа ҳеч ким билмасин.
Сафвон сир caқлашга сўз берди.
* * *
Бутун вужудини Муҳаммад алайҳиссаломга нисбатан нафрат қамраб олган Умайр масжиддан қайтиб келиши билан ўзининг разил ниятини амалга ошириш учун йўл анжомларини ҳозирлай бошлади. Унинг сафари ҳар қандай шубҳадан холи эди. Чунки мусулмонлар қўлига асирга тушган қариндошларини товон бериб қўқазиб олиш учун қурайшликлар Ясрибга серқатнов бўлиб қолишган эди.
Умайр ибн Ваҳб қиличини чархлатиб, тиғига заҳар суркатди. Туясига миниб, Мадинага равона бўлди. Қалбини ёвуз ният, ёмон фикрлар забт этган эди.
Мадинага етиб келгач, Умайр Расулуллоҳни қидириб, тўғри масжидга йўл олди. Масжидга бир оз етмасдан туясини чўктирди.
* * *
Бу пайтда Умар ибн Хаттоб ва бир гуруҳ саҳобалар масжид эшигидан сал нарироқда Бадр жанги ва қурайшликларга етган талафотларни эслаб ўтиришар, муҳожир ва ансорларнинг жангда кўрсатган қаҳрамонликларини бир-бирларига тўлқинланиб сўзлашар, ғалаба ато қилгани учун Оллоҳга шукроналар айтиб, душманлари чеккан мағлубиятдан ибратланишарди. Тасодифан ҳазрат Умарнинг кўзи қилич таққанча масжид сари келаётган Умайр ибн Ваҳбга тушиб қолди. Хавотирланиб ўрнидан турдида, шерикларига:
- Анови Оллоҳнинг душмани Умайр ибн Ваҳб-ку... Худо ҳаққи, у бир ёмонликни кўзлаб келганга ўхшайди. Маккадалигимизда доимо мушрикларни бизга қарши гижгижларди. Бадрдан олдин ҳам жосуслик қилиб юрарди. Юринглар, Расулуллоҳдан кўз-қулоқ бўлиб турайлик, йўқса бу маккордан ҳар нарсани кутса бўлади, — деди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига чопиб бориб огоҳлантирди:
- ЁРасулуллоҳ, Оллоҳнинг душмани Умайр ибн Ваҳб қилич тақиб келаяпти. ҳойнадой, нияти бузуқ.
Пайғамбар алайҳиссалом:
- Майли, у кирсин, — дедилар.
Умар розияллоҳу анҳу Умайрни ёқасидан тутиб, қиличининг ипини бўйнига ўраб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига судраб олиб кирди.
Пайгамбар алайҳиссалом Умарга: “Уни қуйиб юбор, ўзинг сал орқароқда тур”, деб буюрдилар. Сўнг Умайрга юзланиб, “Бери кел”, дедилар.
Умайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб, “Анъим сабаҳан” (“Тонгинг неъматли бўлсин”), деб саломлашган бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
— Оллоҳбизга сенинг саломингдан кўра
яхшироғини ато қилди, эй Умайр. У “Ассалому алайкум”дир. Бу жаннат аҳлининг саломлашуви.
— Сенинг ўзинг ҳам яқидагина бизга ўхшаб саломлашиб юргандинг. Энди янгичасини ўрганибсан-да? - киноя қилди Умайр.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг не мақсадда келганини сўрадилар.
— Ўғлим қўлингда асир, — деди Умайр, — уни озод қилишни илтимос қилиб келдим.
— Унда нега қилич тақиб юрибсан?
— Нима қилибди қилич тақсам? Нимаям қилиб бера оларди бу қилич? Бадрда ҳеч қандай фойдаси тегмади-ку!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг гапларига ишонмадилар.
— Тўғрисини айт, нега келдинг?
Умайр яна аввалги баҳонасини такрорлади:
— Фалон куни сен Сафвон ибн Умайя билан Каъбанинг ёнида ўтириб, Қалибга кўмилган қурайшликларни ёдга олдинглар. Шунда сен: “Агар қарзим ва бола-чақам ташвиши бўлмаганда эди, Муҳаммадни ўлдиришга ўриниб кўрардим”, дединг. Сафвон қарзингни тўлашни ва бола- чақангни ҳолидан хабар олиб туришни ўз зиммасига олди. Эвазига сен мени қатл қилишинг керак... Лекин Оллоҳ таоло бунга йўл қуймайди, — дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Умайр бир лаҳза ўзини йўқотиб қуйди. Ҳушини йиғиб олиши билан:
- Сиз Оллоҳнинг ҳақ пайғамбарисиз. Биз илгари сизга келаётган илоҳий хабарларни ёлғонга чиқарар эдик, нозил бўлаётган ваҳийларни ҳам инкор этар эдик, лекин Сафвон ибн Умайя билан орамизда бўлиб ўтган гапларни фақат иккимизгина билар эдик... Энди эса, буни сизга Оллоҳбилдирганига ишончим комил бўлди. Оллоҳга ҳамдлар бўлсинки, мени Исломга ҳидоят килиш учун ҳузурингизга келтирган экан, — деди.
Сўнг калимаи шаҳодатни айтиб, мусулмон бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом асҳобларига тайинладилар:
- Биродарингизга дин арконларини ўргатинг. Қуръондан таълим беринг ва асирини қуйиб юборинг.
* * *
Умайр ибн Ваҳбнинг иймонга келиши мусулмонларни ниҳоятда севинтириб юборди. Ҳатто Умар ибн Хаттоб: “Қилич тақиб келаётган пайтида Умайрдан кўра чўчқа мен учун яхшироқ эди. Ҳозир эса у менга баъзи фарзандларимдан ҳам ортиқроқ бўлиб қолди”, деб тан олди.
Умайр ислом таълимларини ўрганиб, қалбини Қуръон нури билан тўлдираётган, Макканию маккаликларни ёдидан чиқариб, ҳаётининг энг масъуд онларини бошидан кечириб турган бир вақтда Сафвон ибн Умайя хом хаёлларга берилиб, қуйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юрарди. У қаерда мушриклар тупланиб турган бўлса, борарди-да:
- Қувонинглар, яқинда бир хушхабар келади. У Бадр туфайли қалбингизда қолган ярага малҳам бўлади, — деб суюнчиларди.
* * *
Сафвон ибн Умайя кўзлари тўрт бўлиб йўл пойларди. Хабар ҳадеганда келавермагач, кўнглига ғулғула тушиб қолди. Маккага келган ҳар бир карвондан Умайр ҳақда суриштирар, лекин ҳеч кимдан қалбига таскин берадиган тайинли жавоб эшитмас эди.
Охири бир отлиқ киши Умайрнинг мусулмон бўлганини айтди. Бу хабар Сафвоннинг қулоғига яшин сингари урилди. Чунки у ер юзидаги одамларнинг ҳаммаси исломга кирса ҳам, Умайр ибн Ваҳб асло мусулмон бўлмайди, деб юрарди.
* * *
Умайр ибн Ваҳб эса динни ўрганишга, Оллоҳнинг каломини ёдлашга қаттиқ киришиб кетди. Бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига келиб, Маккага қайтишга изн сўради:
— Ё Расулуллоҳ, мен узоқ вақт Оллоҳнинг нурини ўчиришга ҳаракат қилдим, мусулмонларга кўпдан-кўп азиятлар етказдим. Энди менга Маккага бориб, қурайш қабиласини Оллоҳга ва Унинг Расулига даъват қилишимга ижозат берсангиз. Агар сўзимга қулоқ солсалар хўп-хўп, юз ўгирсалар, илгари мусулмонларни азоблаганимдек уларни қийноқ-қистовга соламан.
Расулуллоҳдан рухсат олгач, Умайр Маккага етиб келди. Биринчи бўлиб Сафвон ибн Умайянинг уйига кириб хитоб қилди:
— Эй Сафвон, сен Макка оқсоқолларидан, қурайш оқилларидан бирисан. Инсоф билан айт-чи, сизларнинг тошларга ибодатингизни, улар учун қилаётган қурбонликларингизни дин деб бўладими? Мен мусулмон бўлдим! Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ.
* * *
Умайр Маккада исломга даъват қилиш ишларини авж олдириб юборди. Кўпчилик у туфайли мусулмон бўлди.
Оллоҳ таоло Умайр ибн Ваҳбга ажри азим ато этиб, қабрини нурга тўлдирсин.