July 1, 2020

БОЙЛИКНИ ДУО ҚИЛИБ СЎРАШ

БОЙЛИКНИ ДУО ҚИЛИБ СЎРАШ

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ривояти. Бир куни Холид ибн Валид Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга турмушидаги ночорлик дан шикоят қилди. Шунда Расули Акрам дедилар: "Қўлларингизни осмонга кўтаргинда, Аллоҳдан кенг ризқ сўра!"
"Кенг ризқ" банданинг ризқи кенг ва баракали, умри фаровон ва осуда, касб-кори ҳалолдан бўлишидир. Демак, муқаддас динимизда кенг ризқ, ҳалол мол-и дунё хуллас бойлик сўраб дуо қилиш ман қилинган эмас. Зеро, бойлик фақат ёмонлик ва фитнадангина иборат бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Холид ибн Валид розийаллоҳу анҳуга кенг ризқ сўраб дуо қилишга буюрмасдилар ҳамда у зоти шариф: "Мол яхши кишининг қўлида бўлса, қандай яхши", деб марҳамат қилмасдилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда биз умматларига қай йўсинда дуо қилиш лозимлигини таълим бериб, ушбу дуоларни қилганлар: "Эй Аллоҳим, мен Сендан манфаат берадиган илм, кенг ризқ ва қабул қилинадиган амални сўрайман" -деб марҳамат қилдилар.
(Имом Аҳмад Умму Салама розийаллоҳу анҳодан ривоят қилган).Одатда бомдод намозининг икки ракъат фарзидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу дуони ўқир эдилар.
Яна бошқа бир ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Эй Аллоҳим, мен Сендан ҳидоят, тақво, иффат ва бойлик сўрайман"- деб дуо қилдилар.
(Имом Муслим, Термизий ва Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилишган).
Хулоса қиладиган бўлсак, бойлик сўраб дуо қилиш билан бирга ҳидоят, тақво, манфаатли илм ва амал ҳамда иффат ҳам сўрашлигимиз керак. Зотан, банда қуруқ бойлик билан асло бахтлик бўла олмайди. Яна Роббимиздан бахилликдан ҳамда мол-и дунё фитнасига учишдан паноҳида сақлашини сўрашимиз лозим бўлади.

"Ал-Бухорий" жомеъ масжиди имом хатиби Олимжон Рахимов

Пахтаобод туман АБУ БАКР СИДДИК ЖОМЕ МАСЖИДИЪ Бош имом ҳатиби Абдуманноб Усмонов сахифасидан олинди