Ливерпулда мусулмонларга муносабатни ўзгартирган футболчи
Ливерпулда мусулмонларга муносабатни ўзгартирган футболчи
15 10:33 25.06.2020
2019 йили ўтказилган тадқиқотда Муҳаммад Салоҳнинг "Ливерпул"га таъсири унинг майдонда қилган ҳар қандай ишидан ҳам зиёдароқ эканлиги аниқланган. Бу ҳақда Bleacherreport.com сайтида маълумот берилди.
Стенфорд университетининг иммиграция сиёсати лабораториясига кўра, Салоҳ 2017 йил июн ойида маҳаллий футбол клуби билан шартнома имзолаганидан бери Ливерпулдаги исломофобия ва мусулмонларга нафрат асосидаги жиноятларнинг сони кескин камайган. "Ўйинлар, ўйиндан кейинги интервьюлар, клуб томонидан чиқарилган реклама видеолари ва футболчининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мухлислар Салоҳнинг майдонда ва ундан ташқаридаги ҳаёти ҳақида кўп маълумотга эга бўлишади", деб ёзади тадқиқотчилар. "Салоҳ гол урганида шукрона ўлароқ сажда билан нишонлаган пайти томошабинлар, эҳтимол, биринчи марта намоз қандай кўринишга эга эканлигини кўришди".
Тадқиқот учун ушбу ҳудуд полиция маълумотлари, футбол ишқибозларининг 15 миллионта твити ўрганилган ва ўзини "Ливерпул" ишқибози деб биладиган 8000 нафардан ортиқ одам ўртасида сўров ўтказилган. Тадқиқотга кўра, 2001 йил 11 сентябрдан бери Буюк Британияда исломофобия "тобора ўсиб бормоқда", шу жумладан, "YouGov" томонидан 2015 – 2017 йилларда ўтказилган сўровномада аҳолининг 60 фоизи "Ислом Британия қадриятларига зид" деб жавоб беришган. Шунингдек, тадқиқотда хулоса қилинишича, "ташқи гуруҳнинг таниқли аъзоларига оид ижобий маълумот билан тўқнашиш инсонлардаги аввалдан мавжуд бўлган муносабатни юмшатиши мумкин. Бунда ҳамдардлик ҳиссини келтириб чиқарувчи янги маълумотларни тақдим этиш ҳам аҳамият касб эта олади".
Тарих шуни кўрсатадики, спортчилар маданиятга майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Муҳаммад Али, Карим Абдулжаббор, Жеки Робинсон ва Билли Жан-Кинг ўтмишдаги энг ёрқин мисоллардир. Салоҳнинг ҳаракатлари ҳам "Ливерпул"га таъсир ўтказиш билан чекланиб қолмайди. У “TIME” газетаси сўровига кўра, 2019 йилда дунёдаги энг нуфузли 100 кишидан бири деб тан олинган ва Яқин Шарқдаги аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида танилган.
Жавоҳир Иззатуллоҳ тайёрлади