Ҳозирда ногиронлик пенсиясини оламан, миқдори 1 млн 680 минг сўм. Ишлаган давримда катта маош олганман. Пенсия тайинлашда маошнинг миқдори инобатга олинадими?
Ногиронлик пенсияси учун пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи, лекин расмий белгиланган ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100 фоизи миқдорида белгиланади.
Ногиронлик пенсиясини тайинлашда талаб этиладиганидан ортиқча иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун таянч миқдори пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида оширилади.
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи ва пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олиниши белгиланган.
2019 йил 1 январга қадар амалда бўлган тартибга асосан пенсия ҳисоблашда аниқланадиган ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашнинг енг юқори миқдори пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг (аввалги энг кам ойлик иш ҳаққи) саккиз баробаридан ошмаган миқдор инобатга олинган.
Агар пенсия ҳисоблашда фуқаронинг охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) аниқланган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 10 баробаридан юқори аниқланган бўлса юқорида қайд қилинган тартибга асосан пенсия ҳисоблашда пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 10 баробаридан юқори миқдор пенсия ҳисоблашда инобатга олинмайди.