Отамнинг пенсияси кам. Иш стажи 27 йил. Ҳайдовчи, тракторчи, муроб вазифаларида ишлаган. Ҳозир 350 000 сўм пенсия оляпти. Нега пенсияси кам ҳисобланганига аниқлик киритсангиз.
Пенсия миқдори фуқаронинг иш стажи давомийлиги ва ойлик иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлиб, дастлаб пенсиянинг таянч миқдори аниқланади.
Пенсиянинг таянч миқдори пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг танлови асосида унинг охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги кетма-кет беш йиллик ойлик иш ҳақларидан аниқланади. Агар пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятига оид ойлик иш ҳаққи тўғрисидаги маълумотлари йўқ бўлса, бундай ҳолатларда пенсия ҳисоблашда ойлик иш ҳақи йўқ бўлган даврлар учун ўша пайтдаги пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори (энг кам ойлик иш ҳақи) ҳисобланиб пенсиянинг таянч миқдори аниқланади. Агар пенсия тайинлаш учун мурожжат қилган шахс талаб қилинганидан ортиқча иш стажига эга бўлса ушбу шахснинг ҳар бир ортиқча ишлаган йиллари учун пенсиянинг таянч миқдори аниқланган ўртача ойлик иш ҳақининг бир фоизи миқдорида оширилиб борилади ва миқдорлар жамланиб битта умумий пенсия аниқланади. Агар ўртача ойлик иш ҳақи миқдори паст миқдорларда аниқланган бўлса пенсия миқдори хам ушбу ўртача ойлик иш ҳақи миқдори мутаносиб равишда белгиланади.
Шунингдек, Пенсия жамғармаси бўлими иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди зарур ҳолларда эса меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи ҳисобида инобатга олишга ёки олмаслик тўғрисида тегишли қарор қабул қилиш ваколатига эгадир.