September 22, 2020

6 йилдан бери боқувчисини йўқотганлик нафақасини оламан. Турмуш ўртоғим 52 ёшида вафот этган. Умумий иш стажи 34 йил эди. Аммо боқувчисини йўқотганлик нафақасини тайинлашда тўлиқ иш стажи олинмаган. Шу тўғрими?

Пенсия тайинлаш масаласи шахс белгиланган тартибда Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига мурожаат қилган тақдирда кўриб чиқилади. Комиссия томонидан пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг ҳужжатлари ўрганиб чиқиб иш стажи тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилигини аниқлаш мақсадида Пенсия жамғармаси бўлими иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди, зарур ҳолларда эса меҳнат фаолиятининг айрим даврларини пенсия ҳисоблашда иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқариши мумкин.

Фаолият тури, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар фуқаро 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса ушбу даврлар пенсия ҳисоблашда иш стажи ҳисобида инобатга олинади.

! Иш стажи тўғрисида ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда меҳнат фаолияти даврлари суднинг қарори билан белгиланади.

Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари фуқароларга иш стажини тасдиқлаш учун қонунчиликда назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда судларга даъволар тайёрлашда кўмаклашишади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб Сизнинг боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш учун тақдим қилган ҳужжатларингизга мувофиқ вафот этган турмуш ўртоғингизнинг айрим меҳнат фаолияти даврлари юқорида айтиб ўтилган меъёрлар асосида пенсия ҳисоблашда иш стажи ҳисобида инобатга олинмаган бўлиши мумкин.

Бундай ҳолатда Сиз вафот этган турмуш ўртоғингизни иш стажини тасдиқлаш учун судга мурожаат қилишингиз мумкин.

Шунингдек, амалий ёрдам кўрсатилиши юзасидан яшаш манзилингиз бўйича Песния жамғармасининг бўлими бош юристконсультига мурожаат қилишингиз мумкин.