Пенсия тўловлари қайси муддатларда амалга оширилади?
Жорий йилнинг 2 октябрь санасида Nasafnews (nnews.uz) сайти орқали пенсия пулларини ўз вақтида олишдаги муаммоларга дуч келаётгани бўйича бир гуруҳ пенсионерлар вилоят ҳокимлиги биноси ёнида йиғилганлиги тўғрисида мақола чоп этилди.
Ушбу ҳолат Пенсия жамғармаси масъуллари томонидан ўрганилди ҳамда Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи 7 нафар фуқаро томонидан жорий йилнинг октябрь ойи пенсия пуллари банк пластик карталарига юкланмаганлиги бўйича мурожаат қилинганлиги аниқланди.
Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 334 минг нафардан ортиқ пенсия ва нафақа олувчиларга ҳар ойда ўртача 253 млрд сўм маблағ тўланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил
8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 1584 – бандида пенсия тўловларига қайдномалар тижорат банклари филиаллари учун ҳар тўлов ойининг 3-санасига қадар шакллантириши ва 4-санасига қадар тақдим этилиши белгиланган.
Шунингдек, ушбу Низомга мувофиқ қайдномаларни шакллантириш ҳамда тақдим этишнинг сўнгги куни дам олиш ёки байрам (иш куни бўлмаган) кунларига тўғри келган ҳолларда кейинги иш куни муддатнинг сўнгги куни деб ҳисобланади.
Бунда, амалдаги қонунчиликка асосан Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан тўлов қайдномалари ҳар бир пенсия ва нафақа олувчи бўйича тўғри ҳамда тўлиқ тузилганлиги таҳлил қилинган ҳолда тузилади.
Ушбу муддатлар белгиланганлигига қарамасдан, пенсия ва нафақа тўловларини муддатидан аввал тўланишини таъминлаш мақсадида Пенсия жамғармаси томонидан ҳар ойнинг 1-2 банк иш кунларида маблағларни пенсионерларнинг банк пластик карталарига юклаш чоралари кўрилмоқда.
2020 йил 1 октябрь - “Устоз ва мураббийлар куни” байрами (дам олиш куни) бўлганлиги сабабли тўлов қайдномалари ҳамда ушбу тўловларни амалга ошириш учун маблағлар 2 октябрь соат 13:55 да тижорат банкларига молиялаштирилган. Шунингдек, тижорат банклари томонидан пенсия маблағлари кун якунига қадар пенсионерларнинг банк пластик карталарига юклаб берилган.