May 18, 2020

Спорт нафақат соғлиқ, балки тадбиркорлик учун ҳам фойдалидир.

Бугунги кунда соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш, футбол “поле”, бассейн, фитнес, тренажер – зал деган сўзларга оддий кунимизда кўп қўлланила бошлаганига эътибор берган бўлсангиз керак. Бу жуда яхши. Одамлар ўзига, соғлилигига аҳамият бера бошлагани жуда яхши тенденция. Жамият ҳам бу тенденция таъсири остида ўзига хос ўзгаришларга учрамоқда.

Қайноналар келинлари фитнесга бораман деса, “Қанақа фитнес??? Ана, кўчани ҳар куни супуринг! Ҳамир қоринг, кирларни ювинг, мана шуни ўзи фитнесда!”, - демай қўйишди. Энди қайноналар келинлар билан бирга атрофдаги яхши фитнес зал қаерда эканлигини муҳокама қилишмоқда.

Йигитлар ҳам, кўча кучада бекор юрмай, безорилик ва олифтагарчилик қилмай қўйишди. Энди “кимнинг бицепслари қаттиқроқу, ким кўпроқ турникка тортила олишлар”да мусобқалашишлар турли зарарли машғулотларга чалғимасликларига сабаб бўлмоқда.

Бу қизиқишнинг ножуя таъсири ҳам сезилмоқда баъзан, спорт билан шуғулланишданам кўра, шуғулланиш жараёнидаги селфилар кўпаймоқда. Ҳа майли, бу зарар қиладиган даражада эмас, ҳозирча.

Спорт ва соғломлаштириш марказлари анча оммабоп бўлиб қолганини ҳисобга олсак, бу тадбиркорлар учун яхши имконият, даромад қилиш учун яна бир йўналиш дегани.

Агар спорт иншооти учун ер ёки бино бўлиб, уни қандай қилиб фойда келтирадиган маконга айлантиришни ўйлаб юрган тадбиркор бўлсангиз, мана сизга тайёр бизнес – лойиҳа! Албатта, бунинг учун ҳам маблағ керак бўлади, аҳир тоққа чиқмасанг, дўлана қайда деб бекорга айтишмаган. Аммо ишонаверинг бу албатта ўз ҳосилини берадиган “тренд” йўналиш.

Билсангиз агар, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари ҳам ўзига ҳос тоифаларга таснифланади. Қўйида тоифалар билан танишиб оламиз:

- олий тоифа спорт иншоотлари — спорт иншоотининг асосий параметрлари, ўлчамлари ва жиҳозланиши республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни (Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионатлари, биринчиликлари ва кубоклари, халқаро турнирлар) ўтказишни таъминлашга имкон беради. Иншоот аҳоли иштирокида жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини олиб бориш учун мўлжалланмаган;

- биринчи тоифа спорт иншоотлари — спорт иншоотининг асосий параметрлари, ўлчамлари ва жиҳозланиши республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни (Осиё ва Ўзбекистон чемпионатлари, биринчиликлари ва кубоклари, турли хил турнирлар), шунингдек, ўқув-машқ машғулотлари ўтказишни таъминлаш имконини беради;

- иккинчи тоифа спорт иншоотлари — спорт иншоотининг асосий параметрлари, ўлчамлари ва жиҳозланиши республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсидаги мусобақалар ва турнирларни (чемпионатлар, биринчиликлар ва бошқалар) ўтказишни, шунингдек, ўқув-машқ машғулотлари ҳамда иштирокида билан жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини олиб боришни таъминлаш имконини беради;

- учинчи тоифа спорт иншоотлари — спорт иншоотининг асосий параметрлари, ўлчамлари ва жиҳозланиши оммавий спорт тадбирларини ўтказиш, шунингдек, ўқув-машқ машғулотлари ҳамда аҳоли иштирокида жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини олиб боришни таъминлаш имконини беради;

- тўртинчи тоифа спорт иншоотлари — спорт иншоотининг асосий параметрлари, ўлчамлари ва жиҳозланиши ўқув-машқ машғулотлари ҳамда аҳоли иштирокида жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини олиб боришни таъминлаш имконини беради;

бешинчи тоифа спорт иншоотлари

— спорт иншоотининг асосий параметрлари, ўлчамлари ва жиҳозланиши жисмоний тарбия ва спорт воситалари орқали жисмоний-тарбия ва соғломлаштириш ҳамда спорт-кўнгилочар тадбирлар ўтказилиши ва хизматлар кўрсатилишини таъминлаш имконини беради.

Юқоридаги изоҳлардан шуни англаш мумкинки, тадбиркорлар учун энг оммабоп тоифалар бу - тўртинчи ва бешинчи тоифалар ҳисобланса керак.

Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншооти паспортини қаердан расмийлаштириш мумкин?

Аввало шуни айтиб ўтиш керакки, ушбу турдаги давлат хизматидан  тадбиркорлик субъектларига ҳамда тадбиркорлик субъектлари бўлмаган юридик шахслар фойдалана олишади.

Тадбиркорлик субъектлари ушбу хизматдан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz сайти орқали мурожаат этадилар. Тадбиркорлик субъекти бўмаган юридик шахслар эса, Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари орқали Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг «Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш маркази» давлат корхонасига мурожаат этадилар.

Спорт иншоотларини тоифаларга таснифлашнинг асосий талаблари ва мезонлари билан мана бу ҳавола орқали танишиб олишингиз мумкин.

Шундай қилиб, давлат хизматини олиш учун ариза юборувчи ўз аризасида жисмоний шахс бўлса, шахсий маълумотларни (паспорт, СТИР, ЖШ ШИР, телефон рақами) агар юридик шахс бўлса, ташкилий-ҳуқуқий шакли, манзили ва бошқа маълумотларни киритади.

Агарда бино ижарага олинган бўлса, унда аризада ижара шартномаси нусхасини илова қилинади. Ҳамда, хабар бериш усули танланади, почта ёки e-mail, СМС хабарнома ёки телефон қўнғироқ орқали хабар юборилиши мумкин. Ўзингизга мосини танлаб олаверасиз.

Диққат! Давлат хизматини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар 10 дақиқа ичида Давлат хизматлари маркази томонидан жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларига юборилади. Ҳамда автоматик равишда, туман (шаҳар) санитария-эпидемиология назорати органларига ва туман (шаҳар)даги ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалларига сўров юборилади. Улар ўз хулосаларини тайёрлаб, ҳудудий жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларга, ҳудудий бошқармалар эса «Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш маркази»га юборади.

Марказ эса спорт иншооти тоифасини тасдиқлаш ёки рад этиш бўйича таклиф тайёрлайди ва ҳужжатлар жамламасини илова қилган ҳолда тайёрланган таклифни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига киритади.

Вазирлик эса ҳужжатлар жамламаси ва тегишли таклифларни олгандан сўнг спорт иншооти тоифасини тасдиқлаш ёки рад этиш бўйича буйруқ чиқаради ва Марказга юборади. Шундан сўнг, сертификатлаш маркази томонидан спорт иншооти паспортини расмийлаштириш учун пул тўловини амалга ошириш ҳақида шартномани юборади.

Тўлов қилингач эса, давлат хизматлари маркази расмийлаштирилган спорт иншооти паспортини аризачига тақдим қилади.

Барча босқичларга умумий ҳисобда 20 иш куни кетади. Эътибор қилинг, иш куни дейилмоқда! Шанба – якшанба ва байрам муносабати билан бериладиган дам олиш кунлари ҳисобга кирмайди.

ДХА Қашқадарё вилоят бошқармасининг ижтимоий тармоқларда саҳифаларини кузатиб боринг:
👉🏻 https://t.me/qashqadaryodxa
👉🏻https://t.me/dxaqashqadaryo
👉🏻 https://www.facebook.com/qashqadaryodavxizmat/
Шунингдек, савол ва мурожаатларни @qashqadaryodxabot қайта алоқа саҳифамизга ҳам юборишингиз мумкин!