February 7, 2020

Айрим шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланади

Айрим шахсларга, шу жумладан кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланади.

Бундай тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28 ноябрьда эълон қилинган ПФ-5886-сонли “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгилаб қўйилган.

Шунингдек, 2020 йил 1 мартдан бошлаб субсидиялар олиш учун аризалар Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

Субсидиялар бериш миқдори, тартиби ва шартлари, шунингдек, субсидия тўланадиган шахсларни танлаб олиш мезонларини Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилади.

Демак, Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига субсидия олиш учун ариза берувчи белгиланган мезонларга мос келишини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза беради ва шу билан бирга аризада ипотека кредитини олишни мўлжаллаётган тижорат банки ҳам кўрсатилади. Шундан сўнг, Давлат хизматлари марказлари 1 иш куни мобайнида субсидия олиш учун ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни онлайн тарзда:

  • туман (шаҳар) иқтисодиёт ва саноат бўлимларига;
  • туман ва шаҳар молия бўлимларига;
  • туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларига;
  • туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларига;
  • туман (шаҳар) ички ишлар бўлимига;
  • туман (шаҳар) солиқ инспекциясига;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашига;
  • туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг филиалларига;
  • аризада кўрсатилган тижорат банкига йўллайди.

Тижорат банки эса, ваколатли ташкилот сифатида, 10 иш куни мобайнида ариза берувчининг белгиланган мезонларга мос келишини аниқлаш мақсадида ариза ва тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда кўриб чиқиш натижаларига кўра ариза берувчининг белгиланган мезонларга мос келиши ёки мос келмаслиги тўғрисида хулоса тайёрлайди ва онлайн тарзда хулосани субсидия тўланадиган шахсларни танлаб олиш бўйича комиссияга юборади.

Комиссия аризани, унга илова қилинган ҳужжатларни, ваколатли ташкилотлар хулосаларини кўриб чиқади ва субсидия бериш ёки рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бу жараён 15 иш куни ичида амалга оширади. Сўнг қарорни Давлат хизматлари марказига юборади.

Давлат хизматлари маркази 3 иш куни мобайнида ариза берувчига Комиссия қароридан кўчирма юборади.

Ариза берувчи ушбу Комиссия қарори кўчирмаси билан биргаликда тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда бошланғич бадал тўловини амалга оширган ҳолда ипотека кредитини олиш учун ариза топшириши мумкин бўлади.

Тижорат банки эса ҳудудий ғазначилик бўлимларига бошланғич бадални қоплаш учун субсидияларни тўлашга буюртманома юборади.Ғазначилик бўлими эса ипотека кредити бўйича бошланғич бадални қоплаш учун субсидия суммасини ўтказиб беради. Ипотека кредити бўйича фоиз ставкаси қисмини қоплаш учун субсидия суммасини ўтказиб бериш тартиби ҳам шундай бўлади.

 

 

Бизни кузатишда давом этинг:

https://t.me/dxaqashqadaryo
https://www.facebook.com/qashqadaryodavxizmat/