Ипотека кредитлари ажратишдаги янги тартиб
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 5 февральда 56 – сонли “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Низом бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартибини белгилайди.
Мазкур Низом қоидалари:
шаҳар ва қишлоқ жойларда қурилган бирламчи уй-жой бозорида кўп квартирали уйлардаги квартираларни сотиб олишда;
Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида тажриба тариқасида 2020 йил 1 майга қадар белгиланган тартибда умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаларида пудрат ташкилотларини жалб этган ҳолда белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш (қайта қуриш) учун ипотека кредитларини ажратишда қўлланилади.
Мазкур Низом қоидалари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
- тижорат банкларининг ички кредит сиёсатига мувофиқ ўз маблағлари, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳамда бошқа жалб қилинган маблағлар ҳисобидан жисмоний шахсларга уй-жой (квартира) сотиб олиш, қуриш (қайта қуриш), таъмирлаш учун ипотека кредитлари ажратишга;
- ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти томонидан белгиланган тартиб ва шартлар, банкларнинг ички сиёсати, шунингдек, мазкур ташкилот ва банклар ўртасида тузилган шартномалар асосида унинг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратишга;
- якка тартибдаги уй-жой қурилишига рухсат олиб, лекин кейинчалик бирламчи бозорда сотиш мақсадида қурилган кўп квартирали уйлардаги квартираларни ипотека кредитлари орқали сотишга татбиқ этилмайди.
Ипотека кредитлари бозор (фоиз) ставкасида 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади. Улар бўйича аннуитет тўловлар тартиби татбиқ этилади ва имтиёзли давр белгиланмайди. Шунингдек, фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, мутаносиб равишда камаяди, оширилган тақдирда эса — ўзгаришсиз қолади. Бунда фоиз тўловларидаги ўзгаришлар Марказий банк асосий ставкасининг пасайтирилиши амалга киритилган кундан бошлаб ҳисоб-китоб қилинади.
Молия вазирлиги томонидан ипотека кредитлари учун маблағлар ажратишда банкларга қуйидаги мувофиқлик мезонлари белгиланади:
- банкда янги тартиб доирасида ипотека кредитларини ажратиш юзасидан аниқ белгиланган ички тартиб мавжуд бўлиши;
- банк «Fitch Ratings» ёки «Standard & Poor’s» рейтинг агентликларининг «В» даражасидан ёки «Moody’s Investors Service» рейтинг агентлигининг «В2» рейтингидан паст бўлмаган даражада узоқ муддатли кредит рейтингига эга бўлиши;
- охирги уч йиллик молиявий ҳисоботлар бўйича аудиторлик ташкилоти ижобий хулосасининг мавжудлиги;
- банкнинг регулятив капитали 500 миллиард сўмдан кам бўлмаслиги;
- банк давлат бюджети маблағлари, шу жумладан, Молия вазирлиги томонидан янги тартибга мувофиқ жойлаштирилган маблағлар бўйича муддати ўтган қарздорликка эга бўлмаслиги;
Қарз олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим:
- ипотека кредити олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;
- доимий иш жойига, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан доимий даромадга, шунингдек, ипотека кредити бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда тўлаш учун етарли бўлган қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа даромад манбаига эга бўлиши;
- қарз юки кўрсаткичи (ипотека кредити бўйича фоиз харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия бериш назарда тутилган ҳолларда мазкур субсидияни ҳисобга олган ҳолда) 70 фоиздан юқори бўлмаслиги;
- ипотека кредити олиш учун бирламчи уй-жой бозорида сотиб олинадиган квартира қийматининг:
қишлоқ жойларда — камида 10 фоизи;
шаҳарларда — камида 20 фоизи миқдорида (шу жумладан, бошланғич бадалнинг бир қисми учун субсидия тўланадиган шахслар бўйича субсидия суммасини инобатга олган ҳолда) бошланғич бадални шакллантириш имкониятига эга бўлиши;
- тажриба ўтказилаётган вилоятларда 2020 йил 1 майга қадар ажратилган ер участкаларида якка тартибдаги уй-жой қуриш (қайта қуриш) ишлари қийматининг камида 10 фоизи миқдорида бошланғич бадални шакллантириш имкониятига эга бўлиши;
- сотиб олинадиган квартира ёки қуриладиган (қайта қуриладиган) якка тартибдаги уй-жойнинг қиймати ушбу банд билан белгиланган бошланғич бадал ва ушбу Низомнинг 28-бандида белгиланган ипотека кредитининг энг кўп миқдори суммасидан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисмини шакллантириш (тўлаш) имкониятига эга бўлиши;
- ипотека кредитини ажратишни кўриб чиқиш вақтида кредит ташкилотларидан аввал олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги;
- якка тартибдаги уй-жой қуриш (қайта қуриш) учун ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқига ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа-смета ҳужжатларига эга бўлиши.
Ипотека кредитини ажратиш тартиби
Ипотека кредити банклар томонидан қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадлилик шартларида берилади.
Қарз олувчининг ипотека кредитини қайтариш бўйича мажбурияти таъминоти сифатида:
бирламчи уй-жой бозоридан сотиб олинаётган квартира;
якка тартибда қуриладиган (қайта қуриладиган) уй-жой ва у жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқ гаровга қўйилади.
Банк Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали субсидия олиш учун ариза берувчининг кредитга лаёқатлилиги бўйича юборилган сўровига жавобан мазкур Низомнинг 16-бандида белгиланган мезонларга мувофиқлиги доирасида унинг тўлов қобилияти, унга берилиши мумкин бўлган ипотека кредити ва сотиб олиниши мумкин бўлган квартиранинг юқори қиймати ҳамда хулоса бериш вақтида кредит ташкилотлари олдида муддати ўтган қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги юзасидан хулоса тақдим этади.
Банк томонидан Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза берувчининг субсидия олиш ҳақидаги мурожаатини кўриб чиқишда унинг кредитга лаёқатлилиги бўйича ижобий хулоса берилгандан сўнг ариза берувчи ушбу банкка субсидия хабарномасини илова қилган ҳолда банкнинг хулосасида белгиланган берилиши мумкин бўлган ипотека кредити миқдоридан ошмаган суммада ипотека кредитини олиш тўғрисида мурожаат қилганда, унга тўловга лаёқатсизлик важи билан кредит бериш рад этилишига йўл қўйилмайди.
Субсидия хабарномасини олган фуқаро банкка ипотека кредити олиш учун ариза тақдим этаётган даврда ушбу Низомнинг 16-бандида белгиланган қарз олувчиларнинг мувофиқлик мезонларига тўлиқ жавоб бермай қолган ҳолларда банк ажратиладиган ипотека кредити миқдорини камайтириши ёки ипотека кредити ажратишни рад этиши мумкин.
Фуқаро банкка ипотека кредити олиш учун мурожаат қилган тақдирда, банкнинг масъул ходими унга ипотека кредитининг асосий йўналишлари бўйича изоҳ беради, талаб этиладиган барча ҳужжатлар рўйхати ва тахминий харажатлар турлари билан таништиради.
Бунда қарз олувчи банкка ипотека кредити олиш учун ариза ва ушбу Низомга ҳамда банкнинг ички кредит сиёсатига асосан тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
Субсидия хабарномасига эга бўлган қарз олувчи банкка қўшимча равишда мазкур хабарномани ҳам тақдим этади.
Якка тартибдаги уй-жойни қуриш (қайта қуриш) учун ипотека кредити олиш бўйича буюртманомага қарз олувчининг ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, якка тартибдаги уй-жойни қуриш (қайта қуриш) бўйича смета ҳужжати, пудрат ташкилоти билан тузилган шартнома ҳамда ипотека кредитини қайтариш бўйича мажбурият таъминотини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар ҳам илова қилинади.
Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармонига ва «Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 1 майдаги ПҚ-4701-сон қарорига мувофиқ қабул қилинди.
Ҳужжат давлат тилида Миллий қонунчилик базасида эълон қилинган ва 2021 йил 6 февралда кучга кирган.