Халқаро ҳуқуқий ёрдам ҳақиқатда осонлашадими?
Жорий йилнинг 17 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–4895-сон “1993 йил 22 январдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция ва 2002 йил 7 октябрдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қабул қилинган ушбу қарор фуқароларга қандай енгиллик беради?
Қарорга асосан Минск ва Кишинев Конвенцияларига аъзо давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари рўйхатлари тасдиқланди.
Ушбу рўйхатга кўра, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш ҳақида ҳужжатларни юбориш бўйича сўровларни жўнатиш ва кўриб чиқиш ҳамда юридик шахслар ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг рўйхатдан ўтганлиги билан боғлиқ маълумотларни талаб қилиб олиш бўйича сўровларни жўнатиш ва кўриб чиқишга Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ваколатли орган сифатида белгиланди.
Масалан, Ўзбекистон фуқароси Москва шаҳрида вақтинча яшаб, ишлаб келаётган вақтида фарзандли бўлган ҳамда фарзандига тегишли тартибда туғилганлик гувоҳномасини олган. Маълум муддатдан сўнг Ўзбекистонга қайтиб келган. Нимадир сабаб билан туғилганлик гувоҳномасини йўқотиб қўйган бўлса, қандай қилиб такрорий гувоҳнома олиши мумкин?
Ёки яна бошқа бир мисол. Қозоғистон фуқароси Ўзбекистон фуқароси билан турмуш қурган ва турмуш ўртоғи оламдан ўтганидан сўнг, ўз юртига қайтиб келган. Бу ерда унга турмуш ўртоғи вафот этганлиги тўғрисида маълумотнома керак бўлиб қолса, у нима қилиши керак?
Агарда шундай ҳолатлар ёки вазият вужудга келса, фуқаролар ўз ҳудудидаги ФҲДЁ органига мурожаат этиб, улар орқали халқаро ҳуқуқий ёрдам олишлари мумкин бўлади.
Қандай қилиб дейсизми?
Вилоятдаги шаҳар (туман) ФҲДЁ органларидан конвенцияга аъзо давлатлардан туғилганлик, никох тузиш, никохдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги такрорий гувохномалар, далолатнома ёзувларидан маълумотномалар, далолатнома ёзувлари бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотномалар, далолатнома ёзувларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш,фамилия,исм,ота исми ўзгарганлиги сабабли хабарнома ва хулосалар, бола фарзандликка олинганда, болага нисбатан оталик белгиланганда судларнинг ҳал қилув қарорлари асосида гувоҳномалар сўраб Конвенцияларга аъзо давлатларнинг ваколатли органларига Давлат хизматлари Агентлиги орқали мурожаат қилишлари мумкин.
17 ноябрь куни ПҚ 4895-сон қарори қабул қилингунга қадар, бу каби сўровлар аввал ФҲДЁ органи томнидан Давлат хизматлари Агентлигига, сўнг Ташқи ишлар Вазирлигига, ва ўз навбатида Ташқи ишлар вазирлиги сўров юборилаётган давлатнинг ваколатли органига юбориши керак бўлар эди. Бундай сўровномаларнинг жавобини ҳафтлаб, ойлаб, баъзан йиллаб ҳам кутишга тўғри келган ҳолатлар ҳам бўлган. Ҳар бир идора уни кўриб чиқиши, ўрганиши, тегишлилиги бўйича йўналтиришига албатта энг қимматли ресурс – вақт сарфланар эди.
Энди эса, Қарор билан тасдиқланган рўйхатга асосан Давлат хизматлари Агентлиги Конвенцияга аъзо давлатларнинг ваколатли органига тўғридан тўғри сўровнома юборишлари ёки аксинча, келган мурожаатлар Давлат хизматлари Агентлиги орқали тўғри ҳудудий бошқармаларга келиб тушиши таъминланади.
Бу эса ушбу Конвенциялар доирасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича сўровларнинг манзилли кўриб чиқилишига, бу борада ортиқча бўғинларни олиб ташлаш орқали сўровларни кўриб чиқишда вақт ва ҳаражат тежалишига хизмат қилади.
ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси Насиба Умарова