February 16, 2021

Рақобат кучли - талаблар юқори

Бугун ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси ва унинг тизимларида мавжуд бўш иш ўринларига эълон қилинган навбатдаги танловининг биринчи босқичи бўлиб ўтди.

Танловда иштирок этиш истагида ҳужжат топширган барча номзодлар танлаган лавозими учун ўзаро мусобақалашишди дейишимиз мумкин.

Икки босқичдан иборат танловда иштирок этаётган номзодлар, тўпланган билим ва кўникмаларини синовдан ўтказишлари ва ўзларини муносиб эканликларини нафақат танлов комиссияси ва иштирокчиларига, балки онлайн трансляцияни кузатиш имкони бўлган кўплаб фуқароларга ҳам намоён этишди.

Бугунги танловда бир вакант жой учун ўртача 30 нафар номзод ўз кучини синаб кўрди. Кўриб турганингиздек, рақобат кучли, талаблар ҳам шунга яраша. Фуқаролар билан ишлаш, уларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсата олиш учун албатта билим ва кўникма билан бир қаторда, сабр ва муомала маданияти ҳам муносиб даражада бўлиш керак. Чунки давлат хизматлари кўрсатишнинг қўйидаги тамойиллари мавжуд:

Биринчиси - Мурожаатчи доимо ҳақдир

Иккинчиси - Давлат хизматларини кўрсатигинг энг муҳими профессионаллик

Учинчиси - Тинглаш, тушуниб эшитиш ва ёрдам бериш

Тўртинчиси - Мурожаатчининг вақтини тежаш

Бешинчиси - Очиқлик ва қулайлик

Олтинчиси - Ҳушмуомалалик ва самимийлик

Еттинчиси - Давлат хизматини кўрсатиш учун шахсан жавобгарлик

Саккизинчиси - Мамнуният ва шараф билан инсонларга ёрдам бериш!

Шундай экан, давлат хизматларини кўрсатиш бу чиройли форма кийиб, қулай шароитда ишлашгина эмас, балки катта масъулият ҳам демакдир.

Бугунги танловнинг биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган номзодлар эртага иккинчи босқичда қатнашишади.

ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати