Шўрбозорликлар орзулари ушалмоқда
Чироқчи туманида жойлашган "Шўрбозор" маҳалласида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиевнинг “Шўрбозор” маҳалласида “Обод маҳалла” дастури олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишиш ва кўмак бериш мақсадида навбатдаги ташрифи амалга оширилди.
Маҳалла фуқаролари билан бўлган учрашувда Агентлик раҳбари иккита ёш оилага никоҳ гувоҳномаси, икки нафар фуқароларнинг фарзандларига эса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни топширди.
Шулар қаторида Кумуш ҳам энди “метрика”лик бўлди. Кумуш 2010 йилда туғилган, лекин баъзи сабабларга кўра, шу вақтга қадар унинг туғилганлик гувоҳномасини олинмаган эди.
Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ва туман ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан Шўрбозор ва ёндош маҳаллаларда хонадонма хонадон ўрганиш тамойили асосида аниқланган ушбу ҳолат тезда ўз ечимини топди. Зарур ҳужжатлар тўпланди ва туғилганлик ҳолати қайд этилиб, туғилганлик гувоҳномаси топширилди.
Бундан ташқари, Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев касб-ҳунар марказларида ўқиб, сертификатларга эга бўлган 10 нафар "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларга тикув машинаси, "Ёшлар дафтари" га киритилган 30 нафар ёшларга электр пайвандлаш аппарати, “болгарка” ва “перфоратор” каби иш қуролларини яхши ниятлар билан топширди.
Касб маҳорати ва сир асрорини ўрганган ҳамда эндиликда иш қуролларига эга бўлган аёллар ва ёшлар ўз меҳнатлари ва ҳаракатлари орқали оиласининг моддий шароитини яхшилашга, вақтини фойдали ва мазмунли ўтказиш имконига эга бўлишди.
Ободонлаштириш ишлари авжида, маҳалла кундан кунга чирой очиб, одамлар учун қулай манзилга айланмоқда. Бундай ўзгаришларни кўрган маҳалла аҳлининг ҳам дунёқараши ўзгармоқда, ишончи ошмоқда. Давлат ҳар бир фуқаросига эътибор бераётгани, ҳеч бир ҳудуд назардан четда қолмаслигини ҳис этишмоқда. Бу туйғулар уларнинг порлаб турган кўзларидаги қувонч, ҳаракатларидаги шижоатларидан ҳам сезилиб турибти.
Маҳалла фаолларидан бири Комила Нурматованинг сўзларига кўра, маҳалла энди катта шаҳардаги маҳаллардек чирой очиб, ривожланиб бораётганини кўришни ўзи унинг фуқаро сифатидаги масъулиятини янада кучлироқ ҳис этаётганини таъкидлаб ўтди.
"Сал қоронғу тушса, маҳалламиз кўчаларида туртинмай, қоқилмай юра олмасдик. Қоп-қоронғу тупроқ кўчалардан, айниқса ёғингарчилик кунларида умуман юриб бўлмас эди. Энди эса йўлларимиз текисланиб, кўчаларимизга чироқ ўрнатилди. Маҳалламиз учун нималарни орзу қилган бўлсак, мана руёбга чиқябти. Биз ҳам энди шунга муносиб бўлиб, аввалги турмуш тарзимизни ўзгартириб, жамиятимиз ва давлатимиз ривожи учун ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз", - деди Комила Нурматова.
Шунингдек, тадбир давомида фуқаролар учун сайёр давлат хизматлари ҳам тақдим этилиб, бир нечта фуқароларга хизмат кўрсатилди. Шу билан бирга тез кунда, маҳалла ва ёндош ҳудудлар аҳолиси учун қулайлик яратиш мақсадида Чироқчи туман Давлат хизматлари марказининг филиали ташкил этилиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, бундан олдинги ташриф давомида, Агентлик раҳбари ташабусси билан “Шўрбозор” маҳалласи аҳолисига беғараз кўмак сифатида турли хилдаги қурилиш материаллари (эшик, ром, охак, цемент, шағал, қум) ва 1000 туп мевали дарахт кўчатлари етказиб берилган ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган 20 нафардан ортиқ аёлларга эсдалик совғалари ва кийим-кечаклар топширилган эди. Шунингдек, 10 000 тўп серҳосил узум навларидан келтирилиб, маҳалла ҳудудида узумзор барпо этилди. Бугунги кунда узумзорни суғориш учун махсус артезан қудуқ ишга туширилиб, томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилган.