April 22, 2020

Божхона омбори, эркин омбор, "Duty Free" учун лицензиялар ДХМ орқали берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 апрелдаги 210-сон қарори билан Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди. Қарорга асосан, қўйидагича ҳуқуқий изоҳлар келтирилган:

божхона омбори — махсус жиҳозланган ва белгиланган жой бўлиб, биноларнинг ҳудудини ва (ёки) очиқ майдончаларни ўз ичига олган ҳамда товарларни божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган. Божхона омбори очиқ ёки ёпиқ турда бўлиши мумкин;

эркин омбор — махсус жиҳозланган ва белгиланган жой бўлиб, биноларнинг ҳудудини ва (ёки) очиқ майдончаларни ўз ичига олади ҳамда товарларни эркин омбор режимида божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган.

Бир қараганда, иккала изоҳ бир хил мазмунга эгадек. Икки омбор турида ҳам товарларни божхона назорати остида махсус жиҳозланган жойда сақлаш деб таъриф берилган. Хўш, фарқи нимада бу икки омборнинг?! Келинг, шу ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз.

2016 йил 20 январь куни тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Божхона Кодексига кўра, божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо - божхона чегараси орқали олиб ўтиш мақсадларига боғлиқ ҳолда товарларнинг божхона расмийлаштируви, яъни божхона режимлари турлари ҳисобланади.

Товарларни божхона режимига таснифлаш ваколатли шахсларнинг ихтиёрида бўлиб, улар товарларнинг ва транспорт воситаларининг хусусияти, миқдори, ишлаб чиқарилган мамлакати ёки қайси мақсадга мўлжалланганлигидан қатъи назар, исталган божхона режимини танлашга ёки уни бошқа божхона режимига ўзгартиришга ҳақли ҳисобланашади. Бу ҳақида божхона декларациясида декларант томонидан маълум қилинади.

Божхона омбори режимида, божхона ҳудудига олиб кирилган ва божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун мўлжалланган товар божхона божлари, солиқлар тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда муайян биноларда (жойларда) божхона назорати остида 3 йил муддат давомида сақланади.

Эркин омбор божхона режимида эса товар муайян жойлар ва ҳудудларда божхона тўловлари тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда чекланмаган муддатга жойлаштириш мумкин.

Божхона омбори ва эркин омбор режими ўртасидаги асосий фарқлардан бири бу товарларни божхона назорати остида сақлаш муддатида эканлигини билиб олдик. Иккала режимда ҳам божхона ҳудуди тушунчаси қўлланилганига эътибор берган бўлсангиз керак. Божхона ҳудуди деб қайси ҳудуд ҳисобланади?

“Ўзбекистон Республикасининг қуруқликдаги ҳудуди, ҳудудий ва ички сувлари ҳамда улар устидаги ҳаво ҳудуди Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин божхона зоналари ва эркин омборлар бўлиши мумкин, уларнинг ҳудудлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, божхона ҳудудидан ташқарида жойлашган деб қаралади.

Божхона ҳудуди сарҳадлари, шунингдек эркин божхона зоналарининг ва эркин омборларнинг тегралари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси ҳисобланади” (20.01.2016 йил, Божхона Кодекси, 5- модда)

Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекситоннинг барча сарҳадлари божхона ҳудуди ҳисобланаркан. Бироқ, агар қонун хужжатлари билан бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистонда жойлашган бўлса ҳамки, эркин омбор ҳудуди – божхона ҳудудидан ташқари ҳудуд деб ҳисобланиши мумкин экан.

Бож олинмайдиган савдо дўкони — товарларни бож олинмайдиган савдо божхона режими талабларига ва шартларига мувофиқ божхона назорати остида сотиш учун мўлжалланган савдо объектидир. Бож олинмайдиган савдо дўконининг ҳудуди савдо залларининг, ёрдамчи биноларнинг ва дўкон омборининг ҳудудларини ўз ичига олади.

Кўпчилик учун “Duty Free” (дюти-фри) ҳудуди номи остида оммалашган савдо дўконларини айнан бож олинмайдиган савдо объекти сифатида мисол келтириш мумкин.

Бож олинмайдиган савдо дўконларига жойлаштирилган чет эл товарлари, шунингдек Ўзбекистон товарлари божхона ҳудудидан чиқиб кетаётган ва божхона ҳудудига кириб келаётган жисмоний шахсларга, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган чет эллик шахсларга қонунда белгиланган шартларда чакана ҳолда миллий валютасида ва (ёки) чет эл валютасида реализация қилинади.

Божхона омбори, эркин омбор ва бож тўланмайдиган савдо дўкони ҳақида етарлича маълумотга эга бўлгач, ушбу фаолият турига рухсат берувчи лицензияларни қандай тартибда олиниши хусусида ҳам тўхталиб ўтамиз.

Қонунчиликда белгиланган талабларга мос келадиган бино ёки майдонга эга бўлган юридик шахслар божхона омбори ёки эркин омбор ташкил этиш учун Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда сўровнома юборишлари мумкин. Аввалги тартибга асосан, барча зарур хужжатлар бириктирилган ҳолда, почта орқали бевосита Божхона қўмитасига мурожаат этилган.

ДХМ лар орқали ёки электрон тартибда сўровнома юбориш бу ортиқча ҳаракат эмасми дейишга шошилманг.

Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz сайти орқали юборилган электрон сўровнома тўлдириш жараёнини давомида тадбиркорнинг мажбурий тўловлар, шунингдек ижро ҳужжатларидан қарздорлиги бор – йўқлиги тўғрисидаги маълумот автоматик равишда текширилади. Бундан ташқари,  лицензия шартномаси  Ягона интерактив давлат хизматлари порталига оммавий оферта шаклида жойлаштирилади. Бу эса, лицензия шартномасини тузиш жараёнидаги ортиқча бюрократик ҳолатларни бартараф этишга, ҳамда сўровномаларни кўриб чиқиш муддатини 30 кундан 20 кунга қадар қисқартирилишига имконият яратди.

Қайси йўналишда фаолият олиб борилишига қараб лицензия давогари қўйидаги хужжатларни тақдим этади:

-         божхона омбори сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган бинолар ва (ёки) очиқ майдончалар, уларнинг ўлчамлари, ҳажми ва (ёки) майдони, улар жойлашган жой, уларнинг жиҳозланиши, видеокузатув тизими, асбоб-ускуналар ва моддий-техника билан таъминланганлиги ҳамда мулк ҳуқуқи, ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара асосида тегишлилиги тўғрисидаги маълумотлар;

-         автомобиль ва темир йўллар кўрсатилган ҳолда, божхона омбори учун мўлжалланган ҳудуд (шунингдек, ёндош) ва биноларнинг сифатли тарҳи ва чизмаси (қўриқланадиган ҳудуд, божхона назорати зонаси, аниқ ўлчамлари кўрсатилган);

-         Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига мувофиқ божхона тўловлари тўланганини тасдиқловчи ҳужжат.

Ушбу лицензиялар расмийлаштиришни соддалаштириш, муддатларни қисқартириш натижасида тадбиркорлик субъектларига тезкор ва сифатли давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш асосий мақсаддир.

ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Бизни кузатиб боринг👇👇👇
https://t.me/dxaqashqadaryo
https://www.facebook.com/qashqadaryodavxizmat