“ҲАҚИҚИЙ ДЕҲҚОН ЕРНИ АЛДАМАЙДИ”

Навбаҳор туманининг Кес­кантерак маҳалласида фаолият кўрсатиб келаётган “Буганбой” фермер хўжалиги тумандаги энг намунали хўжаликлардан бири ҳисобланади.

2000 йилдан буён фао­лият кўрсатиб келаётган хўжаликнинг жами экин майдони 100 гектарни ташкил этади. Айни пайтда 52 гектарда парвариш­ланаётган ғалла баравж ўсмоқда. Хўжалик аъзолари жорий йил 45 гектар майдонга чигит қадамоқда. Улар ҳар йили шартномага асосан, 1,5 тонна пилла топшириб, белгиланган режани ортиғи билан бажармоқда. Барча агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ташкил этилишида хўжаликда фаолият кўрсатиб келаётган 40 нафар ишчининг хизмати катта бўлаётир.

Кўп тармоқли хўжаликнинг пахта ва ғалладан ташқари, 3 гектар майдонда боғи ҳам бор. Хўжалик раҳбари Ахтам Рўзимуродов ер билан тиллашадиган, тажрибали деҳқонлардан. У ўз меҳнати ортидан ҳам оиласини боқяпти, ҳам юрт равнақига ҳисса қўшяпти.

– Отамдан ерга ишлов бериш, ҳосилдорликни ошириш сирларини пухта ўрганганман, – дейди фермер. – Деҳқон заҳмат чекмаса, натижа кутилганидек бўлмайди. Меҳнат қилган одамнинг барокат топиши шубҳасиз. Ҳақиқий деҳқон, аввало, ерни севади, у билан тиллашади, уни алдамайди. Шундагина она замин ҳам деҳқонни ўз неъматлари билан сийлайди.

Ташаббускорлик ва ташкилотчилик қобилияти юқори бўлган ҳар қандай раҳбар фао­лиятида албатта, юксалиш сезилади. Бу каби хислатларни Ахтам Рўзимуродов фаолияти мисолида ҳам кузатиш мумкин.

Отабек АСЛОНОВ