June 7, 2021

ИБН ТАЙМИЯ ҲАҚИДА БАЪЗИ ЎТМИШ УЛАМОЛАРИНИНГ ФИКРЛАРИ

Ҳозирда Ибн Таймияни танқид қилаётган уламоларга ёвқараш билан муносабатда бўлаётганлар аслида Ибн Таймия ҳақида айрим узуқ-юлуқ гаплардан бошқа ҳеч нарсани билмайдиган жоҳиллардир. Ўзини “салафий” деб билган тоифаларнинг Ибн Таймияни танқид қилаётган олимларга “бир олимни масжидда туриб ғийбат қилманг”, деб оғиз кўпиртиришидан – улар ушбу танқидларни яқинда пайдо бўлган воқеълик, деб ўйлаётган кўринади. Ҳақиқат шуки, Ибн Таймия ва унинг қарашлари тириклик чоғиданоқ танқидга учраб келган ва бундай муносабат бирор асрда тўхтаган эмас. Зеро, муҳаққиқ уламолар умматга адашган ва адаштирувчилар ким эканини англатиб, огоҳлантириб қўйишни ўзларига бурч, деб билганлар.

Ибн Таймиянинг ислом умматига етказган энг катта зарарларидан бири бу мушаббиҳа эътиқодини Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди, деб даъво қилгани ва содда авом орасида тарқатиб юборганидир. Имом Қуртубий ва Имом Шаҳристонийлар бундай эътиқод ўша даврдаги яҳудийлардан ўзлаштириб олинганини таъкид билан айтиб кетганлар. Бу ҳақида кейинроқ батафсил тўхталиб ўтамиз. Ҳозир эса, Ибн Таймия ҳақида айрим ўтмиш уламоларнинг фикрларини ҳавола қиламиз:

Ҳофиз Муртазо Зубайдий “Шарҳи Иҳё”да зикр қилишича, Тақий Субкий:

Китобу-л-Арш” Ибн Таймиянинг энг қабиҳ китобларидан биридир. Шайх Абу Ҳайён Ибн Таймияни улуғлар эди, аммо ушбу китобига дуч келгач, ўлгунича уни лаънатлаб ўтди”, – деган.

“Шарҳу-л-Иҳё”, 2-жилд, 106-бет.

Шайх Зайнуддин Ибн Ражаб Ҳанбалий Ибн Таймиянинг куфрга кетганига ишонган зотлардан бири эди ва унга раддияси ҳам бор. Баъзи мажлисларда овозини баланд кўтариб: “Субкий такфирида (яъни Ибн Таймия куфр келтирган деб айтганида) узрлидир!”, – деб айтар эди.

“Дафъу шубаҳи ман шаббаҳа...”, 123-бет.

Абу Абдуллоҳ Алоуддин Бухорий Ажамий ал-Ҳанафий зикр қилади: “Кимки, Ибн Таймияга “Шайхул-ислом” лақабини нисбат берса, унинг ўзи ушбу нисбат туфайли кофир бўлади” (Бунинг сабабини Ибн Ҳажар Асқалонийнинг қуйида келган гапларидан билиб оламиз).

“Завъу-л-ломеъ”, 9-жилд, 292-бет.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний айтади: “Ибн Таймияга унинг Али розияллоҳу анҳу тўғрисида айтган олдинги гаплари учун мунофиқлик нисбатини берувчилар бор. Шунингдек, қуйидаги гаплари учун ҳам: “У (Али) қаерга бормасин хор эди ва бир неча марта хилофатни ўзгартирди ва уддасидан чиқолмади, у дин учун эмас, ҳокимият учун уруш қилди... У ҳокимиятни севар эди. Усмон мол-мулкни севар эди. Абу Бакр нима деятганини англолмайдиган қария ҳолида мусулмон бўлган, Али эса гўдаклик чоғида исломга кирган ва унинг исломи тўғри эмас (Астағфируллоҳ!)”... каби гаплари учун ҳам Ибн Таймияга мунофиқ нисбатини беришар эди”.

“ад-Дурар ал-Комина” 1-жилд, 154-155 бетлар.

Тўғриси, Ибн Таймиянинг юқоридагига ўхшаш гапларини ўқиган одамнинг кайфияти бузилиб, ғазаби тошиб кетади. Унинг саҳобаларга қилган туҳматлари – соф эътиқоддаги мусулмон одамни ғазабга келтирмай қўймайди. Алоуддин Бухорий ҳукмни кескин чиқарганининг сабаби ҳам шунда. Ҳар бир гапида куфр иси анқиб турган одамни “шайхул-ислом”, дейиш куфр бўлмай нима бўлади? Ибн Таймия ҳамманинг иймонига шубҳа билан қарашда ғулувга кетиб, ҳатто саҳобийлардан улуғларининг иймонига баҳо беришга журъат этса, яна нима дейиш керак!? Инсоф учун айтиш керак, Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг гувоҳлик беришича, Ибн Таймия бу гаплари ва бузуқ эътиқодларидан воз кечиб, ашъария ақидасига ўтган, аммо буни мотуридийлар ва ашъарийларга тош отаётган бугунги жоҳил ва китоб кўрмаган “салафий”лар қаердан ҳам билсин?!

(Давоми бор)

https://t.me/rabboniyat