June 1, 2021

ИБН ТАЙМИЯ ҲАҚИДА ИБН БАТТУТАНИНГ ГУВОҲЛИГИ

Ибн Таймия тўғрисида гап очилганда, унинг зиддиятли ва таржимаи ҳоли бўрттирилган шахс бўлгани яққол кўзга ташланади. Кимдир уни ёмонлайди, кимдир оғзини тўлдириб мақтай кетади.
Аслида бугунги кунда Ибн Таймияни ёмонлаётганлар ҳам мақтаётганлар ҳам унинг замондошлари гувоҳлик берган баъзи жиҳатларга аҳамият қаратмайдилар. Айниқса, ижтимоий тармоқларда Ибн Таймия турли воизлар постида гоҳи сўфий, гоҳи мутаассиб, гоҳи эътиқод ҳимоячиси, гоҳи жаҳолатпараст, гоҳи шижоатли қаҳрамон сифатида гавдаланмоқда. Кимлардир қизишиб кетиб уни “шайхул-ислом”, деб атаб юбораяпти, ўз замонасининг мужтаҳиди деяпти, айримлар ундан сунъий равишда қаҳрамон ясаб ўзларини “салафийлар”, деб номлаб олганларнинг тегирмонига сув қуймоқда. Чунки Ибн Таймия салафийлар, жумладан. “виртуал салафийлар” учун катта нуфузга эга шахс экани сир эмас.
Хўш, Ибн Таймия аслида ким эди? Нега у ҳақидаги маълумотлар бунчалик зиддиятли?
Тақиюддин Ибн Таймиянинг замондошлари у ўз замонасининг ҳанбалийлари орасида катта обрўга эга бўлганини айтадилар. Аммо унинг бошқа мазҳаб вакиллари ўртасида зиддият чиқаришда ҳам фаол бўлганини эслаб ўтиш даркор. Бунинг устига у қандайдир руҳий касалдан оғригани, ақл-ҳуши жойида бўлмагани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Хусусан, машҳур сайёҳ Ибн Баттута ўзининг “Туҳфатун-нуззор” номли саёҳатномасида бир қатор қизиқарли маълумотларни келтиради:
“Дамашқда ҳанбалийларнинг катта фақиҳларидан Шомнинг каттаси Тақиюддин Ибн Таймия бор эди. Илм-фандан гапирар эди, аммо ақлида “бир нарса” (нуқсон) бор эди. Дамашқ аҳли уни ўта улуғлар эдилар. У уларга минбарда туриб ваъз қилар эди. Бир марта фақиҳлар инкор қиладиган иш ҳақида гапирди, уни ушлаб подшоҳ Носирга олиб боришди...” (“Туҳфатун-нуззор фий ғароибил-амсор”, 112-бет).
Ибн Баттута ҳикоясида фақиҳларга ёқмаган иш нима экани ҳақида тўхталиб ўтилмаган, унинг подшоҳ ҳузурида сўроқ қилиниши таъкидланган холос. Аммо кейинроқ бу мунозарали воқеа ҳақида яна бир бор тўхталиб ўтадики, бундан юқоридаги каби ҳолатлар Ибн Таймия мажлислари учун одатий бўлгани аён бўлади:
“Ўша вақтда Дамашқда эдим. Жумъа куни унинг олдига борганимда, у жоме минбарида одамларга ваъз қилар ва эслатма берар эди. Унинг гапида шундай бир жумла бор эди: “Чиндан ҳам Аллоҳ дунё осмонига менинг мана шу тушганимдек тушади!” – дедию минбар зинасидан бир поғона пастга тушди. Бунга Ибн Заҳро деб танилган бир моликий фақиҳ эътироз билдирди ва унинг бу борада айтган гапини инкор қилган эди, омма ушбу фақиҳга ташланиб, қўллари ва кавушлари билан роса дўппослаб кетдилар... (“Туҳфатун-нуззор фий ғароибил-амсор”, 113-бет).”
Юқоридаги парчадан кўринадики, Ибн Таймия тириклигидаёқ унинг атрофида йиғилган мухлислари ашаддий мутаассиб, зўравонликни устун билувчи жаҳолатпараст авом бўлган(!) Кўз ўнгида авомнинг бир фақиҳни масжидда дўппослаётганини кўра-била туриб буни тўхтатиш учун бирор иш қилгани зикр этилмаган.
Демак, у ҳам ушбу ҳунук ҳолатдан рози бўлган, ҳатто мамнун бўлган дейиш мумкин-ми? Лекин, энг даҳшатлиси бу эмас. Энг ёмони, Ибн Таймиянинг авом эътибор бермай сеҳрлангандек эшитиб ҳазм қилиб юборган гапи: яъни Ибн Таймия биргина жумланинг ўзида Аллоҳни ўзига ўхшатди, ўзининг ҳаракатини эса Аллоҳнинг ҳаракати (астағфируллоҳ!) билан қиёслади(!)
Аллоҳга ҳаракат, макон ва замон нисбат беришнинг ўзи залолат эмасми? Аллоҳни яратилган бир махлуққа ўхшатиш куфр эмасми? Бу мужассима ва мушаббиҳа каби ботил фирқаларнинг эътиқоди-ку! Яна қандай қилиб шундай ботил эътиқоддаги одамни “шайхул-ислом”, деб аташ мумкин?
Ибн ал-Вардий ва Нувайрий каби тарихчилар Ибн Таймия айнан “тажсим”ни (Аллоҳнинг жисми бор дейиш) ёқлаб фатво чиқаргани ва Пайғамбар алайҳиссалом равзалари зиёратига боришни “ҳаром”, дегани учун зиндонга ташланганини айтиб ўтганлар. Шундай экан, айримлар кимни ўзларига ибрат билаётганини яхшилаб мулоҳаза қилсалар бўлар эди.

@rabboniyat