Ишқнинг қора сўқмоқлари
Бозорга кираверишда бир аёл тахтадек қотиб турарди.Одамлар уни туртиб ўтишар, лекин шундан кейин ҳам чеккароққа ўтиш хаёлига келмасди.У ниҳоятда гўзал эди, айниқса, тор бичимли атлас кўйлаги унинг қадди-бастини яна-да жозибали қилиб кўрсатарди.Узун-узун сочлари қоядан отилиб тушаётган шаршарадек жилоланар, товланарди.Агар аравакаш «пўшт» деб келиб қолмаганида жойини ҳали-бери тарк этмасди, оёғига араванинг темир пешонаси келиб урилгач, сал нарига ўтди.Аммо нигоҳлари ўн одимча нарида семиз бир хотин билан гаплашиб ўтирган басавлат эркакда эди. Эркак уни кўрмас, терс ўгирилиб аёл билан суҳбатлашар, ортида, шундоқ яқинида бир вақтлар биргалашиб ишқ шаробини ичган севгилиси турганини сира-сира сезмасди.
Жувон уни тасодифан кўриб қолган ва кўзи тушган заҳоти ҳайкалдек қотган эди. Ана шу лаҳзадан бошлаб бозорга нега келганини унутди. «Дилшод акам!» Юрагига анча йил олдин муҳрланган исм унинг тилларига кўчди. Аммо унинг олдига боришга журъати етмас, нимадир оёғига кишан урган эди.
Дилшод семиз хотин билан хайрлашиб, қандолатчилик растаси томон кета бошлагач, жувон беихтиёр унга эргашди. У одамлар орасида ҳол-аҳвол сўрашишга ботинолмасди. Билади, унга рўпарў келгач ҳиссиётларини жиловлай олмайди. Қучиши, йиғлаб кўксига бош қўйиши ҳеч гап эмас. Шундай қилса, ўтган-кетганлар нима дейди? Тағин уни беҳаёга чиқариб қўйишмасин!
Жувон изма-из бораверди. Дилшод тўрт-бешта нон харид қилиб, бозордан чиқди-да, машиналар тўхташ жойига қараб кета бошлади. Жувонга қулай фурсат туғилганди, у оппоқ «Нексия»нинг эшигини очиб, ичкарига нонларни қўйган пайти қаршисида пайдо бўлди ва ҳаяжондан титраб:
— Дилшод ака! — деди.
Дилшод қад ростлаб, унга ўгирилди.
— Ие, Шоҳсанам! — деб юборди беихтиёр. Бу учрашувни умуман кутмаган шекилли, анграйиб қолди.
Жувоннинг соғинч ҳислари жунбушга келганди, уни дарров қучоқлаб олиб, ўкраб йиғлаб юборди.
— Сизни учратаман деб ўйламагандим, Дилшод ака!
— Шоҳсанам... — дея унинг қучоғидан ўзини тортишга интилди Дилшод. — Қўйсанг-чи, уят бўлади-я. Машинага чиқ.
Йўқотиб қўйган кишисидан яна ажралиб қолишдан қўрққан Шоҳсанам уни янада маҳкам қучоқлади.
— Одамлар қараяпти... Кел, машинага ўтир. Қани, — уни қучоғидан бўшатган Дилшод эшикни очди. Жувон кўз ёшларини артиб, орқа ўриндиққа ўтирди, эркак ҳам унинг ёнига ўтирди-да, эшикни ёпди.
— Ўзгармабсан Шоҳсанам, — деди жувонга обдон назар ташлаб. Сўнг унинг оппоқ билагидан ушлади. — Тақдирни қара-я, биз яна учрашдик.
Шоҳсанам пиқиллаб, унинг елкасига бошини қўйиб, секин шивирлади:
— Мени унутиб юбордингизми, деб ўйлабман. Россиядан қачон қайтдингиз?
— Тўрт йил бўлаяпти. Илмий ишимни тўхтатишга мажбур бўлдим.
— Нега мени излаб топмадингиз?
Дилшод каловланиб қолди, вужудига енгил титроқ кирди. Жувондан ўзини сал тортиб, сигарет тутатди.
У нима дейишини билмасди. Шоҳсанамнинг ишончини қозониб, шу ишонч орқали унинг ҳалим ғўр бўлган ҳаётини барбод қилди. У совчилар ҳақида оғиз очганида, олам-олам баҳоналар тўқиб, ўқишни бир амаллаб тугатди-ю, гумдон бўлди. Сўнгги учрашувда «Илмий ишимни Москвада давом эттирмоқчиман, қайтиб келгач, албатта сенга уйланаман» деганди. Аммо қайтмади. Ундан-да ёмони, бошқага уйланди.
Табиийки, Шоҳсанам у ҳақида ҳеч нарсани билмасди. Уни роппа-роса уч йил кутди. Дараги чиқавермагач, хотини вафот этган, ўзидан ўн ёш катта эркакка турмушга чиқди. Дилшодга бўлган севгиси юрагида ҳамон сақланиб тургани боис анчайин қўрс ва қўпол эри билан келишиб кетолмади. У билан икки ойча яшади, холос. Шундан буён, мана, неча йилдирки, боши очиқ. Орада отасининг ўлимига сабабчи бўлиб қолди. Отаси уни бир жўрасининг ўғлига турмушга бермоқчи эди, совчилар хўп келишди. Қизнинг ҳолидан бехабар ота-она Шоҳсанамнинг оёқ тираб олганига қарамай совчиларга розилик беришди. Шармандаликдан қўрққан Шоҳсанам шундагина дардини очди. Бундай иснодни кўтаролмаган отаси юрагини чангаллаб-чангаллаб вафот этди.
Жувон ана шу воқеалардан хулоса чиқарса, Дилшодга умуман қайрилиб боқмасди. Аммо у бундай қилмади, аксинча, уни қучди, мана, ҳозир пинжига суқилиб ўтирибди. У севгиси, соф ва покиза муҳаббатини ҳамма нарсадан устун қў
йгани учун шундай йўл тутишга мажбур эди. Уни унутолмаса нима қилсин?
— Оилангиз борми? — жувон унга яна-да суйкалиб сўради.
— Йўқ, — деди Дилшод. — Икки марта уйланиб, бахтимни тополмадим. Сен-чи? Сен бахтлидирсан?
— Қайдам. Сизни хўп кутдим. Кейин бир эркакка турмушга чиқдим. У одам эмас, нақ ҳайвон эди. Болалариям ўзига ўхшаган. Икки ой яшаб, сўнг ажрашиб кетдим.
— Ростданми? — деди Дилшод жувоннинг сочини силаб. — Ўтган ишлар ўтиб кетди, энди ҳеч нарсани қайтариб бўлмайди. Шоҳсанам, агар рози бўлсанг, янгидан ҳаёт бошлаймиз.
Шоҳсанам шу ҳақида оғиз очмоқчи бўлиб турган эди, севиниб кетди.
— Наҳотки, биз бирга бўлсак?! Бу менинг азалий орзуим, Дилшод ака! Сизни жонимдан ортиқ яхши кўраман!
— Пешонамизга офтоб тегди, Шоҳсанам! Бу офтоб доим ярақлаб туришини истайман. Эртага уйимга борамиз. Ҳозир шошиб турибман. Ўшанда бафуржа гаплашиб оламиз. Майлими?
— Қаерда, қачон учрашамиз? — жувон энтикиб сўради.
— Анави бекатда. Соат беш-олтиларда шу ерда тур.
— Кеч эмасми?
— Сени жудаям соғинганман. Туни билан дардлашиб чиқмасак, кўнглимдаги ғубор тарқамайди, — деб унинг пешонасидан ўпиб қўйди.
Шоҳсанамнинг кўнгли ийиб кетди. Ҳаммаси тушга, ширин тушга ўхшарди. Тушми, ўнгими, унга фарқи йўқ, ҳеч нима демай розилик бериб юборди.
* * *
Онаси узун рўйхатга ёзиб берган нарсаларни қандай сотиб олди, билмайди. Уйига шод кайфиятда кириб келганидан сўнггина мўлжалдан зиёд пул сарфлаб юборганини англади. Хаёли Дилшодга кетиб, қай бир сотувчига ортиғи билан пул бергандир. Балки такси ҳайдовчисига бергандир?
Аммо кетган пуллар Шоҳсанамнинг кўнглига заррача бўлса-да, хиралик олиб кирмади. Бундай пайтда уйига ўт кетса ҳам индамасди. Ахир севгилисини, бахтини топди у! Неча йиллардан буён қалбида сақлаб юрган йигитини яна учратиш унга тасодифан хазинага дуч келгандек ҳаяжонли ва тотли эди.
Онаси — Майрам опа ундаги ўзгаришни дарров пайқаганди, қизидан секингина сўради:
— Намунча хурсандсан, қизим?
— Биласизми, ая, мен... мен турмушга чиқишга қарор қилдим!
Бу гап онасига ёқиши аниқ эди. Қизи турмушга чиқса бир ўзи қолишини билса-да, мудом унга оилали бўлишни уқтириб келарди. Шоҳсанамни шу пайтгача оила қуриш нияти йўқ эди. Бунинг сабаби оддий: у ҳеч бир эркакдан бахтини тополмаганди. Севган йигити унинг ор-номусини поймол қилиб қорасини кўрсатмай кетди, никоҳдан ўтган эркак уни хўрлади. Шунча азоб-уқубатдан сўнг кўнглига қил сиғармиди?
— Рост айтаяпсанми? — онаси ишонқирамай сўради.
— Ҳа, рост, бугун ҳаётимдаги энг севимли кишимни учратдим. У менга турмуш қуришни таклиф этди.
— У ким экан?
— Дилшод акам! Сизга у ҳақида гапириб берганман-ку, ая.
Шоҳсанам ота-онаси бир пайтлар қистовга олишганда номусини топтаган Дилшоднинг номини ўзгартириб айтиб берганди. Унинг исмини Акбар деганди. Шунда ҳам у Дилшодга зиён етказишни истамаганди. Агар унинг исм-шарифини тўлиқ айтганида, отасининг оғайнилари уни ернинг тагидан бўлса ҳам топиб келишиб, бир бало қилиб қўйишлари аниқ эди. Қаранг-а, қандай кучли экан, муҳаббат?!
— Дилшод деганинг курсдошингми?
— Ҳа, уни бугун бозорда учратиб қолдим. Оиласи йўқ экан, бирга яшайлик деди. У яхши одам. Эртага мен билан бафуржа гаплашиб олмоқчи.
— Кўзингга қараб иш тут, қизим. Тағин сени алдаб кетган Акбардек бошингга бирор мусибат солиб юрмасин.
Бояқиш онаизор Акбар билан Дилшод аслида бир киши эканлигини қаёқдан ҳам билсин?!
— Ёш бола эмасман-ку, ая. Дилшод акам ниҳоятда очиқкўнгил. Уйга келса, қандайлигини ўзингиз ҳам кўрасиз.
— Нега оиласи йўқ экан?
— Билмайман. Эртага айтади, сўрайман.
— Ҳа, обдон суриштир. Баъзилар оиласини яшириб, иккинчи хотин олаяпти. Бир ғалва бўлмасидан олдин уни обдон ўрганиш керак.
Шоҳсанамга қолса, ўнинчи хотин бўлса ҳам Дилшодга тегишга рози эди. Унинг ягона орзуси шу. Бу орзу муҳаббатдан қувват олган. Бу орзу тотли лаҳзалар оламида дунёга келган. Ҳаётининг бор-буди шу. Ундан ҳеч қачон воз кечмайди.
— Сиз айтгандай иш тутаман, — деди у онасининг кўнглиги кўтариб. — Менга уйланмасидан олдин сизнинг синовингиздан ҳам ўтади. Кўнглингизга ёқса куёв бўлади.
— Бахтингни топганинг чин бўлсин, қизим. Сенга ёқса бўлди. Мен розиман. Олисларга кетсанг ҳам май
ли, бахтли бўлишингни жудаям истайман.
— Сиз хавотирга тушманг. Тўйдан сўнг Дилшод акам билан уйимизга кўчиб келамиз. Бирга яшаймиз, аяжон. Зерикмаслигингиз учун сизга жажжи ўғил-қизчалар туғиб бераман. Тўполончиларнинг қулоғидан тортиб-тортиб катта қиласиз.
Майрам опа кўзига ёш олиб, қизини бағрига босди:
— Илоҳим, айтганларинг ижобат бўлсин!
* * *
Шоҳсанам сеҳрли бир дунёга тушиб қолган эди. Бир кечада ҳаёти тубдан ўзгарди. Тонг саҳар ўрнидан туриб, то тушга қадар ўзига оро берди, гўзаллик салонига бориб, сочини турмаклатиб келди. Чиройли кўйлагини кийиб, кўзгуга қаради. Назарида дунёда ўзидан-да гўзал аёл бошқа йўқдек эди.
— Қачон борасан? Кеч тушаяпти-ку, — онаси соат учларда сўраб қолди.
— Бешдан ўтсин, ҳали барвақт.
— Кечга учрашасанми? Кундузга мўлжалласанг бўлмасмиди?
— Дугонам Лайло билан бораман. Кеч қолсам уларникида ётиб қоламан.
У учрашув Дилшоднинг уйида бўлишини онасидан яширди. Ростини айтса, онаси рози бўлмаслиги аниқ эди.
— Кеч бўлса ҳам уйга келгин, мен хавотир олиб ўтирмай.
— Хўп, — деди Шоҳсанам.
Соат олтида у бозорнинг олдидаги бекатда Дилшодни кутиб турарди. Ниҳоят, оппоқ «Нексия»да Дилшод келди. Шоҳсанам ҳаяжонланиб Дилшоднинг ёнига ўтирди. У тақдир кутилмаганда туҳфа этган бахтдан сармаст эди. Дилшод ҳам мамнун, ҳазил қилди. Бир пайт қараса, дала ҳовлига етиб келишибди.
Ҳашаматли қилиб қурилган ҳовли ёнида иккита енгил машина кетма-кет турарди. Дарвозанинг бир қаноти очиқ, ичкарида бир аёл юрарди. Жувоннинг кўнглидан уйида одам борга ўхшайди деган ўй ўтди. Кейин пиволарни машинадан тушираётган Дилшодга савол аломати билан боқди.
— Бугун хўжайиннинг туғилган куни, — деди Дилшод унинг кўнглидан ўтаётганларни англаб. — Бир-икки соат шу ерда бўламиз-у, сўнг кетамиз. Келмасам, ранжийди. Кейин сени ҳам таништиришим керак. Қадрдонларим кимга уйланаётганимни кўриб қўйишсин-да.
Биргалашиб ичкарига киришди. Эгнига фақат халат ташлаб олган аёл кутиб олиб, ичкарига бошлади. Дид билан безатилган стол атрофида кексайиб қолган бир киши ўтирарди. Унинг сочларига оқ тушган, ажин босган юзидаги қизғиш доғлар уни хунук қилиб кўрсатарди. Ёши тахминан олтмишларда. Ёнида бўйинбоғ тақиб олган бир эркак ҳам ўтирибди. Қамалганга ўхшайди, афт-ангорида қамоқхонанинг нуқси бор.
— Келинглар, азизларим, — деб уларни кутиб олди кекса киши. Дилшод уни қучиб, туғилган куни билан табриклади. Жувон тил учида сўрашди. У хижолат бўлаётган эди. Умрида илк бора бундай тўкин дастурхон атрофида ўтириши.
Кекса кишининг исми Маъдихон экан. Бир оздан сўнг уйга иккита ярим-яланғоч қизлар кириб келишди. Шоҳсанам қизларни Маъдихон аканинг қизлари бўлса керак деб ўйлаганди, лекин уларнинг қилиқларини кўриб, ҳаммасини тушунди.
Шоҳсанам туғилган кун соҳибининг шаъни, сўнг Дилшод билан бўладиган никоҳи учун коньяк ичди. Боши айланавергач, секин Дилшодни туртиб:
— Кетамиз, — деди.
Дилшод билан қучоқлашиб нариги уйга ўтишди. Шоҳсанам ўзини ниҳоятда енгил сеза бошлаган эди. У буни коньякдан деб билди. Аммо хизматкор аёл паловнинг тагига наша босганини, у энди аста-секин таъсир этаётганини қаердан билсин?
— Шу ерда қоламиз, жоним! — Дилшод унинг ёноғидан ўпди. Жувон қўлини чўзиб, узала тушиб ётарди, салдан сўнг бор меҳрини берган севгилиси хонани тарк этганиниям сезмай қолди. У сархушлик оламида тўлғониб, нималардир деб пичирлаётганида Дилшод акаси Шоҳсанамни хўжайинига совға қилиб, ўзи жуфтакни ростлаб қолганди.
Эрталаб ўзини юзини қизғиш доналар босган Маъдихон аканинг қучоғида кўриб, чинқириб юборди.