September 1, 2020

НОМУС

Мастура кузни ўзгача интиқлик билан кутарди. Гўё, бу сафаргиси уни бутун умрлик виждон азобидан қутултирадигандек, шу билан гуноҳларидан фориғ бўладигандек. Илоҳий тартиб бузилмасди: қиш ортидан баҳор, ёз кетидан куз келарди; бироқ, у нажот фаслига етолмасди. Барглар сарғаяр, хазонрезги устида совуқ, намчил шамол ўйнар, ёмғирлар ўз қўшиғини куйларди-ю ёлғизгина у, қирқдан ҳатлаб, элликка юзланган, сочининг қорасидан оқи кўп Мастура кузнинг келганини ҳис қилолмасди. Елвизак шамол қишнинг бўм-бўш кўчаларидек кўнглини-да шип-шийдам қилишга беҳуда уринаётгандек кўринаверарди.
Бу йилги куз ҳам шундай бошланди. Сунбула яримламай, мезон эшик қоқмай ҳақиқий куз келди-қўйди. Буни у оёқ-қўли увушидан, тез-тез ҳолсизланишидан сезди.
“Қаридим!..”
Уни ёши ўтаётгани, аҳволи кундан-кунга оғирлашаётгани ҳеч қизиқтирмасди. Фақат, кузга етиб олиш, Худо айтишга имкон берса, виждон азобидан қутулиш эди. Шу орзу-хаёлларда кун санарди, яшарди.
Ана шундай куз кунларидан бирида, тушкун ва дилгир аҳвода кўчага чиқди, ишга – мактабга бориши керак эди. Эшикни қулфлаб, йўлга чиққан ҳам эдики, ундан ўн-ўн беш қадамлар олдинда кетаётган кишига кўзи тушди-ю юраги қалқиб кетгандек бўлди. Қудратингдан! Қадам ташлаши, чап елкасини хийла пастроқ тутиши, бошини бироз солинтириши ҳам ўша-ўша! Кептику!
“Зафар…”
У юриш-юрмаслигини, чақириш-чақирмаслигини билмай қолди. Қанча вақт туриб қолганини билмади. Аста кетиб бораётган кишининг ортидан журъатсиз бир-икки қадам ташлади. Оёқ товушларини эшитиб қолишидан чўчиб, бирдан уйи томон ўгирилди –таниб қолмасин, нима дейман?! Қулоқлари остида таниш, қувноқ овозлар эшитилиб кетди:
“Зафар “бешчи!” Зафар физикадан ҳам зўр! Зафар алгебрадан ҳам зўр!..”
Беихтиёр кўзларига ёш келди, бўғзига нимадир тиқилди. Ич-ичидан ҳайқириқ келгандек бўлди.
“Биламан! Биламан! Биламан!”
Лекин буни ўн тўрт-ўн бешлардаги, юзларига сепкил тошган, бурни пучуқроқ, майда ўрилган сочлари устидан чамандагул дўппи кийган Мастура тан олишни истамасди. Шундай деганларни ёмон кўрарди. Зафардан нафратланарди… У бўлмаса синфдаги энг аълочи ўқувчи бўларди, ҳамма ўқитувчилар уни мақтарди, деворий газетада фақат унинг сурати бўларди.
“Зафарнинг дадаси физика-математика ўқитувчиси бўлмаганда у беш олмасди!” – дерди чамандагул дўппили Мастура, майда ўрилган сочини ўйнаб.
“Ҳеч ундай эмас, Зафарнинг ўзи жуда каллали бола, бўлмаса вилоят олимпиадасида биринчи ўринни олармиди!” –дерди оқ сочларини рўмоли билан яширишга уринаётган Мастура. У анчагача кўчада туриб қолди. Ўтган-кетган қўшниларнинг саломини ҳам жавобсиз қолдирди. “Ота-онасини қабрини зиёрат қилишга кетяпти. Ортидан борсамми?”
Лекин бундай қилолмасди. Журъати етмасди, юзи чидамасди.
“Балки бу охирги марта келишидир, кейин келмасачи?”
Яна ўша кишининг ортидан юрди. Ишга кечикаётгани, директорнинг тўнғиллаши ҳам эсига келмасди. Фикри-ёди фақат биргина сўзни айтишда эди.
“Кечир!..”
Хаёллари уни ўттиз йил олдинга, гавжум синфга улоқтирди. Салкам қирқ ўқувчили синфхона, танаффусдаги ғала-ғовур, чамандагул дўппи кийган, сепкилюз ва сочлари майда ўрилган, нимадандир норози Мастура… У ўтирадиган парта ўқитувчининг столи билан тўқнашган эди. Кейинги дарс физика. Ўлгудек ёмон кўрган фани. Ҳеч нарсага тушунмайди, формулалар, аллақандай тенгламалар келганда мияси ишламай қоларди. Шундай фанни одамлар қандай ўзлаштиришига таажжубланарди ҳам. Агар физика бўлмаганида мактабнинг энг олди ўқувчиси бўларди…
Эшик очилиб ўйлари тўзғиди, норозиланиб жойига ўтирди.
Физика ўқитувчиси – Зафарнинг отасини ҳамма Бойдуллаев домла деб танир, доим бир ҳил – эски, лекин тоза кулранг костюм-шимини кияр, қўлтиғида икки-уч дарслик, қалин умумий дафтар бўлар, синфга кирганида аввал салом бериб, сўнг жойига ўтирарди. Бу сафар ҳам одатига хилоф қилмади. Ўтиргач, синф журналини очиб йўқлама қилди ва уй вазифасини кимлар қилмаганига қизиқди. Шундоқ қаршисида ўтирган Мастура айбдордек қўлини кўтарди. Ёлғиз ўзи эди, уй вазифасини бажармаган.
–Қизим, нега бундай қиласан? Ҳар доим уй вазифасини қилмай келасан. Ҳеч бўлмаса, физика ҳурмати, бирор дугонангдан кўчириб кел, барака топгур! Икки қўйишга кўзим қиймайди, шундай аълочи

қиз. Яхши баҳо қўйсам, буниям ҳисоби бор, жавоби бор, қизим
Мастура бу гапларга зўрға чидарди. Синфдаги энг аълочи қиз бошқалардан кўчирадими? Ҳеч қачон! Кўчиртирганлар нима деб ўйлайди? Биз билан бир ҳил эканку, демайдими?
–Ўтир қизим, бошқа бунақа қилма, уят бўлади. Бу сафар “нуқта” қўйиб турамиз…
Аввалига Мастура хижолатдан дув қизарди, сўнг хижолатпазлик ўрнини нафрат ва алам эгаллади-ю юзидан қон қочди, гезарди. Ўн олти ёшли қизнинг сония ичида турлик қиёфага кириши тўпори ғуруридан гувоҳлик бергандек эди.
“Уят сенга бўлади!” – фавқулодда ўй ўтди унинг кўнглидан.
Шу куни у уйга қандай етиб борганини билмади. Онасининг қулоғига нималардир, деб шипшиди. Ўзини уялганга солди, кўзларини ерга тикди. Ҳам ғазабдан, ҳам номусдан ёнган онаси эшитганларини тафтиш қилмай дарров эри ва яқинда ҳарбий хизматдан келган ўғлига етказди.
“Нима эмиш, анави қариб қуюлмаган Бойдуллаев домла қизингизга қичиқ қипти! Усталининг1 тагидан оёғини узатиб қизингизнинг оёғига теккизганмиш! Қизимни энди эр олмайди, войдод!..”
“Нима?! Ким?!..”
Алангага мой сепишнинг ҳеч кераги йўқ эди. Ўртада энди ор-номус масаласи турарди. Ота-боболари қўрбоши ўтганлар, сўзини бермаганлар учун бу ичга ютиб кетадиган нарса эмасди. Мастуранинг отаси ва акаси ўша куниёқ Бойдуллаев домланинг уйига бостириб киришган, сўроқ-саволсиз уни дўппослашган, оиласи, болалари кўз ўнгида ҳақоратлашганди.
Синфдош қизга тегажоқлик қилган отасининг дўппосланишини Зафар жимгина кузатиб турарди. Нима қилишини билмасди. Бундай қилишга отасининг қандай ҳадди сиғди? Ахир оиласига иснод эмасми? Унга иснод эмасми?..
Мастуранинг отаси ва акаси Бойдуллаев домлани чала ўлик ҳолига келтириб кетишди. Ҳамон ҳис-туйғулари билан курашаётган Зафар на ёрдам беришини, на жойида туришини биларди. Шу пайт миясига ғалати ўй урилди ва шартта ортига ўгирилди. Дарвоза томон юра бошлади. Буни биринчи бўлиб онаси сезди.
–Болам! Қайт, болам!..
Худди онаси ушлаб оладигандек, Зафар қадамини тезлаштирди ва югурганича кўчага чиқиб кетди…
…Қишлоқда аввал Бойдуллаев домланинг ўзининг ўқувчисига тегишгани дув-дув гап бўлди.
Кейин Зафарнинг ғойиб бўлгани оғизлардан тушмай қолди. Катта қишлоқ бу воқеани жимгина кузатар, аралашишга қўрқар, худди ҳеч нарса бўлмагандек тутарди ўзини.
Аввал бундай гап бўлмаган, гап чиқмаган. Аёл-қизлари рўмолда, эркаклари очилиб қолган эшиклар ёнидан ўтаётганда ерга қараб юрадиган қишлоқ чуқур сукутда эди.
Бойдуллаев домланинг акаси, деҳқончилик қиладиган Мирабдулла оиласи билан хотинининг юртига, Балиқчига кўчиб кетди. Чортоққа, Учқўрғонга тушган домланинг сингиллари эса қишлоқдан қадамини узди.
Мастурага етадиган одам йўқ эди. Мактабда энди физика ва математика ўқитилмай қўйди. Ўқитувчи йўқлигидан ўрнини бошқа дарслар эгаллади. Мастура ҳамма фандан “беш”га ўқирди…
Бойдуллаев домла қишлоққа аралашолмай қолди. Одамлар ҳам уни тўй-ҳашамларга айтмай қўйди. Зафарни қидириб бормаган жойи қолмади. Орада аёлининг аҳволи оғирлашди-ю шу ётганича бошқа туролмади. Сунбула ўтиб мезон кирганида омонатини топширди. Ўша кузнинг ёқимсиз, этни жунжиктирувчи салқин кунларида Мастура буни эшитди-ю ичида нимадир узилиб тушгандек бўлди. Ўшанда у институтга иккинчи марта имтиҳон топшириб киролмай қишлоққа қайтган эди…
Ўн беш ўтгачгина Зафарнинг дараги чиқди. У Россияда эди. Ишлагани борган синфдошларидан бири уни таниб қолган, расмини юборганди. Энди телефонларда унинг сурати айланарди: йўғон гавдалик, сочлари калта, ҳарбийларга ўхшаган қиёфа…
Шундан кейин у қишлоққа келадиган бўлди. Куз эди. Онаси омонатини топширган кунлар.
Биринчи марта келганида отасини таний олмади. Қариб, бир бурда бўлиб қолган, елкалари чўккан, гапларини эплаб гапиролмасди. Зафар кекса, ушоқдек отасини бағрига босиб узоқ йиғлаган, Бойдуллаев домла эса нуқул: “болам! болам!” дерди, холос. У отасини олиб кетди. Шу билан қишлоқ бу уруғ билан тамом ҳайрлашди.
Мастура кетма-кет беш йил университетга кира олмади. Журналист бўламан, шеърлар ёзаман, деган орзу-хаёлдаги қизга: “Яхшиси, физика-математика факултетига топшир, одам кам” дея маслаҳат беришди. Қишлоқда у ҳақда гап-сўз оралагандан кейин бирор совчи уларнинг ​​уйи остонасидан ҳатлама

ди. Бир вақтлар нафратланган, ундан қутулиш учун ҳар нарсага тайёр Мастура қўлига… физика дарслигини олди. Яна икки йил уриниб, йигирма беш ёшида физика-математика факултети талабаси бўлди…
Дунёни чарҳпалак дейишлари шу бўлса керак…
…Хаёлларидан юлқинганида гавдали киши – Зафар ундан анча узоқлашиб бўлганди.
“Таваккал!”
У оёғини қўлга олгудек бўлиб Зафарнинг ортидан чопди. Унга икки-уч қадам қолганида беихтиёр тўхтаб қолди. Қўрқа-писа унга разм солди. Чакка сочлари оқарган… Бу сочлар тилга кирса уйдан кетиб қолган ўн олти ёшли боланинг дарду-ҳасратларидан юраклар адо бўлишини туйқус сезди. Шунда Мастура ўз-ўзидан нафратланди.
Ортида одам турганини сезибми, Зафар ортига ўгирилди. Мастура қўрқувдан қотиб қолди. Ўзи билиб-билмай салом бериб юборди.
–Кечирим сўрагани келдингми? – ўттиз йиллик айрилиқдан сўнг Зафарнинг айтган сўзлари шу бўлди.
Мастуранинг кўзлари катта-катта очилиб кетди. Тили айланиб-айланмай сўради:
–Қаердан… билдинг?..
–Дадам раҳматли ҳаммасини айтиб берганлар.
Мастура ўйлаб ўйига етолмасди. Айтиб берганлар? Қанақасига? Ёки, Бойдуллаев домла тиз чўкиб ўзини оқлаб, ўғлини ишонтирганмикин?
Зафар кўзларини юмди. Ҳириллаб нафас олаётган отаси хаёлидан ўтди.
–Ўғлим… болам… ўзимни… оқламоқчимасман… Бир кун келиб… ўзинг ҳам балки… кўрарсан… Мен ўтирган стол билан… ўша қизнинг партаси ўртасида… ерга етадиган… ёғоч тўсиқ бўлган… Худонинг олдида… виждоним тоза… ўғлим…
Ҳайратдан, алам ва нафратдан Зафарнинг тилидан сўз, қўлидан куч қочди. Шу оддийгина нарсани текшириш наҳот ақлига келмади?! Шу билан отаси ва оиласи номусини ҳимоя қилиш мумкин бўлган эканку!.. Орадан бирмунча вақт ўтиб қишлоққа келганида ўша синфга кирди. Ҳайратланарлиси, ўша оғир парталар, ўқитувчи столи шу ҳолича турарди. Ҳолиқи қудрат буни атайин шундай қолдирган, бутун умр ёмонотлиқ қилинган бандаларини фойдасига гувоҳлик беришга ирода қилганди. Бир вақтлар отаси ўтирган стол ва унга қадалган парта ўртасида ердан ярим қарич очиқлик қолдирилган ёғоч тўсиқ бор эди.
Зафар синфнинг ёғоч полига беихтиёр чўккалаб қолди. Бир муддат ўзи билан ўзи курашди-ю кучи етмай ўкраганича йиғлаб юборди. Уйини бошқа кўрмаслик умидида вагонлардан-вагонларга сакраётган ўн олти ёшли бола, совуқ, файзсиз шимол бозорларидаги кир-чир ҳаммол, қурилишларда ғишт-лой ташиган мардикор ва университетнинг иқтидорли талабаси, донгдор физик олим ўртасида шу биргина ёғоч тўсиқ турганини ўшанда ҳис қилди.
–Дадамлар бирор марта сени гапирмаганлар, – ниҳоят ўйларидан юлқиниб деди Зафар. – Кечирим сўрашинг ҳам шарт эмас. Худо ҳаммасини кўриб турибди.
“Худо бор, бўлмаса ҳаммасини жой-жойига туширмасди!” – Мастура кўнглидан ўтганини тилига чиқара олмади.
Мастура турмушга чиқмади, аниқроғи, унга совчи келмади. Ота-онаси унинг тўйини кўрмай омонатни топширишди.
–Ортимдан юрма, ота-онамнинг олдиларига кетяпман, – деди унга қарамай Зафар.
Унинг нима демоқчилигини Мастура тушунди. Зафар хайрлашмай ортига бурилди ва юриб кетди. Мастура қишлоқ ва қабристон ўртасида, бўм-бўш кўчада ўзи ёлғиз қолди. Нафақат синфдоши Зафарнинг, балки ўзининг бахтини ҳам ерга кўмганини алам билан эсларди. Чамандагул дўппили, сепкил тошган юзли қиз абгор қилган ёшлиги ортидан маъюс тикилиб қолди.
Барибир Мастура кузни ўзгача интиқлик билан кутаверарди. Бўм-бўш, зулмат оралаган кўнглида ёлғиз югурик шамоллар айланар, айланаверарди…

http://t.me/KongilKaliti