August 7, 2020

Ижарачи дўст

Тонг саҳарда Собирнинг телефони жиринглади. Рақамга қаради-да, чуқур «уф» тортиб, «Янами?» деб қўйди. Бироз ўтиб, уй телефони жиринглади…
— Сабо, қара, уй эгаси қўнғироқ қиляпти. Мени «Уйда йўқ», деб юбор…
Ранглари синиққан, озғингина аёл телефонни кўтарди:
— Ассалому алайкум, Зуҳра опа! Ишларингиз яхшими, болаларингиз тузукми?..
— Мен яхшиман… Қани эрингиз? Нималар қиляпти ўзи? Сизларга раҳм қилиб уйимга қўйгандим. Раҳматингиз шуми, келин? Ахир орадан уч ой ўтди, ҳалиям пулини тўламадинглар-ку?!
— Биз ҳаракат қиляпмиз, опа…
— Бир ҳафта муҳлат, акс ҳолда, уйни бўшатиб қўйинглар!
Сабоҳат гўшакни қўяркан, эрига ўйчан боқди:
— Энди нима қиламиз, дадаси? Уй эгаси «Агар тўламасанглар чиқиб кетинглар!» деяпти… Бу ёқда уй тўловлари ҳам йиғилиб қолди…
— Нима қил дейсан? — ўшқирди Собир хотинига. Шу тобда ундан бошқа заҳрини сочадиган одам йўқ эди атрофида. — Эртаю кеч ишлайман! Маошим зўрға ижара пулини қоплаётганди. Мана, энди ўша ҳам йўқ…
Собир ишлаётган корхона ёпилиб, у ишсиз қолган эди. Шундан бери Собир уззукун уйда ўтирар ва Сабоҳатнинг тикув машинаси «ғир-ғир»ини ёқтирмай, унга жаҳл қиларди.
— Нима, кун бўйи ғириллатасанми бунингни? Бир пас тикмай турсанг бўлмайдими? Бунинг устига, хотин-халажларнинг кўплигини-чи… Ҳали униси келади, ҳали буниси. Токниям еб юбординг, ғириллатавериб…
— Нима қилай? Шуларни тикмасам, рўзғорга ул-бул бўлмайди-ку, дадаси… Аёллар кўйлак тиктиргани келишади, шуларнинг бори яхши-да…
— Э-э-э! Шуям иш бўлдими?
Собир хотинига жаҳл қилиб туриб кетди. Балконга чиқиб, ташқарига қаради. Ана ёнидаги қўшниси янги «Малибу»сини кўз-кўз қилиб ювяпти. Шунинг ҳам бирор ташвиши бормикин-а? Биринчи қаватдаги қўшниси-чи? Маҳалланинг бошида чойхонаси бор. Ўша ерда кунини кеч қилиб келади. Хотини жаврагани-жавраган. Яхшиям, Сабоҳат шунақа аёл эмас. Собирнинг топганига қаноат қилади. Унга ёрдам бўлсин, деб мана, яқинда тикув машинаси сотиб олиб, қўшниларга, уларнинг бола-чақасига кийим тикяпти… Аммо бу уйсизлик масаласи қачон тугаркин-а? Салкам беш йил бўляпти, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа кўчади.
Бир замонлар Собирнинг ишлари зўр эди… Ҳамма унинг соясига салом берарди. Қўша-қўша машиналар ҳовлисига зеб бериб турарди. Ишлари чаппасига кетди-ю, ҳаммасини сотишга тўғри келди. Рўзғорни тебратиш, ижара ҳақини тўлаш учун мебель корхонасига оддий ишчи бўлиб ишга кирди. Ўшанда корхона раҳбарининг ишчиларга менсимай гапириши, ўзидан ёши катталарни ҳам сенсираши унга қаттиқ ботганди. «Мабодо, мен шунақа бўлмаганмидим? Балки, мен ҳам ҳаволаниб кетган бўлсам, Аллоҳ мени шу йўл билан синаб кўрмоқчи бўлдимикин?» дея узоқ ўйлади. Мана, корхонадаги иш ҳам кўпга чўзилмади. Энди ишсиз, уйсиз, сарсон… Болалари ҳали у мактабда, ҳали бу боғчада… Собир шуларни ўйларкан, пулни қаердан топсам экан, деб бош қотирди. Қўшнисидан сўраб турсамикин? Ахир яқинда машина олди. Бериб турармикин? Ёки чойхонаси бор қўшнисидан олсинми? Ҳар ҳолда, ҳар куни қўлида пул ўйнайди… Э-э, нималар деяпти ўзи? Ахир уларнинг исмини ҳам билмайди. Кўчиб келганига энди тўрт ой бўляпти-ю… Энди нима қилади? Пулни қаердан топади? Бу ердан ҳам кўчадими энди?
Шу пайт эшик қўнғироғи устма-уст жиринглади. «Яна ким бўлди экан? Уйнинг эгаси бўлса-чи? Унга нима дейман? Пулим йўқ, деб дангалини айтиб қўя қолайми ёки бироз кутиб туришини айтайми? Нима қилай?»
Эшикни Сабоҳат очди. Ҳартугул, хотинининг ёнига келишган экан. Она-бола. Сабоҳат уларни ичкарига бошлади.
— Айланай, келинжон, сизнинг чокларингизни роса мақташди. Шу қизимнинг бир ойдан кейин тўйи бўладиган. Шунга бор сарпо-суруғини сизга кўтариб келавердим.
— Раҳмат сизга, бизга катта яхшилик қилдингиз, опажон.
— Ие, унақа деманг-э, келин, бор гапни айтдим-да.
Сабоҳат қизнинг ўлчамларини олди-да, кейин матоларни бирма-бир кўра бошлади. Ҳамма иш битгач, она-бола ташқарига йўналди. Шунда ҳалиги аёл ҳамёнидан пул чиқарди:
—Мана, буни олиб туринг, игна-ип дегандек, қолганини кейин гаплашаверамиз…
—Майли, опажон, раҳмат…
Она-бола кетганидан кейин Собир хотинига:
—Бозоринг чаққон бўлиб қолибдими? —деди.
—Ҳа, дадаси, кеча битта келиннинг сарпосини тикиб бергандим. Манзилимизни ўшалардан о

лишибди, қариндошлари экан.
— Ҳа, майли, баракасини берсин.
— Дадаси? ..
— Нима дейсан? — Собир ортига ўгирилди.
— Мана бу пулларни олинг. Ойим: «Эркак киши пулсиз юрмаслиги керак», — дерди.
— Ҳа-а, ойинг тўғри айтган экан, лекин менинг ойим «Хотин кишидан пул олмаслик керак», деб ўргатган. Шундай экан, пулингизни ўзингиз ишлатаверинг. — Собир шундай дея хонасига кириб кетди. Сабоҳат қўлидаги пулни шкафнинг тепасига қўйди. «Мабодо, керак бўлса, шу ерда пул борлигини билади-ку», деб.
Орадан икки кун ўтди. Кечга яқин яна эшик тақиллади. Сабоҳат эшикни очди. Қараса, Зуҳра опа экан.
— Хўш, келин, нима қилдинглар? Кўчишга тайёрмисизлар? — деди уй эгаси дабдурустдан.
— Йўқ, биз… ҳалиги…
— Мен сизларга муҳлат берсам, чўзиб юраверар экансизлар… Майли, пул тополмаётган экан, дедим, индамадим, болалари ёш дедим, индамадим. Шунақа ҳам бўладими ахир?! Эрингиз қани? Яна қулоғимга осиш учун лағмон тайёрлаяптими?
— Унақа деманг, опажон, ҳаракат қиляпмиз.
— Бир жойда ўтириб ҳаракат қилиб бўлмайди, эрингиз уззукун уйда бўлса, кимни алдаяпсиз? Ана, қўшнилар айтишди: уйдан кўчага чиқмасмиш.
— Ишлари юришиб кетса…
— Э-э, мен у кишининг ишини юришиб кетишини кутиб ўтирадиганлардан эмасман. Менга ҳам пул керак. Нариги ижарачиларим вақтида беришади, сизлар-чи, нуқул чўзасизлар. Бўлди, сабримнинг ҳам охири бор. Эртага яна келаман, пулингиз ҳам керак эмас, чиқиб кетинглар, вассалом!
Зуҳра опа эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди. Сабоҳатнинг елкаларидан яна тоғ босаётгандек бўлди. Нима қилсин? Кимга ялиниб-ёлворсин? Ҳозир ҳеч ким ўзидан ортиб пул бермайди. Эрининг аҳволи ўзига маълум, демак, яна кўчишаркан-да. Унда анави келин бўлмишнинг сарполари нима бўлади? Тезда битириб бериши керак. У овқат қилгиси ҳам келмай тезда тикишга тушди.
— Дадаси, кечга тухум қовуриб ея қоламиз, манавини битириб бермасам бўлмайди, — деди йиғи аралаш овозда.
Бундан Собирнинг кўнгли бузилди. «Бўлди, нима бўлса бўлар, қўшнилардан қарз сўрайман», — қатъий гапирди ўзига-ўзи ва уйдан чиқиб, рўпарасидаги қўшнисининг эшигини тақиллатди.
— Ким? — овоз келди у тарафдан.
— Мен, қўшнингизман.
Рўпарасидаги қўшниси тунд юзли, ҳечам кулмайдиган одамлар тоифасидан эди. Янги кўчиб киришган куни хотини бир коса ош олиб чиқиб, «Хайрли бўлсин», — деганча бошқа гапирмай, уйига кириб кетганди.
— Ҳа, қўшни, тинчликми? — деди у қошларини чимириб.
— Ҳа-а, мен… ҳалиги…
Қўшнисининг каловланаётганидан унинг тунд башараси баттар бужмайди.
— А-а, болға… Болғангизни бериб туринг. Керак бўлиб қолувди…
— Қоронғида тақиллатиб юрманглар-а, эртага, мен кетганимда ишингизни қиларсиз. Сиз кун бўйи уйдасиз, иш қанақалигини билмайсиз.
Собир бу гапдан кейин ўйланиб қолди: «Демак, Зуҳра опанинг гапи тўғри экан-да. Ҳамма қўшнилари унинг уйдалигини билишибди-да, энди ҳеч кимдан пул сўрашнинг кераги ҳам йўқ».
Қўшнисининг уйидан болға билан чиққан эрини кўрган Сабоҳат:
— Болға балконда турибди-ку, — деди.
— Мен бошқа нарсага чиқувдим…
Сабоҳат гап нимадалигини тушунди-да, хўрсиниб қўйди. Кеча келган қўшнига, бунинг устига танимаган одамга ким ҳам қарз берарди?

Уйига важоҳат билан кириб келган хотинини кўрган Оллоназар:
— Ҳа, тинчликми? Нима бўлди? — деб сўради.
— Э-э, анави оилали ижарачиларимиз пул бермай қийнаб юборишди.
— Қанча бўлди ўзи?
— Э-э, анча ой…
— Нима деяпти? Ўзи бор эканми пуллари?
— Эрининг иши юришмаётганмиш, хотини ўша ердагиларнинг кийим-кечагини тикиб пул топади. Қўшнилар эрини «Кун бўйи уйда, ҳеч қаерга чиқмайди», — дейишди. Чиқариб юбораман, менга нега керак улар, қариндошимми менинг? Ундан кўра пулдорини қўяман. Вақтида пулини беради. Нариги уйдаги ижарачиларимиз доим кун ва соатида етказиб беришади.
— Ҳа-а, ундай бўлса, ўша иккинчи уйдагиларнинг пулини ишлатиб тур, оласан-да битта қилиб, сенга нима етмаяпти?
— Кейин шунга ўрганишади, пулнинг ортиқчаси чиқиб кетармиди? Болаларнинг ўқиши, уларнинг ҳар кунги харажати. Ўзи бўладими?
— Етмаса, мен бериб тураман. Эри ишламаса, нима қиласан қийнаб уларни? Ўша пулни рози бўлиб беришсин.
— Топсин ёки бўшатсин! Гап тамом!
— Оббо, билганингни қил! — Оллоназар ака бошқа гапирмади. Бунақа пайтда хотини билан тортишиб ўтири​​​​шнинг фойдаси йўқ э

ди.
Эртаси куни Оллоназар ака янги ижарачиларининг кимлигини билиш учун борди. Эшикни Сабоҳат очди. Устидаги кўйлаги униқиб кетган бу аёлни у қаердадир кўргандек эди.
— Ҳа-а, келин, мен шу уйнинг эгасиман… Зуҳра опангизнинг эри.
— Ҳа, келинг, мулла ака, биз, мана, уйни йиғиштиряпмиз. Жой топсак, чиқиб кетамиз.
Оллоназарнинг кўзи катта-кичик тугунларга тушди. Сал нарироқда чамаси тўрт ёшлардаги қизалоқ унга жавдираб қараб турарди.
— Уй топдингларми?
Эркак кишининг овозини эшитган Собир коридорга чиқди.
— Ҳа, ака, келинг.
Оллоназар Собир билан кўришмоқчи бўлиб қўлини узатди.
— Ие, Собиржон, ўзингмисан?
— Оллоназар, ўртоқ! — Собирнинг юзи ёришди. Сал нарида эса Сабоҳат уларга ҳайрон тикилиб турарди.
— Кир, кир ичкарига. Нега ташқарида турибсан?
— Мен сизлардан хабар олай деб… Зуҳра ҳадеб гапираверганига…
— Кирсанг-чи, ўртоқ, кир!
Собир Оллоназарнинг қўлларидан маҳкам ушлаб олганди. У ноилож туфлисини ечиб, ичкарига кирди.
Сабоҳат чой олиб кирганида меҳмонхонада икки ўртоқ гурунглашиб ўтирарди. Собир аёлини кўриши билан дўстини таништирди:
— Сабо, танидингми, жўрамни? Бир мактабда, биздан юқори синфда ўқиган Оллоназар-чи? Бир пайтлар битта жамоада футбол ўйнаганмиз.
Сабоҳат нима дейишини билмай жилмайиб қўя қолди.
— Оббо, Собиржон-эй, шундай қилиб, бу ёқларда нима қиляпсан, ўртоқ?
— Тақдирнинг ҳазилини қара, дўстим. Бундан бир неча йил олдин чоғроқ корхонада раҳбар эдим. Пул, машина, ҳовлим — ҳамма нарсам бор эди. Бир зумда барчасини йўқотдим. Корхона камомадига бор нарсамни сотиб, аранг қутулдим. Еганлар бошқалар бўлди-ю, касрига мен қолдим. Ҳисоб-китобларни текширмаганим, ҳисобчимга, шерикларимга ишонганимнинг оқибати бу… Мана, охири шу аҳволга тушиб қолдим. Демак, бу хонадон сенга тегишли экан-да!
— Ҳа, бир пайтлар олиб қўйгандим. Келинойингнинг чиқимига яраб турсин, деб…
— Ҳа, жуда яхши қилган экансан. Мана, кунингга яраб турибди.
Шу пайт ҳалиги қизалоқ келиб, дадасининг тиззасига ўтирди.
— Дада-а, — деди қизча чўзиб. — Яна янги боғчага бораманми?
Оллоназар қизчанинг кўзларидаги мунгни кўриб, ичи оғриди. Бу манзарадан Собирнинг ҳам кўнгли бузилди. Оллоназар қизчага қараб:
— Йўқ, қизим, бу уй сизларники, қанча турсанглар тураверинглар, — деди.
— Урр-а, ака, энди кўчмас эканмиз!
Қизча югургилаб чиқиб кетди. Оллоназар ундан кўзларини яшираётган ошнасига деди:
— Ўртоқ, кўчиш ҳақида ўйлама! Биз бирга ўсганмиз, бир жойнинг сувини ичиб, нонини еб катта бўлдик. Сендан пул олсам, ярашмас. Шу уйда қанча турсанг, туравер! Пулинг ҳам керакмас.
— Йўғ-э, ўртоқ, ундай дема! Ишларим юришиб кетса, келишилган пулни бераман.
— Мен битта гапираман, ошна. Бу ёғидан хавотир олма. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Индинга ёнимга ўт, гаплашамиз. Мана, бу менинг ташриф қоғозим.
Собир дўстининг ташриф қоғозини оларкан, алланечук бармоқлари қалтиради.
— Ҳаммаси жойида, дўстим. Бу кунлар ҳам ўтиб кетади. Йигитчиликда бўлиб туради…
Оллоназар дўстининг оиласи билан хайрлашиб кетди.
— Сабо, дунёнинг ишларини қара. Бир пайтлар дўст эдик, тақдирнинг чархпалаги айланиб, бугун бизни учраштириб турибди-я…
— Ҳа-а, дадаси, «Ер думалоқ» деб шуни айтишса керак-да! — деди Сабоҳат ҳам.
— Нарсаларингни жойига тахлайвер, онаси, шу ерда қоладиган бўлдик.
Бу гапдан Сабоҳатнинг чеҳрасида ёришди. Кечагина ҳеч қаерга сиғмаётган, қўшнисидан қарз сўрашга ботина олмаган эрини алланечук яхши кўриб кетди. «Яхшиям шунақа дўстингиз бор экан-а», — деб қўйди ичида.
Орадан бир неча кун ўтиб, Собир яна янги мужда билан келди.
— Табрикла, хотин, Оллоназар мени ишга олди. Энди унинг фабрикасида иш юритувчи бўлиб ишлайман…
Собирнинг бу янгилиги билан хонадонга файзу барака ҳам кириб келди.