September 3, 2020

Видога интиқ кўзлар...

—Ҳой, одамлар! Энди нима қиламан? Қизим кўзларини юммаяпти!..

Катта ҳовлида уввос тортиб йиғлаётган Машҳура холанинг юзига кимдир сув сепди.

—Ўзингизни босинг, холажон, домла келсин, бир гапни айтишар…

Қўни-қўшнилар холани суяб, ичкарига олиб киришди.

Домла келиб, майитни кўрди-ю, «У кимгадир илҳақ бўлиб ётибди, яқинларидан кимнидир кўрмаган, ўшани олиб келинглар», деди. Ҳамма Юсуфга унсиз тикилди…

Моҳира қишлоқнинг энг олди қизларидан, сочи тақимини ўпар, гўзал қизнинг йўлини пойлаганлар кўп эди. Нима бўлди-ю, қўшни қишлоқдан Иброҳим деган йигит унга совчи қўйди. Ота-онаси тагли, зотли бўлган Иброҳимга Моҳирани «жойидан тинсин», дея узатиб юборишди. Аммо оиланинг тинчлиги фақат аёлга боғлиқ эмас экан-да. Моҳира эрининг суюкли хотинига айланишга кўп бора ҳаракат қилиб кўрди. Аммо унинг «Сенга уйланаман, деб баҳс боғлагандик, мен битта тойчоқ билан сенга эгалик қилишни ютиб олдим», дейишлари жон-жонидан ўтиб кетса-да, ҳеч кимга билдирмади. Ота-онасига доим келин бўлиб тушган хонадонини мақтар, ўзи ишлаб топган пулига сотиб олган нарсаларини кўрсатиб, бир гал «Қайнонам совға қилди», деса, бир гал «Куёвингизнинг ҳадяси», деб мақтанарди. Орадан вақт ўтиб, Моҳира Иброҳимга қўчқордек ўғил туғиб берди. Аммо кўчадан бери келишни ўйламайдиган, қизлар билан маишат қилиб, йиққан-терганини кўчага ташлаб келадиган Иброҳимнинг хурмача қилиғи тобора орта борди. Охири оилага дарз кетди.

Бир куни қизининг уйига меҳмонга борган ота-она йигитнинг асл башараси қанақалигини қўшнилардан эшитишгач, Моҳирани уйга олиб кетишди. Лекин Иброҳимнинг таниш-билишлари кўп экан, ўғлини ундан суд орқали тортиб олишди. Моҳира бир неча кун бағрини совуққа бериб ётди. Онаси унга «Гиёҳванднинг боласи нима бўларди, кўнглингни совитгин-да энди», дея далда берди. Моҳира аста-секин кўника бошлади. Қўлида гулдек ҳунари бўлгани учун ишга тушиб кетди. Орадан икки йил ўтди. Иброҳим гарчи бошқа аёлга уйланган бўлса-да, эски қилиғини ташламаганини эшитган Моҳира ўғлининг дийдорини кўриш учун қишлоққа борди. Унинг дарагини эшитган қайнона эса ўғлини унга кўрсатмади. Зор-зор йиғлаган Моҳира шалвираб уйига қайтди. Кундан-кунга сўлиб бораётган қизини кўрган Машҳура хола уни орқаворотдан сўраб-суриштириб юрган кўчанинг бошида турадиган, яқинда хотини ўлиб, уч боласи билан қолиб кетган Юсуфга узатишни режалаштириб қўйди. Бир куни ишдан келган Моҳирага гап очди.

— Болам, кўзим очиқлигида сенинг бир жойнинг эгаси бўлишингни истайман. Юсуфни танийсан. Бир мактабда ўқигансизлар. Бечоранинг хотини касал бўлиб, узоқ вақт ётганда ҳам, ўзи оқ ювиб-оқ таради, гард юқтирмади. Аммо Аллоҳнинг иши экан, дард хотинини енгиб қўйди. Олти ойдан бери уч болани ҳали онасиникига, ҳали опасиникига ташлаб юрибди. Кеча бир гап эшитдим. Опаси Ҳалима гап билан бўлиб, Юсуфнинг кичкина қизини кўздан қочирган экан, ариққа тушиб кетибди. Сал бўлмаса чўкиб кетай дебди, болам… Ахир норасида бўлса, унинг уволини ким тортади? Юсуфнинг онаси ҳам, опаси ҳам бир эмас, бир неча марта оғиз солди. Жужуқларни кўргач, зора яранг битса дейман. Энди бу ёғи сенга боғлиқ, қизим…

Моҳира бир куни ёмғир шаррос қуяётган пайтда Юсуфни кўчада кўриб қолди. Учта болани етаклаб, лой кечиб онасиникига кетаётган экан. Кичкина қизини кўтарган дадасининг оёғига ўғли ҳам осилиб олган эди. Шу топда унинг оналик ҳисси уйғониб кетдими ё Юсуфга раҳми келдими, унга яқинлашиб қолган ота-болаларга бефарқ қараб тура олмади. Тинмай дадасининг оёғига ёпишаётган болани даст кўтариб олди.

—Ойи… —дея болакай Моҳирани маҳкам қучди.

Бу ҳолни кутмаган Моҳира Юсуфга қаради.

—Икки кундан бери иситмалайди, тинмай «Ойи», дейди. Нима қилишни билмаяпман…

Шундагина Моҳира боланинг оташ бўлиб ёнаётганини пайқади.

—Қани, бизникига кирайлик…

Дабдурустдан учта бола билан кириб келган қизига тикилиб қолган Машҳура хола бироз ҳайрон бўлиб қолди.

—Ойи, жой тўшанг, боланинг иситмаси баланд…

Она бирпасда тахмондан кўрпачаларни олди-да, болани ётқизишга ёрдамлашди.

Ҳамон «ойи»лаётган болакай тинмай титрарди.

—Ойи, дори қутини олиб келинг, укол қилмасак бўлмайди.

​​Моҳира ўша топдаёқ оналикка киришиб бўлган, Юсуф

эса дераза тагида уни кузатиб турарди. Болалар Моҳиранинг атрофида парвона, бири унинг сочини тортса, бири кўйлагини ғижимларди. Буни кўрган Моҳиранинг кўнгли бўшаб кетди…

Моҳиранинг Юсуфга узатилганига ҳам кўп бўлмади. Юсуф меҳнаткаш, дили тоза йигит эди, Моҳирага қийин бўлмади. Улар биргаликда уч фарзандни вояга етказа бошлашди. Орадан бир йил ўтмай, уларнинг боласи тўртта бўлди. Моҳира энди Иброҳимникида қолиб кетган ўғилчаси ҳақида кўп ўйламас, ҳаёт ташвишлари ва қувончлари билан банд эди. Болалар улғайгач, аста-секин тўй тараддудига тушиб қолишди.

Уларнинг оиласи яна қувончга тўлди. Ора-сира биринчи ўғли Одил ҳақида ўйларди. Иккинчи хотини билан ҳам тузукроқ яшамаган Иброҳим ичкиликка берилиб кетган, Одилни эса унинг онаси уйлантириб қўйганди. Она-бола гоҳида учрашиб қолишар, бир-бирига тўймай, яна хайрлашарди. Наилож? Тақдирига шундай битилган экан-да…

Моҳира бир куни юрагининг қаттиқ санчишидан уйғониб кетди. Бироз туриб юрди.

Бемаҳалда ҳовлидаги тиқир-тиқирни эшитган ўғли Жалил югуриб чиқди:

— Ҳа, ойи, нима гап?

— Ўзим, шунчаки…

Кейинги пайтларда ўқтин-ўқтин такрорланаётган санчишлар ўз ишини кўрсатди. Бир куни ҳовлининг ўртасида Моҳира йиқилиб қолди. Ўғиллари Жалил ва Комил «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилишди…

Касалхонага етиб келган Юсуф гап нимадалигини шифокорлардан сўради.

— Микроинсульт. Энди бу ёғига авайлайсизлар, акс ҳолда, кейинги хуруж бундан кучли бўлиши мумкин. Хотинингизнинг кўнглига қаранг, унга асабийлашиш мумкин эмас…

Гап нимадалигини билган Юсуф даҳшатга тушди. Ахир нега? Шунча йилдан буён нега айтмади? Ўзи шифокор бўлса… Нега билдирмади?

Моҳиранинг ранги оқариб, кўзларининг таги кўкимтир тус олган эди.

— Дадаси, — деди у хаста оҳангда, — Жалил билан Комилни уйлантирайлик, бу ёғи…

— Ундай дема, хотин, ахир бир умр бирга бўлишга қасам ичганмиз, асло кўнглингни бўлма. Ҳали, эҳ, келинларни би-ир йўлга солай, деб қоласан ўзинг…

— Илоҳим… Илоҳим, ўша кунларга эсон-омон етайлик…

Аммо дард дардлигини қилди. Бир куни Моҳира тағин беҳуш йиқилди.

— Бемор комага тушиб қолган. Уни ҳамма ҳам енга олмайди, ҳамма нарса бўлиши мумкин, — деди шифокор Юсуфга.

Юсуф бошини хам қилиб ташқарига чиқди. Эшик тагида кўзлари нигорон турган фарзандларини қучиб, тўйиб-тўйиб йиғлади…


Гарчи оламдан ўтган бўлса-да, Моҳиранинг кўзлари ҳамон ним очиқ турган эди. Юсуф зор қақшаб, охири Одил ҳақида ўйлади.

— Одилбекни, Одилбекни олиб келинглар… — деди пичирлаб.

Қўшни қишлоққа дарров машина юборилди. Зум ўтмай етиб келган Одилбек эшикдан йиғлаб кирганида, барча оёққа қалқди. Уни дарров онаси қошига олиб киришди. Одил ўзини тута олмас, «онам»лагани сайин ичкарида йиғи-сиғи авж оларди…

Буни қарангки, Одил келгач Моҳиранинг кўзлари юмилди.

@KongilKaliti

Https://t.me/KongilKaliti