August 15, 2020

ЎГАЙ ОТА.

Ҳашаматли ва номдор Паризод ресторани бугун ҳар кунгидан бошқача безатилди.Бугунги келин куёв Бухоронинг энг олди кишиларининг фарзандлари.Икки машҳур заргар қуда бўлаётганини алоҳида таъкидлаётгандек олтин рангга ва зарҳал безакларга алоҳида урғу берилган эди.Бу халқ таниган заргарлар Сафо заргар ва Муртазо заргар ҳурмати учун ҳатто Паризоднинг расмий хўжайини Зулфизар иш юритувчилар ва ака-укаларига ҳам ишонмай шахсан Москвадан ишини чала ташлаб учиб келди.Меҳмонлар билан тўлган ресторан столлари ноз неъматлар билан лиқ тўла.Йўқ нарсанинг ўзи йўқ деган гап худди шу ерга жоизда!Фақат .....келин куёв кечикишаётган эди.Қишнинг узун кечаларининг соати кечки 21-00 га етганда меҳмонлар орасида шивир шивир бошланди.Кимдир аста сирғалиб кетиб қолди,кимдир қўл телефонина ёпишди,яна кимдир атрофга аланг жаланг қараб миш-мишнинг рост ёки ёлғонлигига ишонч ҳосил қилишга уринди.Эмишки,куёв йўқолиб қолибти!Келиннинг уйидагилар кута кута охири нима қиларларини билмай ресторандагиларга қўнғироқ қилишганмиш...Ростдан оқ костюм -шим кийиб савлат тўкиб юраган куёвнинг отаси Сафо заргар кўринмай қолди.Келин томондан ташриф буюрганлар анча сийраклашиб қолишди....
Сафо заргар ҳам,Муртазо заргар ҳам Бухоронинг эски шаҳар қисмидан.Инқилобдан олдин Ойбиби иноқ,инқилобдан сўнг Пожарка дея танилган гузардан.Қадим Бухоронинг Эски шаҳар қисмидаги кўчаларнинг ёшлари ўз феъл атвори билан бошқалардан анча фарқ қилишади азалдан.Чунки шаҳарнинг бу қисмида туб аҳоли яшайдида.Уларнинг бобою-бобокалонлари шу масканда яшаб ўтишган.Таки Зиндон гузаридагилар урушқоқлиги,Банги Чойхона гузаридагилар пул топишда чаққон ва ишбилармонлиги,Таки пушта гузаридагилар эса савдо ишларига лаёқатлилиги билан ажралиб туришарди.Пожаркадагилар эса аксарияти кандакорлик ва заргарлик касбини эгаллашлари билан бирга дангал ва чўрткесарлиги билан ажралиб туришарди.Қарийб ҳамма бир бирини танийдиган шаҳарда Сафо заргарнинг ўғли қаерга ғойиб бўлди?
Шавкат Дилафрўзга уйланганида Нозима тўрт ёшли қизалоқ эди.Бу икки ярим кўнгил инсоннинг тақдирлари ўхшаш эди.Шавкатнинг хотини Гулшан уч ойлик келинчаклигида автоҳалокат сабабли дунёдан кўз юмди.Гулшаннинг вужудида икки ойлик гумонаси бор эди.Дилафрўзнинг эри Тошпўлат ҳам автоҳалокат сабаб ҳалок бўлганда мана шу Нозима бўйида уч ойлик қолган экан.Шавкатни қайта уйлантириш тараддудида юрган опаси ишхонасида кўпдан бери бирга ишлайдиган ҳамкасбининг қайнсинглиси Дилафрўз ҳаққида ниҳоятда яхши гаплар айтди.Унинг тақдири ва кўргуликларини айтаётиб -Фақат...қизи бор экан тўрт ёшлик Шавкатжон.Уйланаман десанг фарзанди йўқлар ҳам бору,шу қиз кўнглимга ёқдида жуда.Хоксоргина,мунисгина -деди укасининг кўзига мўлтираб.Шавкатнинг юраги жиз этиб кетди.Хаёлидан Гулшан,у билан қилган орзулари ўтди.Қиз кўришни орзу қилишганди.Гўёки ўша Гулшан вужудида олиб кетган қизалоғи кўз олдида хаёлан жонлангандек бўлди.
-Шу аёлга уйланаман!-деди қатъий.
Кичкинагина никоҳ маросими ўтказилди.Дабдабаларсиз,шовқин суронсиз.Икки ёрти бир бутун дегандек...
Дилафрўз қизини ота онасиникида қолдириб келган эди.Шавкатнинг росмана жаҳли чиқди.
-Бола онаси билан Дилафрўз.Сиз билан ҳаётимни тортишиш билан бошлаш ниятим йўқ.Шу сабаб илтимос,эътироз билдирмангда ,Нозимани олиб келинг!Эрининг бу кескин талабидан сўнг бирга бориб Нозимани олиб келишди.Икковлари ҳам ишлагани сабаб қизалоқни яқинларидаги болалар боғчасига жойлаштиришди.
Кемтиккина бахт..Дилафрўз қўл оёқликкина,уйим жойим дейдиган аёл эди.Шавкат эса ишбилармон,топганини рўзғорига ташийдиган эди.Дилафрўз ҳамширалигидан ташқари чеварчилик қилар,Шавкат эса Спорт клубида ёшларга курашдан мураббийлик қилиш билан бирга,ишдан бўш пайтлари киракашлик қиларди.Бошида бегонасираган Нозима Шавкатга аста секин кўникиб қолди.Олдин уялинқираб турадиган қизалоқ вақт ўтиши билан Шавкат ишдан келганда олдидан чопқиллаб чиқадиган бўлди.У олиб келган ширинлик,қўғирчоқ,совғани олардида,мунчоқдеккина кўзларини пирпиратиб мамнун илжайиб қўярди.Дилафрўзда ҳомиладорликнинг илк белгилари пайдо бўлган маҳаллар сал тоби қочиб,ҳолсизланиб юрган кунларда Шавкатнинг ўзи Нозимани боғчага олиб бориб,олиб кела бошлаганда қизалоқ унг

а янада яқинлашди.Бир куни Нозимани қўлидан ушлаб боғчадан чиқиб келётганда ўрта ёшлардаги икки аёл рўпарасидан чиқиб у билан бош қимирлатиб саломлашган бўлдию,Нозимани қучоқлаб кўтариб олганча юз кўзларидан ўпиб йиғлай бошлади.Қизалоқ бегонасираб уни ўзидан итарганча Шавкатга қўлини чўзиб йиғлай бошлади:
-Дада...Дадажон...
Аёл уни маҳкамроқ бағрига босиб ўзини таништиришга тушди йиғи аралаш:
-Мен аммангман Нозижон.Биттаю битта жигаримдан қолган ягонагинамсанку ахир.Бобонг билан бувингга олиб борайми?Юр кетдик!Ҳууу узоооқ бувингга борамиз.
Шундай деганча аёл Нозимани кўтарганча нарироқда турган қизил Тико автомашинаси томон юра бошлаганда Шавкат уни тўхтатди.
-Опа,тўхтанг.Сизнинг ҳолатингизни яхши тушуниб турибман,фақат онасидан рухсат олинг.
Аёл тўхтаб унга ёшли кўзларини тикди.Сўнг ҳиқиллаганча унга дардини тўкиб солди:
-Онаси эрга теккандан сўнг борди келдини йиғиштиргандик укажон.Аламданми,аччиқданми ишқилиб...Жигаримни туш кўрибтилар онагинам.Қизини сўрармиш...Ўшанга суриштира суриштира топиб келдим.
Шавкат аёлга раҳми келди.Йиғламсираб турган Нозимани унинг қўлидан олиб деди:
-Бизнинг уйимиз узоқмас.Дилафрўзни ўзим кўндираман.Юринг опа,Нозима бобоси билан бувисини кўргани боради.А қизим?
Шавкатга Дилафрўзни кўндириш осон кечмади.Келинчаклигида айрилиқнинг тоши бошига тушмагани етмагандек,таъна киноя тошлари ҳам дўлдек ёғилган кунларни унутиш осон эмасди.Лекин бир сўзли,ўрни келса сиёсатли ,кўча боласи бўлмиш Шавкат уни кўндирди.
Шу кундан бошлаб Нозимани йўқлаб аммалари келадиган бўлишди.Нозимани ўзи Дилафрўз билан байрам,ийд-ҳайитларда кекса бобо бувисини йўқлайдиган бўлди.Шавкатнинг бу одамохунлиги,мардлиги аммалар ва бобо -буви томонидан очиқ эътироф этилмасада ,ич ичларида бариси унинг яхши инсонлигини тан олишарди.Лекин барибир ғайирлик одамга ошно эканда...Нозима етти ёшларда эди ўшанда.Бир куни одатдагидек Нозимани кўргани келган аммаси қизалоқнинг Шавкатга «Дадажооооон»дея қучоқ очиб югурганини кўриб қошлари асабий чимирилди.Ёлғиз қолишганида «кап катта қиз бегона эркакни дада деб чақириши ножойиз»лиги,Нозиманинг ўз отаси қабрда ётгани,Шавкат унга мутлақо бегоналиги ҳаққида узоқ гапирди.Йиғлаб-йиғлаб гапирди.Эсини таниб қолган қизалоқнинг беғубор,маъсум кўнглида биринчи дарз кетди. Шавкат ўз отаси эмаслигини,отаси ўлганини тушунгач унга меҳри олдингидек бўлсада қайтиб дада дея чақирмай қўйди...Йўқ,Нозима Шавкатдан узоқлашмади,ораларида бошқа ўгай ота ва қизлардек девор ҳосил бўлмади ,у фақат дада демай қўйди....
Нозима ўзидан кейин туғилган уч ўғил укасини жуда яхши кўрарди.Шавкат эса болаларини эркалатадиган бўлса Нозимадан бошларди:
-Аввал она қизимдан айланай,кейин сан мишқилардан!
Дилафрўз шундай пайтларда меҳр тўла кўзларини эридан узолмас,ёшларини тиёлмасди.Мана эрта индин Нозима ўн саккизга киряптию,шу кунгача Шавкат бир марта ҳам уни кўнглини оғритадиган иш қилмади,Нозимага ўгайлигини билдирмади.Фақат бир мартагина бу нозик мавзудан сўз очди Шавкат.Нозима ўн етти ёшга тўлган кун унга олтин занжир совға қилди. Нозима шунақа хурсанд бўлди,шунақа қувонди.-Раҳмат,катта раҳмат ....-дерди тинмай.Шавкат шу раҳматлар ортида дадажон сўзи ҳам айтилармикан дея кутди.Лекин айтилмади...Ўша кеча Дилафрўзга юрагини очиб деди: -Дили,Нози мени дада дермикан қайтиб?
Бир куни Шавкат ишдан эртароқ қайтди.Дилафрўз ҳали ишда,ўғиллари мактабда.Ошхонада шўрва қайнаб турганидан,чой дамланиб турганидан Нозима уйдалиги аниқ эдию,лекин ҳовлида у кўринмасди.Шавкат эшикдан кириб энди чақирмоққа оғиз жуфтлаган эди ,Нозиманинг хонасидан унинг ўксиб ўксиб йиғлаётган товушини эшитиб юраги қинидан чиқаёзди.Туфлисини ечиш ҳам эсидан чиқиб қизнинг хонасига шошилди.Нозима гилам устида ғужанак бўлиб ётганча йиғларди.Шавкатни кўриб чўчиб ўрнидан турганча,кўз ёшини яширишга уринди.
-Нози...?Нима бўлди?Нега йиғлаяпсан?
-Ҳеч нарса..Ўзим..Бошим оғрияпти.
Қиз юзини яширишга уриниб ҳазингина жавоб берди.
-Қизим,мендан яширмай тўғрисини айт.Ким сени хафа қилди?Жонини суғуриб оламан.Айт қизим,нега йиғлаяпсан?
Нозима ҳўнграб юборди.Юзини кафтлари билан яшириб сўнгсиз ёшига номуносиб бир дард жисми жонини ўртаётгандек ич-ичидан отилиб чиқаётган фа

рёдни тўхтатишга кучсиз, ожиз, иложсиз йиғларди. Шавкат уни елкаларидан тутиб силтаганча сўроққа тутди.
-Гапир,нима бўлди?!Нима бўлди деяпман?!
-У..У бошқасига уйланяпти!Мени ишонтириб,бошқасига уйланяпти!
Нозиманинг бу гапидан Шавкат бошига биров гурзи билан ургандек гарангсираб қолди.Уйдан бемаврид чиқмаган,ўқишидан вақтида бориб вақтида қайтадиган қиз ким билан,қачон,қаерда гаплашиб,ишониб ,кўнгил бериб улгурди?Агар Нозима худо қилмасину,ўйламай қадам босиб қўйган бўлса бу Шавкат учун ўлимдан оғир.Эл улус бири айтмаса бир оғзига кучи етмагани «Отаси тирик бўлганда бундоқ бўлмасдида!»дейиши мумкин.Одамни,орияти бор эркакни азалдан гап сўз ўлдирган.
-Тўхта,тўхта...Шошма..Кел бундоқ ўтирчи.-Шавкат қизни қўлидан ушлаб олиб келиб оромкурсига ўтқазди.-Энди гапир.Ким у?Нима деб ишонтирди?Фақат алдамай тўғрисини айт.
-Унинг исми Алишер.-ҳиққилаб сўз бошлади Нозима.-Мендан тўрт синф юқорида ўқиган,ҳозир Педагогика университетида ўқийди.Кечаги кунгача яхши гаплашиб юриб...Бугун уйланаётганини айтди.
Нозима яна ҳўнграб юборди.Шавкат ҳозир ор-номус,обрў учун дунёга ўт қўйишга тайёр эди.
-Йиғлама!
Унинг ўшқириғидан қиз бир чўчиб тушиб,ҳиққилаб қолди.
-Нози,менга тўғрисини айт!Бирор ахмоқлик қилиб қўймадингми?Қаерда гаплашиб юрувдинг?
Елкалари титраб йиғлаётган қиздан жавоб бўлмагач,қўлидан тортиб турғиздида елкасидан қўлини юзидан олиб ташлади.Сўнгра елкасидан силтаб важоҳат билан сўради:
-Гапир!!!Қаерда учрашиб юргандинг?!Ножўя қадам босмадингми мабодо?!Гапир дедим!!!
-Ҳеч қаерда учрашиб юрганим йўқ!-унинг қўлидан юлқиниб чиқди Нозима.-Лицейдан уйга келгунимча баъзан гаплашиб келардик автобусда икки бекат.Етаклашиб юриб эсимни еганманми сизга?Мана...-Нозима телефонини унга узатди.-Мана шу ерда ҳаммаси -деди мўлтираб.
Шавкат нозиманинг Телеграмм тармоғидаги ёзишмаларини ўқиб шуни тушундики қиз одоб доирасидан чиқадиган на бир сўз деган,на бир ҳаракат қилган.Тиниқ,беғубор туйғулар куртак отган юраги йигитнинг дабдурустдан уйланиш ҳаққидаги хабаридан чил чил синган.Қарийб саккиз ой давом этган ёзишмаларда ҳурматга ўралган изҳор,ҳаёга ўралган иқрор,оппоқ орзулар,гўзал туйғулар баёнидан бўлак нарса йўқ эди.Фақат шу бугун эрталаб ёзилган хабарда учтагина жумла ҳамма нарсани остин устун қилиб юборган эди.
«НОЗИМА,БУГУН МЕН УЙЛАНЯПМАН.ЮРАГИМГА,ЎЗИМГА,ОНГИМГА ҚАРШИ БОРИБ УЙЛАНЯПМАН.ҲАММАСИ ТУГАДИ...».
Шавкат Нозимадан Алишернинг оиласи ҳаққида билганларини,тўйнинг «Паризод»ресторанида бўлиб ўтишини сўраб аниқлагач қизга уйдан чиқмаслигини,онасига ҳеч нарсани билдирмаслигини қайта қайта тайинлаб,уйдан чиқиб кетди.Вақт кечки олтига яқинлашиб,ғира шира қоронғи туша бошлаган эди.
Алишер яшайдиган уй дарвозаси олдига келиб тўхтаган қора Ласетти машинасидан тушиб Шавкат тўғри ҳовлига кириб борди.Куёв жўралар,меҳмонлар,хизматдагилар билан гавжум хонадонга қараб Шавкатнинг чап кўкси бир санчиб қўйди.Тўйхонада хизмат қилиб юрганлардан бири пешвоз чиқиб уни кутиб оларкан Шавкат ундан Алишерни чақириб беришни сўради.Бир оз ўтиб ичкаридан чиқиб келган Алишер Шавкатни олдин кўрмагани учун танимади.Қимматбаҳо костюм шимда,куёвлик сарпоси ярашиб турган ,қора қош,қорамағиз ,баланд бўйли йигит Алишер эканини Нозиманинг телефонида кўрган суратларидан таниш қийин бўлмади.Фақат Алишер суратларда хуш-хандон,ҳозир эса қовоқлари бироз шишинқираган,қошлари чимирилган эди.Қўл бериб кўришиб,ичкарига таклиф қилди.Шавкат вақти зиқлигини айтиб,узр сўрагач Алишерга синовчан тикилиб қолди.Ўнғайсизланаётган йигитнинг юзларида ҳайронлик зоҳир бўлди.Бир нимани сезгандек безовталанди.
-Жиддий гап бор.Гаплашиб олиш керак.Машинада кутаман.Шундай дея Шавкат гапни қисқа қилиб ортига бурилиб чиқиб кетди.Бироздан сўнг Алишер дарвозадан чиқиб унинг машинасининг олд ўриндиғига ўтирди.
-Тинчликми ака?Эшитаман...-Алишер кўзлари пирпираб Шавкатга ҳали ҳам ҳайронлик билан қарар экан,ҳадиксираётгани ҳам билиниб турар,тез тез нафас олаётгани,пешонасида тер резалари пайдо бўлганидан у Шавкатнинг кимлигини пайқаган эди.Ширқ этиб автоматик тарзда қулфланган машина эшиклари товушини ё пайқамади,ё эътибор қилмади.Қаншарига тушган кучли зарбдан ўзига келиб улгурмай иккинчи зарбни олди.Гапир

ишга ҳам улгурмади ҳам Алишер.Шавкат машинасини елдек учирганча ҳайдаб кетди.Ранги қув ўчган Алишер -Ака,ҳой ака...Қаёққа кетяпмиз?Тўхтатинг!Тўхтатинг деяпман!!!-деганча дам эшикка,дам машина рулига тармаша бошлади.Бутун ҳаёти спорт билан боғлиқ,спорт мураббийси бўлиб фаолият кўрсатган Шавкатнинг навбатдаги муштидан Алишер тинчланишга мажбур бўлди.Замонавий қилиб қурилган уй олдида тўхтаган машинадан Алишерни Шавкат судрагандай қилиб тушириб уйга олиб кирди.Дарвозахонага қўйилган иккита оромкурсилардан бирига Алишерни ўтқазиб,иккинчисига ўзи ўтирди.
-Қани гапир -деди Алишерга ғазаб билан тикилиб.-Бир бегуноҳ қизнинг ҳислари билан ўйнашишга,уни алдашга сенга ким ҳуқуқ берди?Ўзингча йигитга ҳамма нарса мумкин деб ўйладингми?!Гапир!!!
Алишер ҳамон ўзига келолмай,ёрилган лабидаги қонни артиб зўрға гап бошлади:
-Ммм...мен нима қила оламан ака?Онам ҳеч нимани тушунишни истамадилар.Нозимани жондан ортиқ яхши кўришимни худо билади,ўзим биламан.Биттаю битта ўғлимга ўгай ота қўлида ўсган қизни олиб бермайман деб оёқ тираб туриб олдилар.Ноилож кўндим.Ўгай ота ўз отасидай тарбия бера олармиди деб ҳеч унамадилар.Берган сутимга рози бўлмайман дегач...
-Дадангчи?Дадангга тушунтиролмадингми?!
-Дадам қаттиққўл ва деярли уйда бўлмайдилар.Кейин оқ сутига рози бўлмай турганда миям ишламай,онгим қотиб қолгандай бўлди.Ҳамма нарса барибир бўлиб қолди.
-Ҳммм...Шунақа дегин...-Шавкат бир нуқтага тикилганча чаккалари томирлари бўртиб,иягини муштига тираганча жимиб қолди.Унга бундан оғир жазо бўлиши мумкинми?Сувдай тиниқ,беғубор бир қиз Аллоҳнинг иродаси билан ўгай ота қўлида ўссаю,Яратганнинг измини одамлар менсимаса?Бир қиз отасиз қолгани учун айбсиз айбдор бўлса?
Шавкат сапчиб ўрнидан турди.Алишерни ёқасидан тутиб турғизиб,силтаганча ташқарига олиб чиқиб машинага ўтқазди.Вақт ҳам кечки саккиздан ўтиб қолди.Алишернинг қўл телефонига тинимсиз қўнғироқ бўла бошлаган бўлсада,йигит лоқайд қараб қўярди холос.Ўзи айтганидай унга барибир эди чамаси.Шавкат Алишерга буйруқ оҳангида деди:
-Дадангни телефон рақамини бер!
Гўшакнинг нариги томонидаги Сафо заргарга Шавкат гапни қисқа қилди.
-Мен Шавкатман.Спорт мактаби мураббийси Шавкат.Гаплашиб олиш керак.
Асабийлашаётганидан қорайиб кетган Сафо заргар Бухорода ном қозонган Шавкат тренернинг ғазабнок важоҳатини кўриб аввал ҳайрон бўлди.Ўқдай тешиб ўтгувчи нигоҳларга «Ўзи нима гап?»дегандек саволомуз нигоҳ билан қаради.
-Машинангизда гаплашиб олсак бўладими?-Шавкатнинг ғазабини зўрға босиб берган саволига Сафо заргар жавоб бермай,машинаси томон юрди.Машинанинг олд эшигини очиб Шавкатга «Марҳамат»дегандек ишора қилди.
Шавкатнинг гапларини индамай эшитган Сафо заргар энди ҳақиқатдан ҳам ҳайрон,нима қилишни,қандай йўл тутишни билмаётган одам эди.
-Биз Пожарканинг йигитларимиз Сафо!Ўз қизингни Нозиманинг ўрнига қўйиб кўр.Айби отаси ўлгани,мени тақдир унга ота қилгани бўлса сен ҳозир Худонинг изми менга бир пул дегин,бир сўз демай кетаман.Худога солиб кетаман!
Охирги сўзларни айтаётиб Шавкатнинг овози титраб кетди.
Сафо заргар ниҳоят тилга кирди.
-Муртазога....
-Муртазонинг олдига ҳам ўзим бораман.Бори таваккал!
Сафонинг машинасидан тушиб ўз автомобилига ўтирар экан,Шавкат Алишер ҳамон унинг машинасида нималарнидир ўйлаганча ўтирар эди.
-Ресторандан ҳамма тарқабти Шавкат ака -деди Алишер деярли пичирлаб.Шавкат жавоб бермади.Машинасини ўт олдирар экан йигитга қарамай деди: -Муртазонинг уйини кўрсатасан ҳозир .
Алишер айтган манзилга боргунча Шавкатнинг хаёлидан бутун ҳаёти ўтди.Гўзал ,гулғунчадек рафиқасининг уяла уяла «Кўпайишармишмиз...»дея юзини унинг бағрига яширгани,қўғирчоқдек қизалоқни орзу қилишгани,ва... эртасига вужудида тифли бегуноҳ билан дунёни тарк этган Гулшан...Шавкат ёноқларини юваётган ёшларини сезмасди.Худога ёлворарди ҳозир унсиз.
ЭЙ ҚОДИР АЛЛОҲИМ!ШУ КУНГАЧА СЕНДАН ҲЕЧ НАРСА СЎРАМАДИМ.ПЕШОНАМГА БИТГАНИНГГА ИТОАТКОРОНА БОШ ЭГДИМ.МЕНИ ЎЗИНГ ҚЎЛЛА.ЎГАЙ ОТА АТАЛМИШ ТАҚДИРНИ ПЕШОНАМГА БИТГАНИНГ КАБИ ЎЗ ОТАСИДЕК БАХТИНИ,НОМУСИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШИМГА ИМКОН БЕР!НОУМИД ҚИЛМА ХУДОЙИМ!МЎЪЖИЗАНГНИ КЎРСАТ ХАЛЛОҚИ ОЛАМ!
Шавкат келиб тўхтаган Муртазо заргарни​​нг ҳашаматли ҳовлисида совуқ жимлик ҳукм сурарди.Чиро

қлари ёниқ,дарвозаси ланг очиқлигидан бундан бир неча соат бурун бу ер тўйхона,муродхоналигини билганлар билишса,билмаган одам сезмасди ҳам.Келиб тўхтаган машинага қараб бир одам яқинлаша бошлади.Қоронғида тургани учун пайқамаган экан,уч тўрт киши сал нарироқда тўпланиб туришарди.Келаётган одамни Алишер танитди.
-Келин бўлмишнинг амакиваччаси Нодирбек,менинг курсдош ўртоғим.
-Муртазони чақириб берсин, айт.- деди Шавкат жиддий баҳсга руҳан тайёрланиб Алишерга .
Алишер машинадан тушиб Нодирбек билан қўл бериб сўрашди.Бироз гаплашиб туришгач,тез тез юриб машинага келиб ўтирди.Қанчалик уринмасин мамнунлигини яширолмади.
-Келин қўшниси билан қочиб кетибти Шавкат ака.Севишиб юрар экан.Йигирма дақиқа олдин телефон қилиб айтибти.Талотўпда йўқолиб қолганини сезишмаган ҳам экан.Куёв йўқолиб қолгач...-Алишер пиқ этиб кулди.
Кейин жиддий қўшиб қўйди:-Муртазо ака қўшни,бўлажак қуда билан гаплашаётган экан.Кетдик ака,кетдик!
Бугун «Паризод»да тўй.Бир ҳафта олдин Бухорода ўғриланган куёв ҳаққидаги шов шувлар ҳали тиниб улгурганича йўқ.Давранинг тўрида ўтирган келин куёвга ўтиришларига рухсат бериш учун бошловчи ота оналарни таклиф қилди.Сафо заргар микрафонни олиб келин куёвга бахт тиларкан ўғлига ҳазиллашди:-Бундан кейин эҳтиёт бўлгина ўғлим!Қайнотангни билиб олдинг энди.Даврада гуррр этиб кулгу кўтарилди.Сафо заргар микрафонни Шавкатга тутқизаркан,Шавкатнинг қўллари билинар билинмас титраётганини сезди.
-Қизим...мен....
Кутилмаганда Нозима Алишер билан биргаликда давра тўридан уларга қараб кела бошлашди.Ота оналарига эгилиб таъзим қилган Нозима Шавкатга жиққа ёш кўзларидан ёноқларига инжу доналари думалаб тушганча бироз қараб турдида унинг бўйнидан қучоқлаб олди.
-ДАДАЖОН...ЎЗИМНИНГ ДАДАЖОНИМ.МЕНИНГ ҲАММА ДАДАЛАРДАН ЯХШИРОҚ ДАДАЖОНИМ!
Аксарият йиғилганлар,ҳатто эркаклар ҳам кўз ёшларини артишаётгани видеотасвирларга муҳрланиб қолди.«Паризод»тўйхонаси расмий хўжайини Зулфизар эса ростакамига ҳўнграб йиғлаган эмиш.Кўрганлар бор!
Тамом.