ЖИННИВОЙ...
Эрининг ўзгариб қолганини сезганига ҳам анча бўлди. Асқар аввалгидек уни эркалатмас, совға-салом кўтариб келмасди. Уйга жуда кеч қайтар, овқатини шоша-пиша еб ухлаб қоларди. Шаҳнозанинг саволларига эса “иш кўп, чарчаяпман” дея қисқагина жавоб бериб, суҳбатга якун ясаб қўя қоларди.
Кеча эрталаб эрининг шимини дазмоллаётган Шаҳноза орқа чўнтакдан тушган бир парча қоғозни очиб кўриб юраги жимирлаб кетди «Лариса 249-39-65». Шаҳноза қўллари титраб қоғозни қайтариб солиб қўйди. Кечгача қўли ишга бормади.
У Асқарни севиб турмушга чиққан, ота-онасининг кўп қаршиликларига қарамай муҳаббатидан воз кечмаган эди. Уларнинг мўъжазгина уйларида ҳақиқий бахт меҳмон бўлганди. Шаҳнозанинг болаларча қилиқларидан Асқар завқланар, ўзи ҳам хотинини “жиннивой” деб эркаларди.
Бу сўзни эшитганида Шаҳноза яйраб кетарди. Асқар жуда келишган йигит эди. Кўча-куйда бирга юрганларида қизларнинг эрига қараётганларини кўрса Шаҳнозанинг жони ҳалқумига келар, эрини маҳкамроқ қўлтиқлаб оларди. Унинг рашкидан завқланган Асқар сочларини силаб шивирларди, “Жиннивой, мен сени яхши кўраман!”.
Бугунги воқеа ҳаммасига якун ясади. Уйларидаги телефон параллел эди. У ошхонадаги гўшакни кўтарганида Асқар ким биландир русчалаб гаплашаётганди.
-Кечқурун еттида “Тунги ёғду” кафесида кутаман.
У томондан майин товуш эшитилди.
Яхши, албатта бораман...
Шаҳноза қалтираб кетди. Асқар кийиниб ишига жўнади. Шаҳноза ошхонадан чиқиб хайрлашмади ҳам. У кун бўйи тиканга ағанагандек юрди. Ҳали ҳануз эрининг хиёнат қилиши мумкинлигига ишона олмаётганди.
Охири тоқати тоқ бўлиб, телефонни олди ва кечаги рақамни терди. Иккита чақирувдан кейин кечаги майин товуш эшитилди...
“Ассалому-алайкум, бу мен-Ларисаман. Узрли сабабларга кўра ҳозир сиз билан гаплаша олмайман. Гапингиз бўлса сигналдан сўнг қолдиринг”.
Шаҳноза гўшакни қўйди. Тасаввурида Ларисанинг узрли сабаби аниқ эди.
Бир асрдан кейин соат кеч еттига яқинлашди ва Шаҳноза қалин кийиниб кўчага чиқди. Феврал охирлаб, март кириб келаётган бўлса-да кўчалар совуқ эди. “Тунги ёғду” кафесига етганида қоронғу тушаётганди. Ойнаванд деворлар ортидаги чароғон залга столлар териб қўйилган, улардан бирида Асқар ёлғиз ўтирарди. Шаҳноза дарахт панасига ўтиб эрини кузата бошлади. Беш минутлардан кейин залга тулки ёқали узун чарм плаш кийган, ўзи ҳам узун бўйли малласоч қиз кириб келди. Асқар дик этиб ўрнидан турди, улар қуюқ кўришдилар. Асқар қизнинг плашини ечишига кўмаклашди ва кийим илгичга илиб қўйди. Малласоч калта юбка кийиб олган, чиройли оёқлари шунча масофадан ҳам ўзини кўз-кўз қилиб турарди.
Улар сап-сариқ ичимлик ичиб қизғин суҳбатлаша бошладилар. Асқар чўнтакларини ковлаб бир даста пул чиқарди. Қиз пулни олиб бош чайқади. Шунда Асқар иккинчи чўнтагидан битта бежирим қутича чиқарди.
Шаҳноза тескари ўгирилди, бўғзига бир нима тиқилиб, кўзларига ёш келди. Бу қутичадаги узукни бундан бир йил муқаддам тўйлари муносабати билан Асқарнинг тоғаси совға қилганди. Шаҳноза кўз ёшини артиб уларга сўнгги бор нигоҳ ташлаганида малласоч гўзал узукни бармоғига тақиб кўраётганди.
Шаҳноза қон йиғлаб уйига қайтди. Уйига кирдию, кийимини ҳам ечмай ўринга ҳолсиз чўзилди. Қанча ётганини билмайди. Лекин қанча ётган бўлса шунча йиғлади. Муҳаббатининг малла сочлару хипча қадду-қомат олдида ожиз қолганлигига йиғлади. Ишонгани ундан осонгина кечаётганига йиғлади...
Эшик тақиллади.
Шаҳноза бориб ойначадан мўралади, Асқар келган эди. Шаҳноза эшикка суяниб йиғлайверди. Унинг очмаётганига ҳайрон бўлган Асқар:
-Шаҳноза, оч, -деб бақирди.
Шаҳнозанинг овози хириллаб чиқди:
-Кетинг...
-Нима гап ахир, оч Шаҳноза!
-Очмайман! Нима гаплигини ўзингиз яхши биласиз. Кетинг!
-Тушунтириброқ гапирсангчи...
Асқарнинг без бўлиб сўраши Шаҳнозанинг бор ғазаби вулқон бўлиб отилишига сабаб бўлди.
-Йўқол!!!
Асқар чиндан йўқолди. У кетганининг учинчи кунида Шаҳноза эрини йўқотганини астойдил ҳис қилди.
Эшик тақиллади.
Келганлар икки киши эди.
-Асқар Жалиловнинг хонадоними?
-Ҳа...
-Сиз кими бўласиз?
-Нима эди?
Посилка бор эди. Мана бунга қўл қўйиб, шуни олиб қолинг.
Шаҳноза қўлқ
ўйиб, картон қоғозга ўралган каттакон нарсани олди. Эшикни ёпиб, картонни йиртиб очди.
Каттакон портретда жуда гўзал манзара тасвирланган, расмнинг марказида Шаҳноза бошига гулчамбар тақиб жилмайиб турарди. Табиат ва аёл гўзаллиги мўйқаламда шу қадар уйғунлаштирилган эдики, лол қолмасликнинг иложи йўқ эди. Суратнинг юқорисига “8 Март билан” деган ёзув катта қилиб ёзилган, бу ёзув пастида эса кичкинагина “Жиннивой, мен сени севаман” деган битик бор эди.
Портретнинг ўнг бурчагида қинғир-қийшиқ ҳарфлар билан “Лариса -2004” деб ёзилганди. Портрет ромига бир парча қоғоз ёпиштирилган, унда русча ёзув бор эди:
«Асқар, буюртмангиз тайёр бўлди.
Келавермаганингиздан сўнг байрамга кеч қолмасин деб ўзим жўнатдим. Гарчи аслидагидек гўзал чиза олмаган бўлсам ҳам ҳарқалай ҳаракат қилдим. Меҳнат ҳақим ўрнига гаровга қолдирган узугингизни қайтариб олиб кетишингиз мумкин. Байрамда сизга керак бўлади. Хизмат ҳақимни тўлиқ бериш учун қанчалик меҳнат қилганингизни эшитдим. Қолганини эса имкон топганингизда берарсиз. Қани энди ҳамма эркаклар ҳам сиздай бўлса...
Айтганча “Жиннивой” дегани нима ўзи?!».
Шаҳнозанинг кўзига ёш келди. Нима қилишини билмай бир лаҳза жим қолди. Кейин шоша-пиша қалтироқ қўллари билан Асқарнинг чўнтак телефони рақамини терди.
Бешта чақирув бўлса ҳам Асқар кўтармади. Кўз ёшлари юзини юваётган Шаҳноза энди гўшакни қўяман деяётганда жуда таниш, жуда қадрдон овоз эшитилди:
— Жиннивой...