Хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимча устамалар тўлаш тартибидан хабардормисиз?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ – 6260-сонли Фармони билан хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олаётган, илм-фан билан шуғулланаётган, етакчи компанияларда ишлаётган ҳамда юксак билим ва малакага эга бўлган Ўзбекистон ёшларининг Ватанимизга келиб ишлаши учун зарур шарт-шароит яратиш, уларга уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизим жорий этилмоқда.
Фармонга кўра, давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилган.
Қайд этилган қўшимча устамалар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, ёш мутахассис ва унинг иш берувчиси ўртасида имзоланган шартнома асосида ҳар ой тўлаб борилади. Шартнома 3 йилгача бўлган муддатга тузилади ва тўловлар иш берувчи томонидан амалга оширилади.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан шакллантирилган ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, тор мутахассисликлар рўйхати, давлат органлари, ташкилот ва муассасалари рўйхати Агентликнинг расмий веб-сайти — www.argos.uz жа жойлаштирилган.
Маълумот учун: халқаро эътироф этилган рейтинг берувчи ташкилотлар – Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World University ҳисобланади.
Ушбу рейтингларда эълон қилинган университетлар рўйхати билан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг расмий веб-сайти — www.tdi.uz да танишиш мумкин.
Мисол учун (2022 йил рейтинги бўйича):
1. АҚШнинг Stanford University QS рейтингида 3-ўринда туради. Мазкур университетнинг бакалавр босқичини битирган ёш мутахассисга БҲМнинг 30 баробарида устама тўланади.
2. Россиянинг Миллий тадқиқот ядро университети QS рейтингида 319-ўринда туради. Мазкур университетнинг магистратура босқичини битирган ёш мутахассисга БҲМнинг 20 баробарида устама тўланади.
3. Буюк Британиянинг University of Dundee Таймс рейтингида 250-ўринда туради. Мазкур университетда докторлик даражасини олган мутахассисга БҲМнинг 60 баробарида устама тўланади.
Маълумот ўрнида, *бугунги кунда БҲМнинг миқдори 270 минг сўм.
Бугунги кунда Агентлик томонидан 22 нафар ёш мутахассислар билан устамалар тўлаш юзасидан шартномалар тузилди.