“Барибир ўтолмайсан, танишинг йўқ, ҳақиқат йўқ!”
Мен Ражабов Бунёд Баходир ўғли 1996 йил 4 июнда Хива шаҳрида туғилганман. Мутахассислигим бўйича тарихчиман (Жаҳон мамлакатлари тарихи). Иш фаолиятимни умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи сифатида бошлаганман. Бироқ, дунё тарихи ва сиёсий ҳаётига қизиқишим юқори бўлганлиги туфайли, ўз ишимдан кўнглим унча тўлмас эди. Ич ичимдан жонажон Ўзбекистонимни ривожлантиришга ўз ҳиссамни кўпроқ қўшиш ва сидқидилдан хизмат қилиш иштиёқи ўз ҳолимга қўймасди. Лекин доим қандайдир хавотир ва иккиланиш сабаб орзуимни ортга суриб келганман.
Ниҳоят, ўзимда журъат топиб орзуларим томон биринчи қадамимни ташлашга қарор қилдим. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг vacancy.argos.uz платформаси орқали Хива шаҳри ҳокимлигидаги бўш вакант лавозимларга онлайн рўйхатдан ўтдим. Ишга ҳали қабул қилинмасдан туриб қандайдир бир хурсандчилигим бор эди. Бу ҳиссиётимни дўстларим билан ўртоқлашганимда, ҳужжатимни малака талабларига тўғри келмайди деб қайтиши мумкинлигини билиб, қўрқиб бошладим. Аксарият танишларимдан ҳам - "барибир таниш билишчиликсиз ҳужжатинг қайтади"- деган гапларни эшитиб, қарорим қанчалик тўғри эканлиги борасидаги иккиланишларим янада ортди.
Бахтимга ҳужжатларим малака талабларига жавоб бериб, тест топшириш босқичига ўтибди. Энг қизиғи шундаки, аксарият пессимист танишларим –“барибир ўтолмайсан, танишинг йўк, ҳақиқат йўқ!”- деган маслаҳатлари билан мени яна руҳан чўктиришга уринаётгандек эдилар. 2021 йил ноябр ойида ичимдаги шубҳа ва қўрқув билан Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг вилоят филиалига келиб тест топширдим.
Буни қарангки, тест жараёнидан энг юқори балл билан кейинги босқичга тавсия қилинибман. Бу эса, менда тизим тўғри ва шаффоф тарзда ишлаётганига ишонч пайдо қилишда ва ўзимдаги иккиланишни енгиб, бор кучим билан ҳаракат қилишимга мадад берди. Суҳбатга ўз билимим, тизимга, коммисия аъзоларининиг адолатли қарорига бўлган умид билан кирдим ва бу жараёнда ўз фикрларимни, иқтидоримни эркин намоён қила олдим. Тез орада натижалар эълон қилинди. Унда хақиқат, адолат ғалаба қозонди. Хива шаҳар ҳокимлиги ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассис лавозимига тайинландим... Биласизми, мени энг қувонтирган нарса нима? Мени юртимизнинг тараққиётига бефарқ бўлмаган инсон сифатида қувонтирадиган нарса шуки, эндиликда катта аҳамиятга эга лавозимларга энг муносиб бўлган кадрлар келишини таъминлайдиган vacansy.argos.uz тизимининг мукаммал тарзда йўлга қўйилганлиги.
Ҳозиргача мамлакатимизда ўхшаши бўлмаган бу тизимнинг яна бир жиҳати шундаки, унда барча бўғиндаги раҳбарларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) тизими асосида баҳоланиб борилиши ҳар кимни ўз устида мунтазам ишлашига туртки бўлади. Биз ёшларни янада ташаббускор бўлишга ундайди деб ўйлайман.
Ражабов Бунёд Баходир ўғли, Хоразм вилояти Хива шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси