Косонсой туманидаги 6-оила поликлиникаси фаолияти бўйича ижтимоий тармоқларда тарқатилган чиқишлар юзасидан Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг билдириши
Мазкур чиқишларнинг биринчисида Косонсой тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 6-оила поликлиникаси жамоасининг фаолиятидаги камчилик ва нуқсонлар ҳақида Навбаҳор МФЙда яшовчи фуқаро Содиқов Камолиддин томонидан тасвирга олинган видеоёзув эълон қилинган эди. Ушбу мурожаат юзасидан Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси тегишли мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи ҳолатни ўрганган.
Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти томонидан фаолиятида масъулиятсизликка йўл қўйган,тиббий ҳужжатларни юритиш тартибларини бузган ходимларга нисбатан чоралар кўрилган. Жумладан, ТТБнинг 395- ва 396-сонли буйруқлари билан 6-оила поликлиникаси мудираси С.Зокирова ва катта фельдшер Р.Абдураҳмоновлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган. Шунингдек, ТТБнинг 397-сонли буйруғи билан Навбаҳор МФЙ ҳудудидаги патронаж ҳамшираси Ф.Мелиевага ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима ва 6-оила поликлиникаси рўйхатга олиш ҳамшираси Х.Каримовага нисбатан эса “Ҳайфсан” интизомий жазолари қўлланилган.
18 октябрь тарқатилган яна бир мурожаатда эса мазкур поликлиникада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўрганиш ўтказилмаганлиги ва поликлиникада қачон ўзгариш бўлиши сўралган. 2019 йил 19 октябрь куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари У.Ботиров, бош мутахассис О.Турдиматов ва мутахассис Б.Аҳмедовалар мазкур поликлиникада бўлиб, видеомурожаат бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди ва олиб борилаётган тиббий фаолиятни ўрганди. Маълум бўлишича, 6-оила поликлиникасида тиббий хужжатларни юритиш тартибга солинган. Бирламчи тиббий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 25 декабрдаги 777-сонли буйруғи талаблари асосида юритилмоқда. Шундай бўлсада шифокор ва ҳамшираларга тиббий хизмат сифатини янада ошириш, айниқса патронаж хизматини талаблар даражасида йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Аҳоли вакиллари билан учрашув чоғида фуқаролар мурожаатига бефарқ бўлмаётган мутасаддиларга миннатдорчилик билдиришди. Видеомурожаат муаллифи К.Содиқовнинг ҳузурига борилди ва у билан ҳам мулоқот қилинди. Маълум бўлишича, такрорий мурожаатдан К.Содиқовнинг хабари йўқ экан.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси соҳа фаолиятини такомиллаштириш, айниқса бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини янада яхшилаш юзасидан тегишли чораларни кўрмоқда.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.