ЮРАК ХУРУЖИГА ЙЎЛ БЕРМАНГ. СТЕНОКАРДИЯ НИМА ВА ҚАНДАЙ ДАВОЛАНАДИ?
Кўкрак қафасида пайдо бўлувчи кучли оғриқ 5-10 дақиқада ўтиб кетмаса, тез ёрдам чақириш керак.
Стенокардия нима?
Стенокардия — юракка борувчи қон оқими ёмонлашганда кўкрак соҳасида пайдо бўлувчи оғриқ тури. Бу ҳолат артерия томири бирор сабаб натижасида бекилиб қолганда юзага келади. Демак, стенокардия юрак хасталикларидан дарак беради.
Агар ўз вақтида муаммога эътибор қаратиб даволанилса, ҳеч қандай кўнгилсизликлар кузатилмайди. Бироқ стенокардия — белги, сиз келгусида юрак хуружини бошдан кечиришингиз мумкин. Шунинг учун ҳам унга бепарво бўлиш мумкин эмас.
Стенокардия қандай аниқланади?
Яна бир бор таъкидлаймиз, асосий аломат бу кўкрак соҳасида оғриқ ва у баъзи ҳолларда елка-бел соҳаси, қўллар, бўйин, жағ ва елка оғриқлари билан ўхшашиб кетади. Аммо одатда сизда стенокардия рўй берганини тушунишга йўл берувчи бошқа белгиларни ҳам учратишимиз мумкин. Улар қуйидагича:
- кўкрак соҳасида босим, оғирлик ёки ачишиш;
- нафас қисиши;
- кўп терлаш;
- кўнгил айниши;
- бош айланиши;
- ҳолсизлик.
Агар шу каби аломатлар рўй берса, кардиолог ҳузурида бўлинг ва сизда стенокардиянинг тури, қанчалик хавфлилиги ҳақида маълумот олинг.
Стенокардиянинг қандай кўринишлари мавжуд?
Асосий 2 хил тур бор. Келгусидаги даволаш жараёни шунга мувофиқ белгиланади.
1. Стабил стенокардия
Унинг аломатлари секинлик билан, босқичма-босқич ривожланади. Одатда улар муайян вазиятлардагина намоён бўлади. Масалан, қаттиқ асабийлашганда ёки зинадан кўтарилаётганда. Ўтиб кетгунга қадар тинчланиш ёки бир неча дақиқа дам олиш зарур.
Стабил стенокардия ўз-ўзидан ҳаёт учун хавф туғдирмайди. Аммо бу сизнинг юрак мушагингизга қон етказиб берувчи артерияларингиз торайяпти дегани. Юрак хуружи рўй бериши хавфи ҳам катталашади.
2. Ностабил стенокардия
Бу ҳолатда, аксинча, белгилар бирдан пайдо бўлади, тинчлик ҳолатида ҳам 30 ва ҳатто ундан узоқ дақиқагача сақланиб қолади.
Ностабил стенокардия ҳолатида юракнинг қон таъминоти ва ишлаш қобилияти хавф остида қолади, шунинг учун инсонга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш зарур.
Стенокардия хуружи бўлганда нима қилиш керак?
Аввало ҳаракатдан тўхтанг ва дам олинг. Агар бироз вақт ичида белгилар йўқолса, ўз соғлиғингизни текшириш учун кардиолог кўригига боринг.
Сизга аллақачон стенокардия ташхиси қўйилган бўлса, белгиланган дори воситаларини қабул қилинг ва бир неча дақиқа кутинг.
Аломатлар ўтиб кетмаса 103 қисқа рақами орқали зудлик билан тез ёрдам чақиринг. Бу юрак хуружи бўлиши мумкин.
Кимлар стенокардиядан азият чекишлари мумкин?
Энг кўп ҳолат атеросклерози бор беморлар орасида кузатилади. Томирларда ёғ қатламлари (тошма) йиғилади, артерия тораяди ва қон оқимига халақит бериш бошланади. Томирни торайтирувчи барча сабаблар стенокардия хавфи омилидир.
- Юқори қон босими. Вақт ўтиши билан артерия зарар кўради.
- Холестерин ёки қондаги триглицеридларнинг юқори даражаси. Бу қон томирлари деворида ёғли қатлам ҳосил қилади.
- Алкоголь. Мунтазам истеъмол қилиш қон босими ва холестерин миқдорини оширади.
- Табака. Чекиш ва табака чайнашнинг барча турлари шулар жумласидан. Томир деворлари шикастланади.
- Диабет. Стенокардия ривожланишига таъсир кўрсата олади. Ўз шифокорингиз билан бу ҳақида албатта суҳбатлашинг.
- Нофаол ҳаёт тарзи. Жисмоний машқлар етишмаслиги қон босимини оширади ва диабет ривожланишига олиб келиши мумкин. Барча кейинги оқибатлари билан.
- Ёш. Вақт ўтиши билан артериялар табиий равишда тораяди. Йил ўтиши билан хавф ҳам ортади.
- Ирсият. Қариндошлар орасида кимдир стенокардияни бошдан кечирган бўлса, сиз учун ҳам унинг ривожланиш хатари ортади.
Стенокардия қандай даволанади?
Кардиолог томонидан буюриладиган комплекс даволаш курси стенокардиянинг кўриниши ва хуружлар частотасига асосланади.
Стенокардия омилларини бартараф этиш учун бемор биринчи навбатда ҳаёт тарзида ўзгартиришлар киритишлари керак. Касаллик симптомларини енгиллаштириш ва асоратларнинг олдини олиш мақсадида шифокор дори воситалари тайинлайди. Баъзи ҳолатларда тери ости коронар муолажаси (жарроҳлик эмас) ёки юрак томирларини стентлашга (операция) мурожаат қилиниши мумкин.
Ҳаёт тарзи
Стенокардия одатда барча юрак хасталикларида кузатилади, шунинг учун сиз юрак-қон томир касалликлари келиб чиқиши омилларини камайтирувчи барча чораларни кўриш керак.
- Чекиш ва табакдан воз кечиш, чекувчилардан йироқ бўлиш.
- Ортиқча вазнга эга бўлганда озиш.
- Тўғри овқатланиш, рационга кўпроқ мева-сабзавотлар ва дон маҳсулотлари киритинг.
- Ошқозонга оғир ботадиган даражада кўп еманг.
- Шифокордан сизга жисмоний машқлар режасини тузиб беришини сўранг, кўпроқ пиёда юринг.
- Стрессли ҳолатлардан узоқ юриш, тез-тез дам олиш ва тинчланиш зарур. Нафас олиш машқларини синаб кўриш ҳам мумкин.
- Алкоголдан воз кечиш.
Дори-дармон
Стенокардия хуружини тезлик билан енгиллаштириш учун кардиологлар нитрат ва қон суйилтирувчи дори воситалари буюриши мумкин.
Муолажалар ва жарроҳлик амалиёти
Ностабил стенокардияли инсонларга ҳаёт тарзини ўзгартириш ва дорилар қабули ёрдам бермаганда муолажа ва операция қўл келади.
Ангиопластика (тери ости коронар аралашуви), стентлаш ва юрак томирларини пайвандлаш усулларидан стенокардия касаллигининг оғирлик даражаси, шикастланган коронар артериялар сони, томирлар қисқариши босқичи ва бевосита боғлиқ касалликлар мавжудлигига қараб қўлланади.
Стенокардиянинг олдини олиш мумкинми?
Ҳа, қисман. Ҳозирданоқ ҳаёт тарзига ўзгартиришлар киритиш орқали стенокардия юзага келиши хавфини сезиларли даражада камайтириш имконига эгасиз. Юқорида келтирилган тавсияларнинг барчаси профилактика мақсадларида ҳам фойдаланиш учун мувофиқ келади.
Афсуски, баъзи омилларга таъсир кўрсатишнинг ҳеч ҳам иложи йўқ, шунинг учун стенокардиянинг юз фоиз олдини олиш имконсиздир.