ДУНЁДА ЭПИДЕМИЯЛАР ТОБОРА КЎПАЙМОҚДА. НИМА УЧУН?
Сўнгги ўттиз йилда вируслар тарқалиши ҳолатлари кўпайди. Хитойдаги янги коронавирус каби вирусдан касалланиш оқибатида эпидемиялар келиб чиқиши одатий ҳолга айланмоқда. Лекин нима учун?
Би-би-си шу саволга жавоб излади.
Бугунги кунда Ер юзи аҳолиси ҳар қачонгидан кўра кўпроқ. Сайёрада бугунги кунда - 7,7 млрд киши яшамоқда, аҳоли сони кундан кунга ортмоқда ва зичлашмоқда.
Одамлар кўпаймоқда - кенгликлар тораймоқда. Бу эса патогенлар (касаллик қўзғатувчи бактериялар) одамлар орасида тез тарқалишини таъминлайди.
Ухань коронавируси касалланган одам йўталганида ёки аксирганида тупук томчилари орқали юқади. Инсон организмдан ташқарида вирус узоқ вақт яшаб қола олмайди, шунинг учун юқиши учун одамлар жуда яқин бўлиши талаб этилади.
2014 йилда Эбола вируси эпидемияси билан ҳам шундай бўлганди. У қон ва танадаги бошқа суюқликлар орқали тарқалар, уни зарарланган одам билан яқин алоқада бўлганларгина юқтирарди.
Барча вируслар ҳам одамдан одамга юқмайди, аммо чивинлар орқали тарқатиладиган Зика вируси ҳам одамлар тиғиз яшайдиган жойларда тезроқ тарқалиши маълум бўлган. Чивинлар озиқ-овқат маҳсулотлари мўл бўладиган шаҳарларда ўзлари учун қулай шароитга эга бўлишади. Улар одамлар тиғиз яшайдиган ва иссиқ ёки илиқ иқлимли ҳудудларда тезлик билан кўпайишади.
2007 йилда шаҳарлар аҳолиси сони қишлоқлар аҳолиси сонидан ошиб кетганди. Бугунги кунда эса 4 миллиарддан ортиқ киши қуруқликнинг бир фоизига тенг қисмидаги ҳудудларда яшамоқда.
Кўплаб шаҳарлар аҳоли ўсишига тайёр эмас. Бундай шаҳарлардаги одамлар ичимлик суви ва канализация билан таъминланмаган хароба уйларда яшашади. Бундай шароитда эса касаллик тез тарқалади.
Биз кўп саёҳат қилмоқдамиз
Самолётлар, поездлар ва автомобиллар вируслар бир кун ичида ярим дунёни кезиб чиқишини таъминлайди. Хитойдаги коронавирус аниқланганидан кейинги бир ҳафта ичида бу вирус дунёнинг 16дан ортиқ давлатида аниқланди.
2019 йилда жаҳондаги авиакомпаниялар 4,5 миллиарддан ортиқ йўловчи ташиди. 10 йил муқаддам бу рақам икки баробар камроқ эди - 2,4 миллиард.
Ухань - Хитойдаги муҳим транспорт узели - мамлакатнинг кўплаб темир йўллари шу шаҳар орқали ўзаро боғланади. Қолаверса, вирус тарқалиши эса сайёрадаги одамлар ҳаракатининг энг катта тўлқини арафасига тўғри келди - Хитойда янги йил байрами муносабати билан ўн миллионлаб одамлар мамлакатни кеза бошлашди.
Жаҳон тарихидаги энг йирик эпидемия 1918 йилда кузатилган. Бу испан гриппи пандемияси ёки «испанка» эди. У ҳам Биринчи жаҳон урушидан кейинги катта миграция вақтида Европада бошланганди.
Грипп уруш туфайли қочқинга айланганлар томонидан ҳам, уруш тугаб уйларига қайтган аскарлар томонидан ҳам тарқатилган. Вирус унга иммунитети тайёр бўлмаган одамлар яшайдиган ҳудудларга етиб борган.
Вирусолог Жон Оксфорд томонидан қилинган тадқиқотлардан бирида айтилишича, вирус ҳар куни юз минглаб аскарлар ўтган тайёрлов лагерларидан бирида пайдо бўлган бўлиши мумкин.
Фуқаролик авиацияси пайдо бўлмаган даврда ҳам вирус деярли бутун дунёга тарқалиб кетган. Эпидемия оқибатида 50 миллиондан 100 миллионгача киши ҳалок бўлган.
Аммо «испанка» бутун дунёни қамраб олиши учун 5-6 ой вақт кетган. Инсон бир кун ичида бутун дунёни кезиб чиқиши мумкин бўлган бугунги кунда эса янги вируслар янада тезроқ тарқалади.
Кўп гўшт, кўп ҳайвон, кўп касаллик
Эбола, SARS, энди эса Ухань коронавируси. Буларнинг бари - ҳайвонлардан юқтирилган вируслардир. Янги коронавирус дастлаб Ухандаги ҳайвонлар бозорида пайдо бўлиб тарқалгани айтилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, касаллик одамга тирик илондан юққан.
Бугунги кунда ҳар тўртта янги вируснинг учтаси зоотоник (ҳайвондан юқувчи) бўлади.
Инсониятнинг гўшт маҳсулотларига иштаҳаси кучайгандан кучаймоқда: қашшоқ мамлакатлар ривожлана бошлаб, одамлар кўп гўшт ея бошлади. Шунинг баробарида чорвачилик тармоғи ҳам ўсмоқда. Грипп каби вируслар одатда одамга хонаки жониворлардан ўтади, шу туфайли инсон вирусдан зарарланиш эҳтимоли бугун ҳар қачонгидан ҳам ортган.
Коронавируслар одамга ёввойи ҳайвонлардан ўтади. Хитойда гўшт ва тирик жонзотлар бозори жуда кўп, айниқса аҳоли зич яшайдиган туманларда. Бу ҳам сўнгги икки йирик эпидемия нега айнан шу мамлакатда тарқалганини изоҳлайди.
Бундан ташқари, шаҳарлар кенгайиб боргач, шаҳар чеккаларидаги аҳоли ёввойи жониворлар билан алоқа қила бошлайди. Шундай тарзда, масалан, Ласса иситмаси тарқалган: фермерлар далалар очиш учун ўрмонларни кесишган, у ерда яшовчи каламушлар эса фермерларнинг уйларига кўчиб ўтишган.
Биз шунчаки тайёр эмасмиз
Бугунги кунда сайёрамизнинг турли нуқталари ҳар қачонгидан кўра кўпроқ боғланган. Лекин ҳамон ҳар қандай эпидемияга жавоб қайтара оладиган глобал соғлиқни сақлаш тизими мавжуд эмас.
Эпидемияга қарши курашишни ўша вирус тарқалиши бошланган мамлакатлар ҳукуматларига ишонишга мажбурмиз. Агар ҳукуматлар буни уддалай олишмаса, бутун инсоният хавф остида қолади.
Буни бир неча йил аввал Ғарбий Африкада тарқалиши бошланган Эбола вируси ҳам кўрсатиб қўйганди. Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леоне давлатларининг соғлиқни сақлаш ҳукуматлари вирусга қарши чора топа олишмаган ва вирус қўшни мамлакатларга ҳам ёйилганди. Натижада Ғарбий Африкада эбола қурбонлари сони 11310 кишини ташкил қилганди.
Бошқа қитъалардагиларнинг бахтига Эбола вируси жуда секин тарқаладиган вируслар туридан эди, аммо грипп ёки коронавирус каби респиратор вируслар сайёра бўйлаб бирмунча тезроқ тарқалиш хусусиятига эга.
Ёмон томони шундаки, бундай эпидемиялар одатда соғлиқни сақлаш тизими қониқарли ҳолатда бўлмаган қашшоқ шаҳарлар ва ҳудудларда тарқалади. Гигиена ва санитария шароитлари ҳақида маълумотсизлик, бу борада муайян тартиботлар йўқлиги, аҳоли ўта зич яшаши - буларнинг барчаси таҳдидни оширади.
Қолаверса, бундай давлатлар «миялиларнинг кетиб қолиши»дан азият чекади - малакали шифокорлар юқори маошлар учун бой давлатларга кўчиб ўтишади.
Кам сонли давлатлардагина соғлиқни сақлаш тизимлари катта имкониятларга эга бўлишади ва эпидемия профилактикасига зарур даражада маблағлар сарфлай олишади. Чўчқа гриппи эпидемияси вақтида дунёдаги дорихоналарни янги дори воситалари босиб кетганди, аммо ўшанда кўпчилик бу чорани ҳаддан ташқари деб баҳолаган - вирус у қадар хавфли эмаслиги аён бўлганди.
Бугунги кунда зарур дори воситаларини ишлаб чиқиш учун технологиялар мавжуд бўлсада, фармацевтика компаниялари ишлаб чиқариш учун инвестиция киритишга шошилмайди. Энг ёмон ҳолатда бир неча минг киши ҳалок бўлади - бунинг учун кейинчалик кераксиз бўлиб қоладиган дорилар учун катта маблағлар сарфлаб ўтиришмайди.
Эпидемия хавфи туғилганида ҳам у қачон ва қаерда тарқала бошлашини олдиндан айтиб бўлмайди. Ҳар бир янги вирус - одамзод учун кутилмаганда келади.
Яхши муждалар
Лондон қироллик жамияти томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, бугунги кунда одамзод тарихдаги энг йирик эпидемияларга дуч келаётган бўлса-да, ўлим ҳолатлари ўтган асрлардаги эпидемиялар оқибатлари билан таққослаганда жуда кичик бўлмоқда.
Хитой каби кескин иқтисодий ўсиш кузатилган давлатларда санитар шароитлар ҳам яхшиланади, соғлиқни сақлаш тизими самарали ишлайди. Коммуникация тизимлари ҳам яхшироқ ва тезроқ ишлайди.
Даволашнинг самарали усуллари пайдо бўлади, бу усуллардан ҳамма фойдаланиши мумкин. Профилактика механизмлари ҳам ривожланмоқда, қисқа муддатларда вакциналар тайёрланмоқда.
Гарчи эпидемияларга қарши курашнинг глобал тизими ҳали мавжуд бўлмасада, бизда дастлабки босқичларидаёқ вирусга қарши кураш имкони бор.
Хитой бир ҳафта ичида минг кишилик касалхона қуришга қодир - 1918 йилда эса бу фантастика бўларди.