АЛЛЕРГИЯ ТАШХИСИ ҚАНДАЙ ТОПШИРИЛАДИ?
Бу айнан аллергиями ва у қандай бўлиши ҳақида батафсил йўриқнома.
Биринчи навбатда қайд этиш керакки, аллергияни олдиндан айтиб беришнинг имкони йўқ.
- У ҳар қандай нарсага нисбатан уйғониши мумкин. Овқатлар, ўсимлик чанги, уй ҳайвонларининг сўлаги ва юнги, ҳашаротлар чақиши, уй чанги ва моғори, маиший техника, косметика воситалари, латекс — буларнинг ҳар қайсиси сизнинг иммун тизимингизни ўта тўлқинли реакцияга келишга ундаши мумкин.
- Аллергия ҳар қандай инсонда пайдо бўлиши мумкин. Олимлар айнан қайси механизмлар иммунитетда ушбу сирли кўринишдаги носозликларни келтириб чиқаришини ҳануз аниқлаганлари йўқ. Бу шуни англатадики, дунёда аллергиядан тўлиқ ҳимояланган инсоннинг ўзи йўқ.
- У ҳар қандай вақтда юзага келиши мумкин. Агар қулупнай тановулидан кейин сизга ҳеч қандай тошма тошмаган ва дарахт чангидан бирор марта акса урмаган бўлсангиз ҳам, бу аллергия сизни чеклаб ўтиб кетган дегани эмас.
Шунинг учун, мабодо аллергия бошланганидан шубҳа пайдо бўлса, адашмаётган бўлишингиз мумкин. Лекин антигистаминларга мурожаат қилишдан олдин, бу айнан иммун тизимининг носозлигими ёки бошқа бир касаллик аломатими, аниқлаштириш зарур.
Қуйида қадам-бақадам келтирилган батафсил йўриқнома.
1. Ўзингиздаги аломатларни аллергия белгилари билан таққослаб кўринг
Аллергик реакциялар турли хил бўлади. Бироқ нисбатан тез-тез кузатиладиган аломатлар гуруҳи мавжуд:
- бурун битиши;
- аллергик тумов — бурун бесабаб оқади;
- қуруқ йўталнинг қутулиб бўлмайдиган хуружлари;
- туганмас аксиришлар;
- қичишиб ва ёшланиб турувчи қизарган кўзлар;
- ич кетиши;
- кўнгил айниши, қусишгача;
- тери қичиши, асосан доғ, тошма ва баъзида шишлар пайдо бўлиши билан бошланади.
Аллергиянинг энг оғир босқичи — анафилактик шок. Бу ҳолатда организмнинг аллергенларга нисбатан иммун томондан жавоби инсон ҳаётига хавф туғдирадиган даражада кучли бўлади. Агар сиз юз, лаб, тил, бўйин соҳаларида шиш ва шунингдек нафас олишда қийинчиликлар, бош айланиши, ҳолсизликни сезсангиз дарҳол тез ёрдам чақиринг.
2. Бу ростдан ҳам аллергия эканлигини аниқлаштиринг
Аллергия — ташхисни беморнинг ўзи ҳам қўйиши мумкин бўлган «осон» касалликлар сирасига киради. Аммо бундай қилиш ярамайди. Сабаб оддий: ўнлаб бошқа касалликлар аллергияга ўхшаб кетади — ўткир респератур вирус инфекция, гижжа ва темираткилардан тортиб астмагача.
Шунинг учун, агар ўзингизда аломатлар ва аллергик реакцияга ўхшаган белгиларни сеза бошлаган бўлсангиз, энг яхши қарор — терапевт қабулига учраш.
Шифокор сизнинг шикоятларингизни тинглаб, тиббий кўрик ўтказганидан кейин бир неча аҳамиятли саволларни беради: ҳаёт тарзингиз, тановул қиладиган маҳсулотларингиз ва дори-дармонлар, фойдаланувчи маиший техника ва косметика воситалари ва уй ҳайвонларига алоқадор. Терапевт умуман хаёлингизга келмаган касаллик ташхисини қўйиши ва паразит инфекциялар гумонини олиб ташлаш учун анализ топширишингизни сўраши ҳам мумкин.
3. Умумий иммуноглобулин Е (IgE) ни аниқлаш учун қон таҳлилини ўтказинг
Ушбу таҳлил айнан аллергияга шубҳа ортса ўтказилади. Иммуноглобулинлар — организм ўзи учун хавфли деб билган моддалар ҳужумига қарши ишлаб чиқарувчи антителадир. Хавфга қарши кураш чоғида антитела алоҳида кимёвий моддаларни чиқаради — хусусан, гистаминларни. Айнан улар аллергия аломатларини қўзғатади.
Умумий IgE таҳлилидан мақсад — қондаги антителанинг аниқ миқдорини аниқлаш. Агар у нормадан юқори бўлса (бу тест натижаларида кўрсатилади), бу аллергик реакциянинг белгиси бўлиши мумкин. Организмда IgE миқдори қанча кўп бўлса, қўзғалиш шунча фаол бўлади.
Ҳақиқатан ҳам, бу анализ аллерген айнан нима эканлигини аниқлаб бермайди. Бунинг учун қўшимча таҳлиллар ўтказилиши зарур.
Диққат қилинг! Сиз, албатта, умумий иммуноглобулин Е (IgE) учун анализни мустақил топшира оласиз. Аммо уни тўғри топшириш шифокор йўлланмаси билан бўлади. Гап шундаки, антителанинг юқори даражаси нафақат аллергиядан, балки организмдаги бошқа нохуш ҳолатлар — инфекциялар, яллиғланиш, ўсма ривожланишидан дарак бериши мумкин. Шунинг учун натижани тиббиёт ходими кўриб чиқиши керак.
4. Аллергенларингизни аниқлаш учун таҳлилдан ўтинг
Агар терапевт гап ростдан ҳам аллергия ҳақида кетяпти деб ҳисобласа, у сизни аллерголог ҳузурига юборади. Тор мутахассис сиздаги ушбу реакциянинг нимадан уйғонганини ойдинлаштиришга ёрдам беради. Бунинг икки хил усули бор.
Терида ўтказилувчи аллерго-тажриба
Бу сизнинг шахсий аллергенингизни аниқлашнинг энг арзон, тез ва ишончли йўлидир. Замонавий тиббиётда тери тестларининг уч вариантидан фойдаланишади.
Скрининг тест
Қўлнинг белги қўйилган терисига (ёки елкага — болаларда) ҳамшира махсус асбоб — скарификатор билан бир неча кичик тирнашларни амалга оширади. Уларнинг ҳар бири муайян аллергеннинг микроскопик дозасига эга бўлади. Агар беморда ушбу моддалардан бирига махсус иммун таъсир мавжуд бўлса, тахминан 15-40 дақиқа ўтгандан сўнг аниқ бўлади. Кичик тирналиш қизариб, қичишишни бошлайди, худди чивин чаққандан кейингига ўхшаш шиш пайдо бўлади. Агар реакция майдони 2 миллиметрдан ошиб кетса, аллергенга нисбатан таъсирчанлик тасдиқланган ҳисобланади.
Нотўғри натижадан қочиш учун кичик тирналишларга потенциал қўзғатувчилар суришдан олдин эҳтиёткорлик билан тузли эритма ва гистамин томизилади. Тери тузли эритмага нисбатан ўзгаришни намойиш этса, демак, у ўта таъсирчандир ва тестнинг ижобий кўрсаткичи хато бўлиши мумкин. Агар эпидермис гистаминга нисбатан ўзгариш кўрсатмаса, аллерго-тажрибанинг салбий кўрсаткичи хато бўлиши эҳтимоли бор.
Бу икки ҳолатнинг ҳар бирида ҳам, катта эҳтимол билан, қўшимча текширув ўткизишга зарурат туғилади — масалан, махсус G ва E иммуноглобулинларига қон таҳлили (батафсил маълумот қуйида).
Прик-тест
Скрининг текширувига ўхшайди, аммо яширин аллерген сурилган бемор териси тирнаш ўрнига озгина қиздирилади (prick инглиз тилидан С укол). 15-20 дақиқа ўтгач терида реакция мавжудлигига текширилади. Қизариш ва қавариқ — аллерген аниқланганининг аломати.
Патч-тест (аппликация орқали)
Тананинг орқа елка қисмига таркибида 30га яқин яширин аллергенлар мавжуд бўлган пластир ёпиштирилади. Уни 48 соатгача сақлаш зарур — бу вақт давомида сувли муолажалар ва ўта кучли терлашдан сақланиш зарур. Сўнгра шифокор пластирни кўчириб натижани баҳолайди.
Махсус G ва E иммуноглобулинларига қон таҳлили
Аллергенларни қон таҳлили орқали аниқлаш — нисбатан қиммат, кўп вақт олувчи ва аниқлиги кам бўлган жараён. Аммо баъзида тери тестидан кўра қон таҳлилини ўтказиш яхшироқ бўлган вазиятлар ҳам учраб туради. Мана улар:
- Тери аллерго-тажрибалари натижасига таъсир этиши мумкин бўлган дори воситалари қабул қилинаётган ва уларни тўхтатишнинг иложи бўлмаганда. Уларга антигистамин ва стероид таркибли воситалар, астма хасталиги учун дорилар, шунингдек баъзи антидепрессантлар киради.
- Қайсидир сабабларга кўра бемор бир неча укол ёки тирналишга чидамсиз бўлса. Бу ҳолат кўпинча кичик ёшдаги болаларга тааллуқли.
- Юрак билан муаммолар бўлганда.
- Астманинг хуружларни назорат қилиш оғир кечувчи ҳолатида.
- Экзема, дерматит, псориаз ёки бошқа тери касалликлари сабабли қўл ёки елкада зарарланмаган тери етишмаслиги.
- Қачондир сизда анафилактик шок кузатилган бўлса.
Анализ вақтида шунчаки вена томиридан қон олинади. Кейин уларни бир неча қисмларга бўлиб, ҳар бири турли шаклдаги аллергенли компонентлар — озиқ-овқат маҳсулотлари, ўсимлик чанги, кимёвий восита — моғор билан аралаштирилади. Бир неча кун ўтгач мутахассислар ҳар бир намунадаги реакцияни ўрганиб иммун таъсирчанлик даражасини ҳисоблашади.
У қанчалик фаол бўлса, айни модда сиз учун шунчалик хавфлидир.
Натижа шахсан сиз учун зарарли ва хавфсиз маҳсулотлар келтирилган жадвал кўринишида тақдим этилади. Бироқ маълумотларни изоҳлаш вазифасини мустақил равишда эмас, шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда бажариш зарур. Айнан мутахассис самарали даволашни ташкил қилади ва аллергиядан халос бўлиш учун ҳаёт тарзидаги зарур бўлган баъзи ўзгаришларга оид тавсияларни беради.