КОРРУПЦИЯ - ХАВФЛИ ИЛЛАТ
Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг мажлислар залида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишнинг долзарб масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов олиб борди.
Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси коррупцияга қарши курашиш бўлими масъул ходими Аброр Боймирзаев соғлиқни сақлаш тизимида коррупция ва ҳуқуқбузарликлар, вилоят прокуратураси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Зуҳриддин Бойзоқов “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти ва тизим билан боғлиқ жараёнлар, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилоятидаги тиббий фаолият сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Неъматулла Қирғизбоев жорий йилнинг ўтган олти ойида тизимда содир этилган ҳуқуқбузарликлар юзасидан маърузалар билан чиқдилар.
Нотиқлар соҳадаги аянчли аҳволни мавжуд далиллар билан изоҳлаб бердилар.Таъмагирлик ва фирибгарлик оқибатида фуқароларнинг тиббий хизматга нисбатан норозлик кайфияти юзага келаётганлиги, бундан ҳатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун кўрилаётган чоралар камлик қилаётганлиги қайд этилди.
Таъкидландики, мамалакатимизда тараққиёт кушандаси бўлмиш бу иллатга қарши беаёв кураш олиб борилмоқда. Тегишли қонун ижроси таъминланмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 27 майда имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда кўзда тутилган вазифалар эса ҳуқуқбузарликнинг мазкур турига нисбатан курашиш ишларини янада кучайтиришни тақозо этади.
Дарҳақиқат, соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупцион ҳолатларга чек қўйиш фурсати аллақачон етган. Афсуски, беморларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиш, баъзан шифокорлар томонидан қиммат нархлардаги дори-дармонларни ёзиб бериш, кераксиз жарроҳлик амалиётлари ўтказиш, ишга қабул қилишдаги таъмагирликлар ҳамон учраб турибди. Коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни бартараф этишнинг муҳим шартларидан бири, - аввало тиббиёт ходимлари ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қолаверса ҳар бир тиббиёт муассасасида жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйишдан иборат. Коррупция ва таъмагирликнинг пайини қирқиш барчанинг энг муҳим вазифаси эканлигини ёдда тутиш лозим. Унинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш учун ҳамма бирдек курашсагина мақсадга эришиш мумкин.
Йиғилишда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни илдизи билан йўқотиш юзасидан тавсиялар берилди.