КОМАГА ОЛИБ КЕЛАДИГАН 8 ҲОЛАТ
Инсон бу ҳолатда бир йилдан ортиқ вақт ўтказса, қайта уйғониши деярли даргумон.
Кома нима ўзи ва унинг аломатлари қандай?
Қадимги юнон тилидан олинган «кома» сўзи «чуқур уйқу» деб таржима қилинади. Ташқаридан қараганда бу узоқ вақт давом этадиган онгсиз ҳолат ҳақиқатан ҳам уйқуга ўхшайди. Бироқ, сезиларли фарқлар ҳам мавжуд.
Команинг асосий белгилари:
- Юмилган кўзлар.
- Уйғотиш имконсизлиги — бемор туртиш ва исми билан чақиришларга ҳеч қандай муносабат билдирмайди.
- Қорачиқлар ёруғликка таъсир билдирмайди. Бу бош мия найчалари рефлекси шикастланиши белгисидир.
- Оғриқни сезмайди.
- Оёқ-қўллар ҳаракатсиз. Фақатгина рефлексли ҳаракатлар мавжуд.
- Нафас олиш давом этади, аммо зўрға сезилади, тартибсиз, нафас олиш ва нафас чиқариш ўртасидаги узоқ танаффус кузатилади.
Қачон тез ёрдам чақириш керак?
Доим! Кома ўлим даражасидаги ҳалокатли фавқулодда вазият деганидир: инсон исталган сонияда ҳаётдан кўз юмиши мумкин.
Агар юқорида кўрсатилган аломатлар пайдо бўлса, дарҳол тез тиббий хизмат рақамини теринг — Ўзбекистонда 103; Россия Федерацияси, Украина, Беларусь Республикаси, Қозоғистонда 103 ёки 112; Европада ягона рақам — 112.
Комага олиб келувчи ҳолатлар
Команинг асосий сабаби мияга жиддий зарар етишидир, бу унинг фаолиятига жиддий таъсир қилади. Бу, ўз навбатида, турли сабабларга кўра юзага келиши мумкин. Қуйида нисбатан кенг тарқалган омилларни келтириб ўтамиз.
1. Бош мия жароҳати
Муваффақиятсиз йиқилиш (масалан, велосипедда ёки чанғида учганда), йўл-транспорт ҳодисаси, бошга зарба етказиш — бу ҳолатларнинг ҳар бири комага олиб келиши мумкин.
Гап шундаки, жароҳат билан қон кетиш ёки шиш пайдо бўлади. Бош суяк косаси ичидаги ортиқча суюқлик мия томирига босимни оширади. Натижада онг учун жавобгар бўлган бўлимлар зарар кўриши мумкин.
2. Инсульт
Кома ҳолатларининг 50 фоизидан кўпи мияда қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) бош мия жароҳати билан бирга кузатилиши оқибатида юзага келади.
Инсульт миянинг бир қисмига кислород ва озуқавий моддалар етиб келиши тўхтаб қоладиган ва натижада мия сўлиши кузатиладиган артериялар қисилиши ёки қон томири ёрилишида юзага келиши мумкин.
3. Қандли диабет
Қандли диабет билан қонда шакар даражаси кўтарилиши хавфи ортади. Глюкоза миқдори жуда юқори (гипергликемия) ёки аксинча, пастлиги (гипогликемия) диабетик комага олиб келиши мумкин.
4. Кислороднинг ўткир етишмаслиги
Ушбу омил мия шишига, шунингдек оқибатда унинг ҳужайралари ўлимига олиб келади. Шу сабабли, чўкиш (ҳатто чўккан киши сувдан чиқариб олинган ва юрак-ўпка реанимацияси ўтказилган бўлса ҳам) ёки юрак хуружидан (ҳатто юрак уриши ва мияга қон таъминоти тикланган бўлса ҳам) инсон комага тушиб қолиши мумкин.
5. Инфекциялар
Энцефалит ва менингит каби инфекциялар мия, орқа мия ёки атрофдаги тўқималар шишига олиб келиши мумкин. Оғир ҳолатларда бу комага туширади.
6. Заҳарланиш
Агар организм токсинларни чиқариб юборишга улгурмаса, бу мия заҳарланишига ва нейронлар ўлимига олиб келади, натижа баъзида комага айланади.
Танага ташқаридан кирадиган ис гази ёки қўрғошин шу каби токсинлар қаторига киради, шунингдек кўп миқдорда истеъмол қилинган спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар. Баъзи касалликлар ҳам мия заҳарланишига олиб келади. Масалан, жигар хасталикларида организмда токсик аммиак тўпланиши мумкин, астмада карбонат ангидрид, буйрак етишмовчилигида карбамид.
7. Томир тортишиши (судорога)
Бир марта тутилиш камдан-кам ҳолларда комага сабаб бўлади. Аммо мунтазам кузатилиши — эпилептик ҳолат деб аталадиган тури — миянинг оғир шикастланишига ва «чуқур уйқу»га олиб келиши мумкин.
8. Ўсимта
Гап мия ва унинг найчаларида ривожланадиган ўсимталар ҳақида бормоқда.
Комада қанча вақт қолиш мумкин?
Бу мия қай даражада оғир шикастланганига боғлиқ. Команинг баъзи ҳолатларидан чиқиш мумкин. Масалан, диабетик турида — одамни ҳаётга қайтариш учун қондаги шакар миқдорини имкон қадар тезроқ нормаллаштириш кифоя.
Умуман олганда, команинг бир неча ҳафтадан кўпроқ давом этиши кам кузатилади. Узоқ вақт давомида ҳушсиз бўлиб қолган одамлар, кўпинча барқарор вегетатив ҳолатга тушади. Бу шуни англатадики, тана тирик ва ўзини яхши ҳис қилади (ўлим хавфи кузатилмайди), аммо юқори ақлий фаолият йўқ — одам ҳушсиз ҳолатда қолишда давом этади.
Бир йилдан кўпроқ вақт давомида барқарор вегетатив ҳолатда бўлган одамлар уйғониш эҳтимолини йўқотишади.
Комадаги одамга қандай ёрдам бериш керак?
Фақат бир йўли бор: тез тиббий ёрдам чақиринг. Кейинги даволаниш шифокорлар томонидан белгиланади ва бу команинг сабабларига боғлиқ бўлади.
Масалан, инфекцияларда антибиотиклар буюрилади. Шиш ёки ўсмада жарроҳлик йўли билан мияга кузатилган босим бартараф этилади. Тортишишларда тортишиш фаолиятини камайтирадиган дорилар буюрилади.
Баъзида бундай даволаш тезда ёрдам беради ва бир неча соат ёки кун ичида ҳушига келади. Кейин вақт ўтиши билан у тўлиқ тикланиб олади.
Аммо бунга кафолат йўқ. Жабрланувчи дори ёки операциядан кейин ҳам комадан чиқа олмаслиги мумкин. Бундай ҳолда фақат кутиш мумкин ва даволаш организм ҳаётини сақлаб қолишга қаратилади.КОМАГА ОЛИБ КЕЛАДИГАН 8 ҲОЛАТ