АТЕРОСКЛЕРОЗ НИМА ВА ҚАНДАЙ ОЛДИ ОЛИНАДИ?
Ҳар йили текширувлардан ўтиб турмаслик ушбу хавфли касаллик жуда кеч аниқланишига олиб келади.
Атеросклероз нима?
Қон томирлари (артериялар) тананинг барча қисмларига кислород ва озуқа моддалар етказиб беради. Баъзида томирларда ёғ тўпланишлари — тошмалар пайдо бўлади. Улар туфайли томирлар торайиб боради, қаттиқлашади, органларга қон ва кислород етказиб бериш қийинлашади. Атеросклероз касаллиги айнан шунинг ўзидир.
Атеросклероз қандай аниқланади?
Аксарият кишилар аломатлар кўриниш бермагани сабабли касалликдан бехабар бўлишади. Атеросклерозни илк босқичларда мустақил аниқлашнинг асло иложи йўқ. Ҳеч бўлмаганда йилда бир марта организмни тўлиқ текширувлардан ўтказиб турмаслик оқибатида касаллик оғир даражага етиши ва ёғ қатламлари қон айланишини тўсиб қўйгандагина ундан бохабар бўлиш мумкин.
Ўрта ва оғир даражадаги атеросклероз аломатлари айнан қайси томирлар зарар кўрганига қараб фарқланади. Шифокорларнинг сўзларига кўра, тез-тез учраб турувчи ушбу хасталик бирданига бир неча орган қон томирларига таъсир қилади.
Юрак қон томирларида
Кўкрак қафасида босим ва ноқулайликни сезиш мумкин. Оғриқ орқа томон, бўйин, елка, қўл ва тирсакларга ўтиши ҳам кўп кузатилади. Яна шунингдек нафас қисиши, аритмия (юрак уриши тезлашиши), уйқусизлик ва кучли чарчоқ ҳисси ҳам пайдо бўлади.
Бош мия томирларида
Асосий аломатлари — тўсатдан қотиб қолиш ёки қўл- оёқларда ҳолсизлик, нутқ чалкашиши, яъни, тушунарсиз гап-сўз, вақтинча кўриш қобилияти сустлашиши, бош айланиши, юрганда ноаниқ қадам ташлаш, кучли бош оғриғи, ҳушдан кетиш.
Қўл-оёқ томирларида
Организмнинг бу қисмларидаги артериялар қисқарса, асосан ҳаракат давомида оғриқ ва увишиш кузатилади.
Буйрак томирларида
Буйрук артерияларидаги ёғ тошмалари буйрак етишмовчилиги ривожланишига олиб келиши мумкин. Унинг асосий белгилари: кучсизлик, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, жуда тез ёки кам сийиш, қўл-оёқларда шиш, фикрни жамлаш билан муаммолар, тери қичишиши.
Атеросклероз сабаблари нима?
Хасталик болаликдаёқ пайдо бўлиши мумкин. Сабаби айнан аниқланмаган. Одатда бу эндотелийга - артериянинг ички қатламига зарар етказиш натижасида юзага келади.
Томирларга қуйидагилар зарар етказиши мумкин:
- юқори қон босими;
- тамаки чекиш;
- холестерин ёки триглицеридлар даражаси ошиши;
- диабетнинг биринчи тоифаси;
- вазн ортиши, семириш;
- жисмоний машқлар билан шуғулланиш.
Атеросклероз нимаси билан хавфли?
Касаллик бир неча асоратларга эга бўлиб, соғлиқ ва ҳаётга таҳдид солади.
- Агар юракка борувчи артериялар торайса, қон оқими секинлашиб кетади. Бу юрак ишемик касаллиги ва стенокардиясига олиб келади. Баъзида миокард инфаркти ва ўлим билан ҳам якунланиши мумкин.
- Мияга қон етказувчи томирларнинг торайиши инсультга сабаб бўлади.
- Қўл ёки оёқ артерияларидаги тиқилишлар томир тортишишига, мушак оғриғи ва баъзи ҳолатларда гангренага олиб келади.
- Атеросклероз томир деворида аневризмани (бир ерда кенгайиш) келтириб чиқариши мумкин. Бу эса ички қон кетиши бошланиши ва қайталанишига сабаб бўлади.
Қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?
Юқоридаги аломатлардан бирини сезишингиз биланоқ.
Аввало терапевт қабулида бўлинг. У сизни текшириб, касалликка айнан қайси артериялар сабаб бўлганига қараб тор мутахассисга юборади. Юрак томирларининг атеросклерозини кардиолог ва кардиожарроҳ, мия соҳасида невропатолог, қўл-оёқларда ангиолог ёки қон томир жарроҳи, буйракни нефролог кўздан кечиради.
Атеросклероз қандай даволанади?
Бу атеросклерознинг ривожланишини секинлаштириши ва беморнинг ўзини ҳис қилишини яхшилаши мумкин.
Турмуш тарзини ўзгартириш
Аввало, шифокор сизга режим тайинлайди ва ёмон одатлардан воз кечишни маслаҳат беради. Масалан:
- Агар чекаётган бўлсангиз, чекишни ташланг.
- Холестеринни пасайтириш учун соғлом овқатланинг. Ёғ, туз ва шакарга бой бўлган овқатлардан сақланишга ҳаракат қилинг. Сабзавот ва мевалардан кўп истеъмол қилинг.
- Фаол бўлинг. Мутахассислар кунига камида 2,5 соат вақтни жисмоний бандликка сарфлашни маслаҳат беришади. Масалан, велосипед минишингиз, пиёда юришингиз ва ҳафтада икки марта спорт машқларини бажаришингиз мумкин.
- Тана массаси индексида (БМИ) 18,5 дан 24,9гача оптимал вазнни сақланг.
- Алкогол ичманг.
Вақтида олди олинган касалликдан даволаниш ҳам шарт эмас.
Дори-дармон қабул қилиш
Агар юқоридаги каби ҳаёт тарзидаги одатларни ўзгартириш ёрдам бермаса, дорилар қабул қилишни бошлаш мумкин.
Шифокорларнинг тавсияларига кўра, ҳозирги кунда атеросклерозни даволаш учун атероген липопротеинларнинг пайдо бўлишига тўсқинлик қилувчи, ичакда холестерин сўрилишини тўхтатувчи, липид метаболизм физиологик жиҳатдан яхшиловчи, ангиопротекторлар ва бошқа дори воситалари танланмоқда. Аммо фақатгина шифокорнинг қатъий назорати остида.
Жарроҳлик йўли
Агар беморда артерия тиқилиб қолиши жиддийлашса, операция қилинади. Амалиёт томир деворларидан ёғ қатламларини олиб ташлаш ва қон оқимини тиклашга ёрдам беради.
Атеросклерознинг олдини олиш мумкинми?
Юз фоиз ҳимоя қилиш имконсиз бўлса ҳам, баъзи хавф омилларини назорат қилиш мумкин.
Юқорида атеросклерозни даволаш учун турмуш тарзини ўзгартириш бўйича тавсиялар бердик. Улар касалликнинг олдини олишни истаганлар учун ҳам қўл келади.