February 15, 2020

КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ ЖАҲОН ҲАМЖАМИЯТИНИ ЖИДДИЙ ТАШВИШГА СОЛМОҚДА

Хитойда тарқалган коронавирус инфекцияси жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда. Оммавий ахборот воситаларида барилаётган хабарларда қайд этилишича, коронавируснинг янги тури кўплаб давлатларда ҳам қайд этилмоқда. Мамлакатимизда республика ҳудудига 2019-nCov коронавируси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, қулай санитария-эпидемологик осойишталикни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриб қўйилган. Шундай бўлсада огоҳликни кучайтириш, юртдошларимизнинг мазкур хавфли инфекция ҳақидаги хабардорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш ғоят муҳимдир.

Бугун Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида ўтказилган йиғилишда шу ҳақда фикр юритилди. Унга вилоят даволаш-профилактика муассасалари вакиллари, туманлардаги юқумли касалликлар шифохоналари бош шифокорлари, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мутахассисилари, марказнинг шаҳар ва туманлардаги бўғинлари раҳбарлари, дизенфекциялаш станциялари мутасаддилари таклиф этилди.

Вилоят санитария-эпидемиологик ошойишталик маркази бош врачи Рустамжон Ҳамрақулов кириш сўзида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилаётганлигига қарамай ҳамон хал этилиши зарур бўлган муаммолар мавжудлигига эътиборни қаратди. Марказ бош врачи ўринбосари Аҳмаджон Расулов коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича зудлик билан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида тушунча берди.

Йиғилишда сўзга чиққан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов короновирусга қарши курашни асло бўшаштирмаслик зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун барча зарурий чора-тадбирларни кўриб қўйиш, сафарбар этилган тиббиёт ходимлари ва мутахассислар малакаси ҳамда билим савиясини ошириш мақсадида тактик-ўқув машқларини мунтазам ўтказиш лозим. Шу билан бирга аҳолининг коронавирус хавфи тўғрисидаги тасаввурини уйғотиш учун санитария-маърифий ишларни мунтазам йўлга қўйиш, бу ўринда тасвирий тарғибот ва оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш жуда муҳим аҳамият касб этади.

Йиғилишда коронавируснинг янги тури тарқалишига йўл қўймаслик учун барча куч ва воситаларни ишга солиш, турли хизматларнинг ҳамкорликдаги самарали фаолиятини таъминлаш ҳақида фикрлашиб олинди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.