February 21, 2020

НАМАНГАНДА МАХСУС-ТАКТИК ЎҚУВ МАШҚИ ЎТКАЗИЛДИ

Хитойда кенг тарқалган коронавирус инфекцияси одамларнинг умрига зомин бўлмоқда. Ачинарлиси, бу юқумли касаллик кўплаб давлатларда ҳам қайд этилмоқда. Мамлакатимизда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилаётганлиги туфайли эпидемологик вазият барқарор бўлиб турибди. Шундай бўлсада, хотиржамликка асло йўл қўймаслик керак. Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Наманган” халқаро аэропортида ташкилланган “Халқаро аҳамиятга эга - Хитой Халқ Республикасида кенг тарқалган юқумли касалликнинг (коронавирус) кириб келиши хавфи туғилганда тегишли хизматлар ва идораларга ҳамда раҳбарларга ахборот етказиш, юзага келган хавфни бартараф этиш бўйича ҳамкорликда ҳаракатланиш”мавзусидаги махсус-тактик ўқув машқини ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам шундан иборат эди.

Бугун эрталаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари ҳамда юқумли касаллликлар шифохонлари раҳбарлари, шошилинч тиббий хизмат ходимлари, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳудудий ва қуйи тизимига кирувчи хизматлар, вилоят ва туманлар санитария-эпидемиологик ошойишталик марказлари бош врачлари, эпидемиологлар, ветеринария бўлимлари бошлиқлари ва эпизоотологлари, масалага алоқадор идора ва ташкилотларнинг куч ва воситалари аэропорт ҳудудига жамланди.

Вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссияси раиси - вилоят ҳокимининг ўринбосари П. Маткаримов махсус-тактик ўқув машқини бошқариб борди. Тегишли хизматлар билан ҳамкорликда ҳаракатланиш режалари амалда синаб кўрилди. Ўта юқумли касалликлар (коронавирус) кириб келиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлганда вилоят санитария-эпидемологик осойишталик маркази, тиббиёт, ветеренария ва бошқа тегишли хизматлар мутахассис ходимлари ишларни олиб бориши ҳамда бошқарув билан ўзаро алоқа алмашинуви бўйича ҳаракатлар кузатилди.

Карантин ва ўта юқумли касалликлар эпидемияси ва эпизоотиясига қарши профилактик чора тадбирларни, шунингдек, коронавирус касаллиги қайд этилганда, уларни бартараф этиш тадбирларини ташкиллаштириш ва амалга оширишга доир амалий кўникмалар ҳосил қилиш амалиёти синовдан ўтказилди. Вилоят санитария-эпидемолгик осойишталик маркази мутахассислари ўқув машқининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунча бердилар.

Дастур доирасида самолётда учиб келган йўловчилар орасида коронавирусга чалинганлар борлиги ҳақида шартли равишда хабар тарқалди. Барча хизматлар оёққа турди. Дастлаб ҳаво кемаси дизенфекция қилинди. Махсус тайёргарликдан ўтган шифокорлар тезкор ва белгиланган тартибда ҳаракат қилиб, бемор йўловчиларни ажратиб олишди. Улар орасида ҳомиладор аёл, жарроҳлик амалиётига эҳтиёж сезаётган одам ва юқумли касалликни бошидан кечираётган киши бор эди. Улар ҳимоя либосидаги тиббиёт ходимлари кузатувида аэропортдаги белгиланган хонага олиб кирилди. Эпдемиолог, инфекционист ва бошқа мутахассислар беморлардаги касаллик аломатларини текшириб кўриб, уларни тезкор шифохонага ётқизиш ҳақида маслаҳат беришди. Коронавирусга гумон қилинган беморлар зудлик билан махсус санитар автомашиналарга олиб чиқилди ва белгиланган шифохонага жўнатилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган ўқув машқи харитасига мувофиқ, эвокуация жараёни йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кузатувида амалга оширилди. Тез тиббий ёрдам автомашиналари вилоят юқумли касалликлар шифохонаси томон йўл олди. Мазкур тиббиёт масканида замонавий тиббий асбоб-анжомлар, зурур дори-дармонлар билан таъминланган госпитал, изолятор ва обсерватор хоналари тайёрлаб қўйилган эди. Шартли беморларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатилди ва уларни даволаш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, коронавирусга учраган беморга вилоят юқумли касалликлар шифохонаси шифокорлари, қорнида оғриқ сезган беморга РШТЁИМ Наманган филиали жарроҳлари, ҳомиладорга эса вилоят перинатал маркази акушер-гинекологлари тиббий ёрдам кўрсатишди. Касалликка чалинганлигига гумон қилинганлар коронавирус тарқатишининг олди олинди, хавф бартараф этилди.

- Машқда қийин бўлса, амалиётда осон кечади. Бугунги махсус-тактик ўқув машқида коронавирус эпидемияси кириб келган тақдирда нафақат тиббиёт ходимларининг, балки барча тизимларнинг қандай ҳаракатланиши зарурлигини бир карра амалда синаб кўрдик. Фаолиятни янада такомиллаштириш зарурлигига амин бўлдик. Энг муҳими юртдошларимизни коронавирус хавфи ҳақида огоҳ этдик,- дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов.

Шундай қилиб яна бир махсус-тактик ўқув машқи муваффақиятли якунланди. Оғир оқибатларга олиб келувчи хавфли касаллик ёйилишига чек қўйиш бўйича тегишли тузилма ва тизимларнинг маҳорати оширилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.