May 6, 2019

ДУНЁДАГИ ЭНГ СЕМИЗ БОЛАКАЙНИНГ ОШҚОЗОНИ ОПЕРАЦИЯ ЁРДАМИДА КИЧРАЙТИРИЛАДИ

Дунёдаги энг семиз йигит ҳисобланувчи покистонлик Муҳаммад Абрар операция қилинади. Болакай ғайриоддий иштаҳаси сабаб бир неча қадам ҳам ташлай олмайдиган аҳволга келиб қолган, деб хабар беради Daily Mail.

Фото: Caters News Agency

Муҳаммад Абрар туғилганида 3,5 килограмм бўлган. Бироқ шундан кейин чақалоқ семира бошланган. Бунга унинг иштаҳаси сабаб бўлгани айтилмоқда — болакай ўзидан катта уч ака-опасидан кўпроқ овқат еган. Болалигида кунига 2 литрлаб сут ичган, бу ўз тенгдошларига нисбатан 5 баробар кўп демакдир.

Муҳаммад шу қадар семириб кетганки, унинг тагликларини алмаштиришни бир киши эплай олмагани сабаб алоҳида махсус осма каравот ясатишган.

6 ёшида Абрарнинг вазни ярим центнерга етганида унинг ота-онаси ҳақиқатда хавотирга тушиб қолади: унга қадар ортиқча вазн вақт ўтиши билан йўқолиб кетади деб ўйлаб юришган. Йигитча бир неча қадамни ўзи мустақил ташлай олмагани учун шу кунгача мактабга ҳам бормаган.

Фото: Caters News Agency

Ўғлининг вазни 200 килограммга етганида унинг ота-онаси мамлакатдаги таниқли жарроҳ Мааз Ул-Хасанга мурожаат қилган ва ушбу муаммони ечими сифатида Муҳаммаднинг ошқозонини сунъий равишда кичрайтириш таклиф қилинган.

Операция у қадар мураккаб ҳисобланмайди, бироқ асосий муаммо ундан кейин бошланади. Ҳозирда Муҳаммад нонуштага тўрт ликопча гуруч ейди, операциядан сўнг эса сувуқ овқат ичиши ва мунтазам спорт билан шуғулланишга мажбур.