ҲОМИЛАДОРЛИК ВА 9 ТА КАСАЛЛИК: ҚАНДАЙ ҲИМОЯЛАНИШ КЕРАК?
«Тўққиз ой давомида ҳеч қандай касаллик безовта қилмади», деган аёлни учратганмисиз? Ҳеч бўлмаганда токсикоздан шикоят қилинади. Аслидачи, ҳомиладорлик даврида қайси касалликлар авж оладию қандай даволаш усуллари тўғри саналади?
Ҳомиладорликда грипп билан касалланиши қай даражада хавфли?
Бу касаллик ҳомиладор аёлларда зотилжам (пневмония), асаб тизими шикастланиши, сурункали касалликлар (пиелонефрит, пешоб йўллари яллиғланишлари) авж олишига сабаб бўлади. Хасталик асоратлари ҳомила тушиш хавфининг ортиши, ривожланишдан ортда қолиши, қоғаноқ суви ифлосланиши, муддатдан олдинги туғруқ ҳолатларига олиб келиши мумкин. Шу боис ўзингизда бурун битиши, йўтал, ҳолсизлик, томоқ соҳаси ачишиши, оёқ учларининг увишиши, кўнгил айниши, қайд қилиш, тана ҳарорати кўтарилиши, баъзан қориннинг пастки соҳасида оғриқ, ич кетиши каби белгиларни сезсангиз, зудлик билан эҳтиёт чораларини кўринг:
- Кўпроқ суюқлик ичинг. Агар қувватсизлик, томоқ ачишиши ёки енгил бош оғриғини сезсангиз, лимон ёки малина солинган чой ичинг.
- Томоқдаги ачишишни бартараф этиш учун лимон бўлагини оз-оздан чайнанг.
- Организмни янада зўриқтиртирмаслик учун енгил таом ва егуликлардан тановул қилинг.
- Пиёз ва саримсоқ пиёзни катта бўлакларга бўлиб, хонанинг ҳар-ҳар жойига қўйиб чиқинг. Улар ҳаводаги касаллик инфекциялари билан курашади.
- Биринчи ёрдам тадбирларидан кейин ҳам аҳволингиз ўнгланмай, мушакларда симиллаган оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат этинг.
- Томоқни ғарғара қилиш, лимон, малина, асал қўшилган сут ичишни канда қилманг.
Шифокор кўрсатмаси билан дорихонадан Фуратсилин таблеткаси ёки Хлорофилипп эритмаси харид қилиб, қайнатиб илитилган сувга аралаштириш ва 1 стакан эритма аралаштирилган сув билан кунига 3 маҳал томоқни ғарғара қилиш мумкин. Касаллик 2-3 кун ичида жадаллашиб, ҳомиладор аёл саломатлиги ва ҳомилага жиддий хавф солувчи ҳолатлар тахмин қилинса, зудлик билан шифохонага ётқизишга кўрсатма берилади.
Унутманг! Ҳомиладорларга шамоллаганда оёқларга иссиқ ванна қабул қилиш, иссиқ ҳавода буғланиш каби муолажалар мумкин эмас! Турли доривор гиёҳлардан тайёрланган препаратларни ҳам шифокор кўрсатмасисиз қабул қилманг!
Ҳомиладорликда камқонлик қандай оқибатларга олиб келади?
Камқонлик ташхисига беъетибор бўлиш жиддий асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Жумладан, ҳомила тушиш хавфи (20-42%), артериал гипотония (артериал қон босими тушиши) (40%), ҳомила йўлдошининг муддатдан эрта кўчиши (25-35%), ҳомила ривожланишдан ортда қолиши (25%) ҳамда муддатдан эрта туғруқнинг бошланиши…
Ҳомиладорликнинг 20-ҳафтасига келиб, ҳомилада темир моддасига бўлган талаб ошади ва онада темир моддасининг заҳираси деярли якунланади. Шу боис айнан биринчи уй ойликдан сўнг камқонликнинг олдини олувчи препаратлар буюрилиб, ойлик текширувдаги қон таҳлилида гемоглобин миқдори назорат қилинади. Гемоглобин миқдори меъёрдан кам бўлса, даволовчи шифокор томонидан препаратлар билан муолажа қилиш буюрилади. Таомномага ҳам гемоглобинни кўпайтирувчи маҳсулотлар (гўшт, тухум, бодом, қизил лавлаги, шивит, кашнич) киритиш тавсия этилади.
Систит муолажаси ҳомила учун зарарли эмасми?
Бу вазиятда аввало мустақил тарзда даволашга киришманг. Ҳар қандай муолажа фақат шифокор томонидан бажарилади. Систит касаллигини ўз вақтида даволашнинг муҳимлиги шундаки, унинг асоратлари жинсий аъзоларни зарарлантириб, туғруққа оз муддат қолган бўлса, турли муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, систитнинг оддий кўринишидан сурункали турга ўтиши ҳомиланинг муддатдан аввал туғилишига олиб келиши мумкин. Бу эса айниқса ҳомиладор аёлларда оз фурсат ичида юз бериши ҳам ҳеч гап эмас. Боиси касаллик инфекцияси сийдик йўли орқали тарқалиб, бачадон найлари фаолиятига ҳам таъсир этади. Касалликни даволашда сийдик таҳлили топширилгач, ундаги инфекциялар миқдорига кўра антибактериал антибиотиклар буюрилади. Шу сабаб ҳам ойлик текширув кўригида аёлнинг пешоб таҳлили олиниб, таркиби ўрганилади.
Ҳомиладорликда систитга чалинмаслик учун шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилинг. Истеъмол қилинадиган суюқлик миқдорига ҳам аҳамият беринг. Суюқлик кам ичилса, пешоб йўлларидаги инфекциялар ташқарига чиқиб кетмай, организмда турли зарарланиш ҳолатларини келтириб чиқаради.
Ҳомиладорликда молочнитса безовта қилса, нима қилиш керак?
Аввало албатта шифокорга учраб, аниқ ташхис учун таҳлил топширинг. Касаллик даражасига кўра шифокор маҳаллий ёки тизимли муолажа турини белгилайди. Кандидоз инфекцияси жинсий йўл орқали юқиши ҳам мумкин бўлгани боис эр-хотин биргаликда даволаниши тавсия этилади. Бўлажак оналар учун молочнитсадан сақланишнинг синалган усулларидан бири — истеъмол қилинадиган маҳсулотларга аҳамиятли бўлиш.
Ҳомиладорликда оёқ томирларининг варикоз кенгайишига қарши қандай чоралар кўриш мумкин?
Агар оёқларда шиш, томирларда давомий ва санчиқли оғриқ сезсангиз, муолажани кечиктирмаслик керак. Даволовчи шифокорингиз кўрсатмаси билан томирлар фаолиятини назорат қилувчи жарроҳ ҳамда флебологга мурожаат қилинг.
Ҳомиладор аёлларга варикоз касаллигида оғриқ қолдирувчи компресслар ва қон айланишини меъёрлаштирувчи препаратлар буюрилади. Жарроҳлик амалиёти, лазер нури ёрдамида даволаш эса ҳомиладорлик даврида тавсия этилмайди. Шунингдек, шифокор томонидан қон томирлари фаолиятини нормаллаштирувчи крем ва суртмалар буюрилиб, таомномага оқсил, ўсимлик ёғлари, Б, П, А, Э гуруҳ витаминларини киритиб, тана вазни ҳамда кунда ичиладиган суюқлик миқдорини назорат қилиш маслаҳат берилади. Бу даврда варикоз безовта қилса, шифокорингиз билан маслаҳатлашган ҳолда оёқнинг шикастланган соҳани махсус «чулки» ёки эластик бинт билан боғланг. Поябзалингиз пошнасининг баландлиги 3-4 см.дан ошмасин. Имкониятингиздан келиб чиққан ҳолда оёқлар учун енгил машқларни бажаринг. Агар вақти-вақти билан оёқларда увишиш кузатилаётган бўлса, демак, организмингизга кальций моддаси етишмаяпти. Бунинг учун шифокор кўрсатмаси билан кальций препаратларини қабул қилиш мумкин.
Токсикоз безовта қилганда уй шароитида нима қилиш мумкин?
Агар токсикоз хуружлари зўраяверса, албатта шифокорга учранг. Сабаби бундай хуружлар ҳомила ривожига ҳам таъсир этиб, аёлнинг ҳолсизлиги ва ҳеч нима истеъмол қилмаслиги оқибатида керакли озуқа билан таъминланмайди. Шунингдек, кучли токсикоз хуружлари вақтидаги қайт қилиш ��омила йўлдошининг эрта кўчишига олиб келиши мумкин. Токсикоз безовта қилганда уй шароитида қуйидагиларга амал қилиш аҳволни енгиллаштиради:
- Тез-тез ва кам-камдан овқатланиш токсикоз хуружларини камайтиради
- Лимон, нордон мевалар, ёнғоқ каби маҳсулотлар ҳам кўнгил айнишининг олдини олади.
- Тухум, товуқ ва балиқ гўшти, ерёнғоқ, шўр бодринг каби маҳсулотлар иштаҳангизни рағбатлантиради.
- Ширин ва аччиқ маҳсулотларни аралаштириб ейиш эса ҳазм жараёнига таъсир этиб, қайт қилишни келтириб чиқариши мумкин.
- Кечки тановулдан сўнг ярим соат тоза ҳавода сайр қилиш ҳам фойдали. Тановулдан сўнг дарҳол ўринга ётиш тавсия этилмайди.
Бўлажак оналарда аллергик ҳолатлар кузатилса, қандай йўл тутилади?
Нотўғри овқатланиш, баъзи дори препаратларининг ножўя таъсири, гормонал ўзгаришлар, аввалдан мавжуд аллергик тошмаларга мойиллик ёки айрим турдаги маҳсулотларга нисбатан юқори сезувчанликда аллергик тошмалар кузатилиши мумкин. Агар ўзингизда аллергик ҳолатлар борлигини сезсангиз, албатта шифокорга мурожаат этинг. Сабаби ҳомиладорликда аллергияга қарши препаратларнинг ҳаммаси ҳам тўғри келавермайди. Шу сабаб тери тошмалари ҳамда атроф-муҳитга нисбатан сезувчанликнинг ошишида мустақил даволаниш мумкин эмас. Бундай вақтда шифокор танланган муолажа ҳомила ривожига таъсир этмаслигини инобатга олган ҳолда препарат ёки суртмалар буюриши мумкин. Аллергиянинг барча кўринишларида ҳомиладор аёл учун парҳез тавсия этилади. Яъни цитрус мевалар, қизил рангли махсулот ва егуликлар, аччиқ-шўр ва ширинликлар, мош, қахва, помидор кабиларни бир муддат таомномадан чиқариб турган маъқул.Бу вақтда иложи борича сут-қатиқли пархезга риоя этиш маслахат берилади. Хатто чойнинг ҳам суюқроқ ва очроқ дамланганини ичиш фойдадан холи эмас.
Қон босимининг ошиши ёки пасайиши ҳақида бўлажак она нималарни билиши лозим?
Артериал қон босими кўрсаткичлари нафақат она, балки ҳомила саломатлиги учун ҳам муҳим. Агар аёлнинг қон босими ҳомиладорликдан аввал ҳам юқори бўлса, демак, касаллик сурункали тусга ўтган. Бундай вазиятда аёлдан жиддий эътибор талаб қилинади. Ҳомиладорликда қон босими юқори бўлса, ҳомилага кислород етиб бориши қийинлашади. Натижада ҳомила ривожланишдан ортда қолиши, йўлдош барвақт кўчиши, туғруқ вақтида қон кетиши, ҳомиладорлик муддатдан аввал тугаши каби ҳолатлар юзага келиши мумкин. Шу боис ҳомиладорликни режалаштираётгандаёқ қон босимини назорат қилиш жуда муҳим. Ҳомиладорликда эса руҳий стресслардан қочинг, овқатланиш тартиби ва таркибига эътиборли бўлинг, умумий ҳолатингизда бирор ўзгариш сезишингиз билан шифокорга мурожаат қилинг.
Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигидаги гормонал алмашинув жараёни артериал қон босимининг пасайишига олиб келиб, аёл ўзида ланжлик, бош айланиши, қулоқларда шовқин бўлиши, ҳаракатланиш вақтида нафас қисиши каби аломатларни сезади. Қон босиминининг пасайиб кетиши натижасида ҳомила йўлдошида қон айланиши бузилиб, йўлдош етшмовчилиги юзага келади. Оқибатда ҳомилада кислород этишмовчилиги, ривожланишдан ортда қолиш каби ҳолатлар бўлиши мумкин. Шу боис доимий назоратда бўлиш ва қон босимига таъсир этувчи ҳолатлардан сақланиш керак. Муолажаларни фақатгина шикофор билан маслаҳатлашган ҳолда амалга ошириш лозим. Таомномада ҳам қон босими пасайишига таъсир этувчи маҳсулотлар камроқ бўлишига эътибор беринг.
Ҳомиладорликда бавосил (геморрой) безовта қилса, оғриқсизлантирувчи шамча (свеча)лардан фойдаланиш мумкинми?
Хомиладорлик даврида бавосил касаллигининг келиб чиқиши кўп ҳолларда қабзият (ич қотиши) туфайли юзага келади. Қолавесра, ҳомиладорлик жараёни тўғри ичак веналарининг кенгайишига мойиллик яратади. Гормонал ўзгаришлар таъсирида ҳам ичак фаолияти сусайиши мумкин. Ҳомиладорликда бавосилнинг олдини олиш учун истемол қилинадиган маҳсулотларга эътибор бериш лозим. Сабзавот (карам, қизил сабзи, кўкатлар, қизил лавлаги, бодринг) ва мевалар (шафтоли, олма, нок) тавсия этилади. Қуритилган мевалар (туршак, олхўри қоқиси, қуритилган олма) ҳам фойдали.
Бавосил юзага келганда оғриқсизлантирувчи шамча ва суртмалардан фақат шифокор кўрсатмаси билан фойдаланиш керак. Компресс қўйиш ёки иссиқ ванна қабул қилиш мумкин эмас.
Ҳомиладорликда бавосилни жарроҳлик йўли билан даволаш тавсия этилмайди, фақатгина оғриқсизлантирувчи препаратлар ёрдамида назорат қилинади. Туғруқдан кейин эса касалликка қарши муолажаларни олиш мумкин. Соғлом она — соғлом бола! Ўзингизни авайланг!
Эксперт: Шаҳноза БАҲОДИРОВА, олий тоифали акушер-гинеколог.
Журналист: Дилдора ЮСУФБЕКОВА.