ДОИМИЙ ЖИСМОНИЙ ФАОЛЛИК ЮРАК ҚОН-ТОМИР ТИЗИМИГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР ҚИЛАДИ?
Доимий машғулотларнинг кундек равшан фойдаси ҳақида алоҳида тўхталиш шарт эмас. Улар бизни тетикроқ қилади, калориялар сарфланишини оширади ва ақлий функцияларни ҳам яхшилайди. Бироқ аниқланишича, машғулотларнинг ижобий таъсири шулар билангина чекланмайди.
Йил давомидаги мунтазам машғулотлар ёшартирувчи таъсир кўрсатади. Яқинда олимлар 75 ёшли кишилар гуруҳида қизиқ бир тажриба ўтказишди. Улардан бир қисми бир неча ўн йиллардан бери доимий равишда спорт билан шуғулланган. Бу югуриш, велосипед миниш ёки машғулотларнинг бошқа тури бўлган. Фаоллик ҳафтасига ўртача 7 соатни эгаллаган. Иккинчи гуруҳ эса камроқ фаол бўлган, бироқ ноль даражасида эмас. Бундан ташқари, тажрибада машғулотларга ҳафтасига 7 соат сарфлайдиган 25 ёшлилар гуруҳи ҳам иштирок этган.
Олимларни юрак қон-тизими ва скелет мускуллари ҳолати қизиқтирди. Тадқиқот учун мушак тўқимасининг кичик намунаси олинди. Бундан ташқари, иштирокчиларда машғулотларнинг илк дақиқаларида кислородни истеъмол қилиш ва чидамлилик ҳам баҳоланди.
Тадқиқотдаги танламанинг кичиклигига қарамай, олимлар машқлар билан шуғулланадиган 75 ёшлиларнинг юрак қон-томир тизими 45 ёшлилардаги каби экани ҳақидаги хулосага келишди. Скелет мушакларига келсак, улар 25 ёшлилар мушакларига деярли тенг бўлган.
Ёш ўтгани сайин одамда кислород истеъмол қилиш қобилияти пасаяди. Жараён 30 ёшдан кейин бошланади. Ҳар 10 йилда истеъмол қилинадиган кислород даражаси деярли 10 фоизга камаяди. Айнан шунинг учун ҳам ёши катта одамларда жисмоний машғулотлар, жумладан, тетик юриш вақтида ҳам нафас сиқилиши ва нафас билан боғлиқ бошқа муаммолар мавжуд.
Олимларнинг фикрларига кўра, кексалик вақтида ўзини нисбатан формада ушлаб туриш учун кунига ҳеч бўлмаганда 40 дақиқа пиёда юришнинг ўзи кифоя. Сузиш ҳовузи, югуриш ёки машғулотлар залига ҳафтасига бир марта бориш имконияти мавжуд бўлса, бу – нақадар ажойиб. Бу каби профилактикани 20-25 ёшда бошлаган маъқул. Ана шунда мушаклар ва юрак қон-томир тизимини яхши ҳолатда сақлаб қоласиз.