НАФАС ҚИСИШИНИ ДАВОЛАШ
Нафас қисишини келтириб чиқарувчи бир қанча омиллар мавжуд. Масалан, физиологик (табиий) нафас қисиши зинапоядан тез тушиб-чиққанда ёки автобуснинг орқасидан югурганда юзага келади. Мушакларнинг тезда қисқариб бўшаши қондаги кислород миқдорига бўлган талабини бир неча маротабагача ошириб юборади. Бош мия эса кислород етишмовчилигини рефлектор йўл билан тез нафас олиш орқали қоплашга ҳаракат қилади. Физиологик нафас қисиши йигирма дақиқадан сўнг ўтиб кетса, организм учун ҳеч бир хавф туғдирмайди. Аммо иккинчи қаватга юриб чиққанингиздан сўнг ҳам узоқ вақт нафасингиз қиса бошласа, демак танангизнинг жисмоний ҳолати ҳавас қилгудек эмас. Тана ҳолати жисмонан меёрда бўлганида нафас қисиши кам вақтларда кузатилади ва яққол намоён бўлмайди.
Нафас қисишига паталогик омиллар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, юрак-қон томир етишмовчилиги, ўпка касалликлари, камқонлик, семизлик, бронхиал астма ва бошқа турли касалликлар сабаб бўлиши мумкин.
Кескин пайдо бўлиб, бўғилишга айланиб кетадиган нафас қисиши юрак астмаси учун хос белги. Одатда бундай хуруж кечаси безовта қилади, беморнинг ранги оқаради, баданини муздек тер босади, қон босими тушиб кетади, безовталанади, нам хириллашлар пайдо бўлади.
Диққат! Кутилмаганда кучайиб борувчи нафас қисиши рўй берса дарҳол тез тиббий ёрдамни чақириш зарур. Чунки бу ҳол организмдаги аъзолар ишининг жиддий бузилишидан даракдир.
Нафас қисишларини табиий усулда бартараф қилиш учун табиий рецептлар
Нафас қисишидан халос бўлишни истасангиз, юз граммдан исириқ ва зиғирни ярим кило асалга аралаштириб, ундан бир чой қошиқда кунига уч маҳалдан истеъмол қилиб туринг.
Ҳар куни 8-10 донадан чилонжийда меваси еб юрилса, нафас қисиши даф бўлади.
Кунига 8-9 гр. райҳон сувини асал билан қўшиб ичган одам нафас танглигидан халос бўлади.
Бир граммдан мўмиё, асал ва алоэдан тайёрланган аралашма ҳар куни наҳорга истеъмол қилинса, нафас қисишига даво бўлади.
10 гр. сариқ бедани сувда қайнатиб, суви асал билан истеъмол қилинса, нафас танглигига даводир.
Арча мевасидан 30 гр. янчиб ва элакдан ўтказиб, 15 гр. мол ёғи қўшиб эзилади ва кўпиги олинган асал билан хамир қилиб бир ҳафта ялаб юрилса, балғамдан ҳосил бўлган нафас қисишига даво бўлади.
2 гр. горчитса уруғини эзиб, асал билан истеъмол қилинса, нафас танглигидан халос бўласиз.
Буғдой кепаги қайнатилган сувга шакар, асал, ширин бодом ёғи қўшиб истеъмол қилинса, нафас танглигига даводир.