April 15, 2019

ФАРЗАНДИНГИЗДА ДУДУҚЛАНИШ БОРМИ? НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

Дудуқланишнинг икки ҳил сабаби бор:

1.Миянинг фаолиятидаги кассаликлар оқибатида пайдо бўлган дудуқланиш. Масалан, ҳомиладорликнинг оғир ўтиши, туғруқдаги мия жароҳатлари, менинггит, энцефалит каби касалликлар оқибатида. Баъзан ирсий фактор таъсирида пайдо бўлади. Бундай ҳолатларда асосан медикаментоз даволаш асосий ўринга чиқади ва бир пайтнинг ўзида психолог ҳамда дефектолог бирга ишлайди.

2. Иккинчи ҳолатда танада соматоген касалликлар бўлмаганлиги ҳолда, невроз кўринишида дудуқланиш пайдо бўлади. Психологик жароҳатлар, жисмоний, ақлий ва руҳий зўриқишлар дудуқланишнинг бошланишига олиб келиши мумкин. Бу ҳолатлар болалар неврози деб аталиб, психоген жароҳат, чарчаш ва руҳий зарбалар ўтиб кетиши билан дудуқланиш ҳам ўтиб кетиши мумкин. Баъзан, ўзидан из қолдиргани ҳолда турғун ва ривожланувчи дудуқланиш пайдо бўлади.

Бундай болалар гапиришдан қўрқадилар, уялтираверишлари натижасида, жим туришни афзал кўрадиган бўлиб қолишади.

Қаттиқ қўрқиш, катта жанжалнинг гувоҳи бўлиш, калтакланиш, қоронғу ҳонада қолиб кетиши, кучук тишлаши, баландликдан йиқилиши, сувга чўкиши, аварияга учраши, иститманинг баланд кўтарилиб кетиши, ота-онасига ичикиш, ота ёки онасини йўқотиш, ўликнинг гувоҳи бўлиш каби воқеа ҳодисалар болада дудуқланишнинг бошланишига сабаб бўлади.

Дудуқланган боланинг юз мимикаларидаги тиклар, қўлдаги тремор, тирноғини тишлаши, сочини ўйнайвериши, қичиниши каби ўрганиб қолган ёмон одатлари ҳам бирга келиши мумкин. Бу болаларда уйқунинг йўқолиши, қўрқинчли тушлар кўриш, жаҳлдорлик, иштаҳанинг йўқлиги, кўп йиғлаш каби руҳий ҳолатлар ҳам бўлади. Баъзи болалар ўртоқларига, оиладаги яқинларига тақлид қилиб дудуқланадилар. Бунда тўғри тушунтириш ишларини олиб борган маъқул.

Сиз ўз фарзандингизда дудуқланиш аъломатини сездингиз, нима қилмоқ лозим?

-Энг аввало қўрқманг.

- Дудуқланишнинг сабабини топиш ва даволаш керак. Болангиздан тўғри гапириш кераклигини талаб қилиб уялтирманг ва қаттиқ гапирманг.

-Болангизнинг ёнида унинг дудуқланаётганлиги ҳақидаги тортишув ва маслаҳатларингизни қилманг.

-Ота-она бир бировингизни айблаб, сен қилдинг дейишнинг фойдаси кам.

-Болангиз аниқ бирор бир воқеа-ходиса натижасида қўрқиб, дудуқланиб қолган бўлса, бу воқеани эслатманг.

-Ҳудди шамоллаш каби, бу дудуқланиш ҳам ўтиб кетишига уни ишонтиринг.

-Чапақай бўлса, ўнгқайликка ўрганиши учун тайзиқ ўтказманг.

-Мактаби, боғчасидаги устозларига болангиздаги бу ҳолатни тушунтиринг ва мактаб ва боғчасидаги бирон бир муштлашиш, жанжалли воқеа ҳақида суриштиринг. Айбламанг, талаблар қўйманг.

-Болаларни болангиз дудуқланиши устидан кулмасликлари учун касалликни енгишига чорлаш, ҳамдард бўлиш кераклиги ҳақида маслаҳатлашинг.

-Ака-опасининг бу дудуқланишига масхара қилмаслик кераклигини уқдиринг.

-Бундай гапирма деб оғзини юмманг, балки, қандай гапириш кераклигини дона-дона қилиб тушунтиринг.

-Спорт тўгарагидаги ғолиблиги ва мағлубияти ҳақидаги маълумотларни олинг. Бокс, сузиш, дзюдо каби спорт тўғаракларига қатнашишини бироз тўхтатиб туринг.

-Невропатолог, психоневролог, психотерапевт ва психолог қабулига боргач сўнг логопед билан биргаликда шуғулланганингиз маъқул.

Фарзандингизга ишонинг ва биргаликда дудуқланишини енгинг.

Зебинисо Аҳмедова (психолог-психотерапевт)