April 9, 2019

ГАСТРИТДА ТАҚИҚЛАНУВЧИ ЕТТИ ОДАТ

Гастритга "енгил" касаллик сифатида қаралса-да, уни даволаш анча қийин. Бу касалликка қарши кураш комплекс ёндашув ва кўплаб одатларни қайта кўриб чиқишни талаб этади: таомни истеъмол қилиш частотасидан тортиб то турмуш тарзигача. Гастрит касаллигида нима қилиш мумкин эмаслигига доир маълумотлар zdorovieinfo.ru сайтида тақдим этилди.

Асабийлашиш

Ҳар қандай стресс ҳолати соғлиқ учун зарар. Инсон доим тушкун кайфиятда юриб, депрессияни енга олмаса, организм касалликка қаршилик қила олмай, унда рецидив ва салбий асоратлар кузатилади. Гастроэнтерологияда ҳатто алоҳида ташхис бор - асабийлик натижасида юзага келувчи гастрит. Инсон ўз ҳис-туйғуларини барқарор сақлаши муҳим: ишлаш суратини камайтириш, дам олиш, кўнгил ёзишни ўрганиш ва салбий таъсирдан ҳимояланиш. Агар буларнинг уддасидан чиқа олмаётган бўлсангиз, гастритдан даволаниш жараёнида психотерапевт билан ҳам маслаҳатлашинг.

Чекиш

Бу одатдан нафақат ўпка, балки бутун организм жабрланади. Шу жумладан, ошқозон-ичак тракти ҳам: чекиш давомида ошқозонга тушувчи зарарли моддалар унинг шиллиқ қаватига зиён етказади ва бу касалликнинг кучайишига олиб келади. Шунингдек, никотин туз кислотаси секрециясини кучайтиради ва у хаста органнинг шиллиқ қаватига зарар етказади. Охир-оқибат, гастрит ошқозон ярасига айланиши мумкин.

Спиртли ичимликлар истеъмоли

Касалликка қарши курашишнинг асосий шартларидан бири - тўлиқ соғайиш учун алкоголь ичимликларни умуман истеъмол қилмаслик. Спиртли ичимликлар ошқозон деворларига зиён етказади ва паталогияни чуқурлаштиради, унинг бошқа органларга зарари ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Шундай экан, алкоголдан воз кечиш фақат фойда келтиради.

Дори воситаларини ўйламай қабул қилиш

Гастритни мустақил тарзда даволаб бўлмайди. Бироқ сизда тиббий даволашни талаб қилувчи бошқа касалликлар ҳам бўлса, дори воситаларини қабул қилишдан олдин гастроэнтеролог билан маслаҳатлашинг. Бу ҳатто ошқозон билан боғлиқ бўлмаса ҳам. Зеро ҳатто оддий аспирин ҳам ошқозон яллиғланишини сезиларли даражада кучайтириши мумкин.

Спортнинг баъзи турлари билан шуғулланиш

Ўткир, эрозив ёки сурункали гастритда имкон қадар чидамлиликни талаб қилувчи жисмоний оғирликларни чеклаш керак. Оғир атлетика, узоқ масофага югуриш, яккакураш, альпинизм каби спорт турлари шулар жумласидандир. Касаллик чекинганидан кейин машғулотларга қайтиш мумкин.

Овқатланиш режимини бузиш

Даволаниш вақтида нотўғри овқатланиш шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари ва дори препаратларининг таъсирини жуда тез орада йўққа чиқаради. Гастритда даволаш парҳези касаллик туридан келиб чиқиб белгиланади: ҳаддан ташқари иссиқ ёки совуқ таом истеъмолидан сақланиш лозим. Шу билан бирга, аччиқ, қовурилган, шўр, нордон ва ширин егуликларни ҳам таомномадан чиқариб туриш керак. Умуман олганда, кунига 5-6 марта кичик порцияларда овқатланиш мақсадга мувофиқ.

Касалликка беэътибор бўлиш

Ер юзидаги деярли ҳар иккинчи одам гастрит билан касаллангани ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Уларнинг аксарияти учун бу касаллик оғир асоратларга олиб келмаслиги мумкин. Кўпчилик касалликдан хабари ҳам бўлмай, одатий турмуш тарзида яшаб юраверади ҳатто. Буларнинг бари гастритни даволаш керакмикан деган фикрни келтириб чиқаради. Гастритни даволашдан воз кечиш қуйидаги касалликларни келтириб чиқариши мумкин: ошқозон-ичак яраси, панкреатит, қон кетиши, анемия, бульбит ва охир-оқибат саратон. Шифокорлар агар ҳаётингиз ва саломатлигингизга бефарқ бўлмасангиз, гастритдан албатта даволанишни тавсия қилишади.