РЎЗА ТУТИШ УМРНИ УЗАЙТИРАДИМИ?
Олимларга кўра, агар йўл-йўриқларига тўлиқ риоя этилса, ҳатто, қисқа муддатга рўза тутишнинг инсонлар саломатлиги учун фойдаси озмунча эмас.
Бу каби хулосага ҳар доим рўза тутиш ёқимсиз бўлса керак, деб юрган олим Майкл Мослей келган.
"Шунинг учун ҳам, ўзинг рўза тутиб, шу асосда ҳужжатли фильм қилгин, дейишганида, "қандай бўларкин", деб аввалига роса иккиланганман", дейди у.
Бироқ, унинг айтишича, Horizon муҳаррири ўзини бунинг аксига ишонтирган.
У менга, "Рўза тутиб кўр, буткул янги нарсаларни кашф этасан, баданингда драматик ўзгаришлар юз беради", деди. Буни эшитиб, мен ҳам, "Хўп", дедим", дейди жаноб Мослей.
Олимнинг айтишича, узоқ муддатга оч юришга иродаси етмаса-да, нима учун камроқ овқатланиш инсон умрини узайтириши мумкинлиги сабабининг тагига етмоқчи бўлган.
Чунки неча йил умр кўришингиз асосан генлар томонидан белгиланган бўлади. Бу масалада инсоннинг қўлидан кўп нарса келмайди, дейди олим.
Калорияда чеклаш, оз, аммо соз ейиш, ҳозирча ҳайвонларда бўлса ҳам, умрни бироз узайтириши маълум.
Бунинг сичқон ва маймунларда ўз исботини топганига деярли бир асрча бўлиб қолган.
Махсус гормон
Умри 40 фоизга узайтирилган янгича турдаги сичқон бу масалада рекорд қўйган.
Ирсий муҳандислик натижасида яратилган сичқоннинг танаси қарилик ва кексалик билан боғлиқ хасталикларни келтириб чиқарувчи IGF-1 гормонини жуда кам миқдорда ишлаб чиқаради.
Жуда кам миқдорда ишлаб чиқарилган IGF-1 гени эса, асровчи вазифасини бажаради.
Профессор Лонго эса, инсонларда ана шу гормон тақчиллигини ўрганишга ҳаракат қилган.
IGF-1 гормони тақчиллиги табиий ҳолатда Laron синдромига чалинган инсонларда учраркан.
Аммо бутун дунё бўйлаб бу каби беморларнинг сони 350 нафарга ҳам етмас экан.
Кам миқдордаги IGF-1 гормони эса, одамни саратон ва қанд хасталиги каби касалликлардан асраркан.
IGF-1 гормони ҳужайраларни парчаланишга ундаб, пайдо бўлган янгилари ҳисобига танани ўстиради.
Бу организм ёш бўлган пайтда яхши бўлса-да, қариликда фойдаси кам бўлади.
Ўтказилган янги тадқиқотлар эса, еяётган овқатингизга қараб, ушбу гормон миқдорини камайтириш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Кам овқат ейиш фойда берса-да, бу ҳам етарлича бўлмас экан.
Чунки калория миқдорини камайтириш билан бирга, протеин даражасини ҳам камайтиришингиз тақозо этилади.
Шунинг учун ҳам, бу тажриба иш бериши учун тавсия этилувчи йўл-йўриқларга қатъий риоя этишингиз лозим бўлади.
Аммо кўпчилик бунинг уддасидан чиқолмайди.
Аён бўлишича, агар овқатга имконли бўлмаса, инсон танаси "ўсиш ҳолати"дан "қайта тиклаш" ҳолатига ўтади.
Агар IGF-1 гормони миқдори камайиб кетса, ҳужайраларни қайта тикловчи генлар ишга тушиб кетаркан.
Муқобил рўза
Олимлар ўзига хос тажриба ўтказиб, куноша рўзани синаб кўришибди.
Яъни, бир кун ўзингиз истаган нарсани еб (нима ейишингизнинг аҳамияти йўқ), эртаси куни жуда кам миқдорда (600 калориядан кам) таом истеъмол қиласиз.
Иллинойс Университети профессори др. Криста Варади саккиз ҳафталик ушбу тажрибани вазни оғир беморларнинг икки гуруҳида синаб кўрибди.
"Агар сиз овқат емайдиган кунларингизга қатъий амал қилсангиз, юрак, қон-томир хасталикларида оғзингиз очиқ бўлган кунларда қандай овқат ейишингизнинг фарқи йўқ экан", дейди у.
Професорга кўра, жуда ноқулай экани боис, бу каби тажрибани давом этдиришдан бош тортган.
Ўрнига 5 кун тўйиб, қолган икки кун аёл бўлсангиз - 500 калория, эркак бўлсангиз - 600 калорияга тенг таом ейиш йўлини тутган.
Инсонларда бор-йўғи саноқли тажриба ўтказилган боис, қатъий йўл-йўриқларга амал қилиш ҳам шарт, деб кўрилмаган.
"Ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, енгилгина нонушта, кун давомида кўп миқдорда сув ва доривор гиёҳлардан тайёрланган чой ичиб, енгилгина кечки овқат танаввул этсам, рўза тутган кунларимда ҳеч ҳам қийналмас эканман", дейди профессор.
Унинг айтишича, оч юрмаслиги тақозо этилган кунларда кўнгли тусаган нарсани еяверган.
Профессорга кўра, беш ҳафталик диета ортидан, беш килоча озган, қон, глюкоза ва ўсиш гормони кўрсаткичлари яхшиланган. Холестерол миқдори камайган.
Агар ўз диетамни давом этдирадиган бўлсам, сўзсиз, саратон ва қанд хасталигига чалиниш имкониятларим камаяди, дейди у.
Оч юришнинг фойдалари тиббиётда ҳали буткул ўз тасдиғини топмаган.
Ҳалиям одамнинг кунига 2.000 калорияча овқат егани маъқул, деган қараш кучли.
Агар рўза тутишни ниҳоятда истасангиз, буни барча йўл-йўриқларига амал қилган ҳолда қилган маъқул.
Чунки оч юриш ҳомиладор аёллар ва қанд хасталигига чалинган беморлар учун хавфли бўлиши мумкин.