December 28, 2019

КЎРИШ БИЛАН МУАММОЛАР ПАЙДО БЎЛГАНИНИ БИЛДИРУВЧИ КУТИЛМАГАН 10 АЛОМАТ

Кўришингиз хиралашиб бораётган бўлса, кўзингизда муаммолар пайдо бўлган. Бу ҳаммага таниш факт. Бироқ, кўриш қобилияти ёмонлашиб бораётганининг бошқа аломатлари қандай аниқланади?

Қуйида ёшга доир табиий ўзгаришларни кўз касалликларидан фарқлаш ва муаммони вақтида аниқлаш ҳақида сўз юритилади.

Кўриш муаммоларининг аломатлари

Кўз яллиғланиши

  • Кўз қизаради ва қичишади, қовоқ соҳасида шиш кузатилади. Кўздан оқмалар оқади, қуриганда қотиб қолади.

Аксарият одамларда ушбу аломат конъюнктивитдан дарак беради — қовоқ ва кўз усти пардасининг аллергия ва инфекция (бактериал ёки вирусли) билан боғлиқ яллиғланиши. Конъюнктивитда яхшилаб ювиниш, ёстиқ жилди ва сочиқни алмаштириш ҳамда бир кунга контакт линза, тушдан воз кечиш етарли. Аломатлар ва ёқимсиз ҳислар 24 соат ичида ўтиб кетиши керак. Агар ўтиб кетмаса, шифокорга мурожаат қилинг.

Агар конъюнктивит белгиларига нурга нисбатан таъсирчанлик, кўзда сузиб юрувчи қора доғлар, кўз олдида туман ва кўришнинг сусайиши қўшилса, сизда увеит касаллиги бор деса бўлади — кўз томир пардаси яллиғланиши. Бу конъюнктивитга нисбатан жиддий ҳолат, шунинг учун ҳам шифокор қабулини кечиктириш мумкин эмас.

Кўз ичи томирлари билан боғлиқ муаммолар

  • Кўзлар олдида «кўр доғ» (кўзнинг ёруғликни сезмайдиган қисми), сузувчи доғлар, иплар ёки чақмоқлар пайдо бўлади;
  • кўриш кун давомида ўзгариб туради — бир яхшиланади, бир ёмонлашади, кескин пасаяди ёки бутунлай йўқолади;
  • рангларни ажрата олиш қобилияти пасаяди.

Кўзни қон билан таъминлайдиган томирлар азият чекиши мумкин, масалан, 1 ёки 2-тоифа диабет сабабли — бу диабетик ретинопатия деб аталади. Агар аломатлар эътиборга олинмаса ва ўз вақтида офтальмологга мурожаат қилинмаса, кўриш қобилиятини йўқотиш хавфи мавжуд.

Оптик асаб муаммоси

  • «Туннелсифат кўриш» — бу кўриш майдонининг марказидаги объектлар аниқ, ёндаги нарсалар эса суст кўринувчи эффект. Ўнг ёки чапда нима борлигини кўриш учун бошни буришга тўғри келади;
  • кўз олди туманлашиши кўнгил айниши ва бош оғриғи билан бир вақтда пайдо бўлади;
  • агар оловга, масалан, кўча чироқларига қараганда, уларнинг атрофида ореоллар (ёруғ доира) пайдо бўлади.

Оптик асаб билан боғлиқ муаммолар кўпинча 60 ёшдан ошган инсонларда кузатилади ва ҳаддан ташқари баланд кўз ичи босими билан боғлиқ бўлиши мумкин — бу глаукома деб аталади. Ёшларда оптик асаб жароҳати, инфекциялар ёки тарқоқ склероз каби аутоиммун касалликлар туфайли азоб чекиши мумкин. Ўз вақтида кўрилмаган чоралар ва шифокор билан маслаҳатлашмаслик оқибатида, глаукома туфайли кўзни йўқотиш мумкин.

Кўз тўр пардаси муаммолари

  • Тўғри чизиқлар эгри кўринади, ранглар эса хира;
  • кўриш майдонининг марказида кўриш ёмонлашади — қоғоздаги ёки экрандаги сўзлар лойқа кўринади. Юзларни таниб олиш қийинлашади.

Кўз тўр пардаси муаммолари аниқ бўлмаган сабабга кўра одатда 50 ёшдан кейин кузатилади. Гап ирсият ва чекиш каби турмуш тарзига боғлиқ бўлиши мумкин. Қоида тариқасида, аввало тўғри қараганда аниқ кўришга жавобгар бўлган тўр пардаси соҳаси емирила бошлайди, у ёшга боғлиқ сариқ доғ (кўз тўрпардасининг кўриш нерви олдидаги энг сезгир жойи) дегенерацияси деб аталади. Бундай ҳолда, иложи борича тезроқ шифокорга мурожаат қилиш ва турмуш тарзини ўзгартириш ҳақида ўйлаш муҳим — чекишни тўхтатинг ва овқатланишни меъёрига келтиринг.

Кўзнинг устки линзаси яъни мугуз қавати билан боғлиқ муаммолари

  • Кўриш хиралашади ва туман босгандек кўринади.

Мугуз қавати кейинчалик олинган жароҳат, ирсий касалликлар ёки шунчаки ёшга доир ўзгаришлар сабабли хиралашиши мумкин — бу катаракта деб аталади. Катарактанинг олдини олиш иложсиз. Фақатгина жарроҳлик амалиёти орқали даволаш мумкин, унда хиралашган табиий мугуз қавати сунъийси билан алмаштирилади. Шунингдек, катарактада мутахассис билан маслаҳатлашиш ўта муҳим: баъзи инсонларда катаракта секин ривожланади ва ундан операциясиз қутулиш мумкин.

Фото: shutterstock.com

Ёшга доир ўзгаришлар

Ёш ўтиши билан организмимиз ўзгаради — у нафақат тана, тери ва сочга, балки кўзга ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Ўттиз ёшли инсонлар дунёга 16-17 ёшли ўсмирдек назар сола олмайди. Аммо бу одатий меъёр бўлиб, жиддий касаллик бошланганидан далолат бермайди.

Ёшга доир ўзгаришларнинг касалликлардан фарқи шундаки, улар вақти келиши билан ҳар бир одамда ривожланади. Уларни даволаш шарт эмас, бунинг иложи ҳам йўқ — ахир бу, айтганимиздек, касаллик ҳисобланмайди. Аммо ушбу ўзгаришлар яшашга халақит қилса, оддий лайфхаклар орқали уларни тўғирлаш мумкин.

Нурга нисбатан таъсирчанлик ортади. Ёш ўтиши билан қуёш нурларининг қор ва кўлмакларда акс этиши ёшлик чоғига қараганда кўпроқ кўзни қамаштира бошлайди. Масалан, машина ҳайдаш вақтида бу сизга халақит бермаслиги учун антишуъла таъсирга эга қопламали кўзойнак сотиб олишингиз мумкин.

Ёруғликка нисбатан талаб кучаяди. Вақт ўтгани сайин кўпчилигимизга уй ишларини бажариш учун кўпроқ ёруғлик керак бўлади. Кекса одам китоб ўқиш, тикиш ёки тўқиш учун ёшларга қараганда 3-4 баробар кўпроқ ёруғликка муҳтож. Кучли ёруғлик тарқатадиган лампа ёрдам беради.

Турли ёруғликка мослашиш кўпроқ вақт талаб этади. Яъни инсон қанча қаригани сари ер ости йўлидан ёруғ кўчага чиқишда шунча қийинчиликка дуч келади. Ҳеч кимга урилиб кетмаслик ёки фалокатга учрамаслик учун, кўзларга 30-40 сония вақт бериш керак. Шунда ҳаммаси ўз ўрнига қайтади.

Фото: shutterstock.com

Контрастга нисбатан сезгирлик пасаяди. Оқ девор фонида турган оқ ёстиқни пайқаш катталарда болаларга нисбатан кўпроқ қийинчилик туғдиради, айниқса у фото ёки суратда ифодаланган бўлса. Одатда бу вазият ҳаёт сифатига таъсир кўрсатмайди. Аммо агар сиз йўқолган нарсани узоқ вақт қидиришдан зериккан бўлсангиз, шиппак, тароқ ва телефон каби уй буюмларининг ёрқин тусдагисини танланг.

Кўриш фокуси пасаяди. Йиллар ўтиши билан фокусларни узоқ объектлардан яқинларига ва аксинча ўзгартирадиган кўз му��аклари аста-секин ўз эгилувчанлигини йўқотади. Шунинг учун, 40 ёшдан ошган аксарият одамлар ўқиш учун кўзойнакка муҳтож.

Ранг сезгирлиги пасаяди. Болага қараганда катталар учун маълум бир ранг турларини фарқлаш қийинроқ. Кекса одам тўқ кўкни жигарранг ёки қора билан чалкаштириши мумкин. Бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ, аммо уй шароитида бошқа одам ёрдамига эҳтиёж туғилиши мумкин.

Хулоса

Кўз муаммоларидан дарак берадиган кўплаб аломатлар мавжуд. Аммо уларни ёшга боғлиқ ўзгаришлар билан адаштирмаслик керак. Ҳақиқий кўриш муаммоларини аниқлашнинг энг осон усули — мунтазам равишда офтальмолог текширувидан ўтиш. Тўсатдан ёмонлашган кўриш қобилиятида ёки оғриқда дарҳол тиббий ёрдам сўраш зарур.