April 7, 2019

Қон босимини пасайтирувчи маҳсулотлар маълум қилинди

Гипертония – юқори қон босими бошқа касалликларнинг зўрайиши ва пайдо бўлиши хавфини анча ошириши мумкин. Шу сабабли қон босимини назорат қилиш ва уни дори воситаларисиз пасайтиришни билиш муҳимдир. Бу ҳақда Express нашри ёзмоқда.

Нашр томонидан сўралган шифокорлар юқори қон босимини пасайтиришда ёрдам берувчи маҳсулотларни маълум қилишган.

Тавсияларга кўра, бунда туз истеъмолини чеклаш ва ўз рационини калийга бой озиқ-овқат маҳсулотлари билан бойитиш фойдали бўлади. Калий организмга суюқликни самаралирок чиқаришга ва бунинг натижасида қон босими пасайишига ёрдам беради.

Калий ширин картошка, банан, томат соуси, апелсин шарбати ва тунец балиғида кўп миқдорда сақланади.

“Бироқ ҳаддан кўп калий ҳам зарарли бўлиши мумкин, шу сабабли бунда эҳтиёткор бўлинг”, деб огоҳлантиришган шифокорлар.

Жумладан, улар буйракда муаммоларга эга одамларга калий истеъмолини кўпайтиришни тавсия қилишмайди.

Шунингдек, қон босимини пасайтиришда озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари жисмоний машғулотлар ҳам яхши самара беради. Ҳар куни 2 соатлик жисмоний фаоллик юрак ва томирларни яхши ҳолатда сақлайди ва вазн ташлашга ёрдам беради, бу ҳам ўз навбатида қон босимини пасайтиради.